Суратда: Саудия Арабистонининг Жидда шаҳри, манба: awaytravel.ru
Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик институтининг ўқитувчиси, Ўзбекистон Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи масалалари бўйича Мувофиқлаштирувчи-методик марказ докторанти.
Айни пайтда Саудия Арабистонида тахминан бир миллиондан ортиқ Ўрта осиёликлар доимий истиқомат қилишади, уларнинг аниқ сонига оид маълумотлар мавжуд эмас. Улар ҳозирги Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном ҳудудидан ўтган асрнинг биринчи ярмида (аксарият қисми) кўчиб борган, асосан этник ўзбеклар ва уйғурлардан иборат жамоа бўлиб, умумий ном билан туркистонийлар ёки бухорийлар деб аталади. Туркистонийлар араб тилида сўзлашади, фақат жуда оз қисми (асосан катта ёшдагилари) она тилини билади.
Ватандошларимизнинг араб давлатларига ўтган аср ва ундан олдинги даврларда кўчиб бориши, у ерга кўникиб мослашиши, уларнинг она тили ва миллий маданиятини қай даражада сақлаб қолгани, қайси соҳаларда фаолият юритиши, умуман, бугунги куни ҳақида маълумотлар жуда кам. Қуйида муаллиф араб манбаларига асосланган ҳолда, ушбу мавзуни ёритишга ҳаракат қилган.
Муҳожирлик тарихи
Туркистонийлар/Бухорийлар Макка ҳамда Мадинада 100 йилдан кўп вақтдан бери истиқомат қилади. «Аш-Шарқ ал-Авсат» газетасининг ёзишича хижрий 1327 (1909) йил Макка шаҳрида бухорийларнинг сони 20 000 нафарни ёки Макка аҳолисининг 13,3 фоизини ташкил қилган. Ўша даврда Маккада араб бўлмаган энг катта этник гуруҳ бухорийлар ҳисобланган. Кейинчалик бухорийлар, иқлими нисбатан мўътадил бўлган Тоиф ҳамда Жидда шаҳарлари бўйлаб тарқалди[1]. Туркистонийларнинг Яқин Шарққа кўчиб келишини шартли равишда икки даврга ажратиш мумкин.
Биринчи давр, Хаж зиёрати билан боғлиқ бўлиб, Ўрта Осиёдан келган зиёратчиларнинг маълум қисми, ватандошларига хизмат кўрсатиш мақсадида, бу ерларда яшаб қолиб, Макка ва Мадинага яқин ҳудудларда хонақоҳлар (такялар) барпо этишган. Қуддус шаҳридаги “Завия ўзбекия” номи билан машҳур бўлган такя бунга исбот бўлиши мумкин. Масжид Ал-Ақсога туташ ердаги бу такяда хизмат қилувчи бухорийлар хонадони ўзларининг тарихини 16-17 асрларда бу ерга келиб ўрнашган Нақшбандий тариқати сўфийлари жамоаси билан боғлашади [2]. Бу турдаги хонақоҳлар 18-19 асрларда ҳам кенг фаолият олиб борганлиги тўғрисида маълумотлар бор.
Иккинчи давр, 1917 йилги Октябрь инқилоби, Ўрта Осиёдаги “истиқлолчилик” ҳаракати, Сталин қатағонлари ва ниҳоят Хитойдаги маданий инқилоб билан боғлиқ. Доктор Мунис Бухорийнинг ёзишича, Ўрта Осиёда бошланган истиқлолчилик ҳаракати муҳожирлар оқимини кўпайтирган. Шу йилларда Дамашқда ҳам уларнинг жамоаси шаклланган эди[3]. Ёқуб бин Рашид ал-Бухорий раҳбарлик қилиб турган Қуддусдаги бухорийлар жамоасига ҳам ХХ асрнинг 30-40 йилларида кўплаб Ўрта осиёлик муҳожирлар келиб қўшилган. Исроил давлати ташкил топиши билан Қуддусдаги бухорийларнинг бир қисми Иорданияга кўчиб ўтишган ва Амман шаҳрида уларнинг катта жамоаси шаклланган[4].
Биринчи босқичда Ўрта осиёлик муҳожирлар Хаж зиёрати мақсадида Саудия Арабистонига келиб Макка ва Мадина ҳамда унга яқин шаҳарларда истиқомат қилиб қолиб кетишган бўлса, иккинчи босқичда улар сиёсий ва иқтисодий сабабларга кўра Саудия Арабистонига келишган. Доктор Байрам Балчиннинг тадқиқотига кўра, 1917-1928 йилларда Ўрта осиёлик катта ер эгалари, йирик чорвадорлар, ҳунарманд оилалар ва катта савдогарлар минтақада бошланган иқтисодий-сиёсий ўзгаришлар натижасида, 1928-1939 йилларда эса сиёсий ва мафкуравий соҳалардаги ўзгаришлар ортидан асосан зиёлилар минтақани тарк этиб, Афғонистон ва хозирги Покистон ҳудудларига бориб ўрнашган. ХХ асрнинг 40 йилларига келиб, улар Карачи шаҳри орқали аввал Жиддага келади ва у ердан Хижоз бўйлаб тарқалади[5]. Муҳожирлар Саудия орқали кейинчалик Миср, Сурия, Иордания ва Уммон Султонлиги бўйлаб ҳам тарқалиб кетган. Ҳозирги вақтда Яқин Шарқдаги Дамашқ, Қоҳира, Амман каби шаҳарларда “бухорийлар кўчаси”, “ўзбеклар маҳалласи”, “ўзбеклар бозори” каби манзилларга туташ ҳудудларда Ўрта осиёлик муҳожирларнинг авлодлари истиқомат қилишади.
Ўрта осиёликларнинг кутиб олиниши ва мақомининг белгиланиши
Саудия Арабистонининг биринчи қироли Абдул-Азиз Ал-Сауд томонидан Ўрта осиёлик муҳожирлар илиқ кутиб олинган ва уларга катта меҳмондўстлик кўрсатилган. Бунинг бир қанча иқтисодий ва сиёсий сабаблари бор эди. Биринчидан, бу даврда Саудияда нефть бойликларини қазиб олиш ва уни сотиш ҳали йўлга қўйилмаган, мамлакат иқтисодиёти жуда заиф эди. Ўрта осиёлик муҳожирлар эса йирик бойлар, ҳунармандлар, савдогарлар ҳамда зиёлилардан иборат бўлганлиги боис уларга Макка ва Мадина шаҳарларида тижорат ҳамда ҳунармандчилик билан шуғулланишларига, дехқончилик қилишларига имконият берилган ва ҳатто алоҳида солиқ имтиёзлари ҳам жорий қилинган.
Қолаверса, бу даврда Саудия Арабистони қироллик хонадони бутун дунёда мусулмон умматининг етакчиси бўлишга даъво қилаётган вақтда Ўрта осиёлик дин қардошларини қабул қилишни ўзларининг диний масъулияти сифатида билишган[6]. Шу боис, Ўрта осиёлик муҳожирлар томонидан қиролга миннатдорчилик билдириб, истиқомат ҳуқуқини сўраб йўлланган мурожаатни тезда қабул қилган ва алоҳида имтиёзли истиқомат ҳуқуқини берган.
Суратда: Ўрта осиёлик муҳожирларнинг қирол Файсалга йўллаган мурожаати[1]
Ўрта осиёликларнинг дастлабки гуруҳлари саудияликлар томонидан муҳожирлар деб номланган. Исломий ақидалар асосида яшовчи саудия жамиятида мусулмон муҳожирларни ҳурмат қилишган, шу билан бирга муҳожирлик мақоми маҳаллий раҳбарлар ҳимоясида бўлиш имконини ҳам берган. Асосан ўзбеклар (кўпчилиги водий ўзбеклари) ва уйғурлар, муҳожирларнинг сони бўйича кейинги ўринларда – қирғизлар, тожиклар, туркманлар ва қозоқлардан иборат бу гуруҳнинг умумий ном билан бухорийлар ёки туркистонийлар деб номланишига оид бир қанча бир бирига яқин хулосалар бор.
Уларга кўра, маҳаллий аҳоли ҳадис илмининг етакчи намоёндаси Исмоил Ал-Бухорийга нисбатан “Имом Бухорийнинг юртидан” деган маънода Ўрта осиёликларга бухорийлар деб мурожаат қилишган. Мисол учун, ўтган асрнинг 50-йилларида Жидда шаҳридаги Ўрта осиёлик муҳожирлар истиқомат қиладиган маҳаллага Жидда шаҳри полиция бошлиғи Иброҳим Барзанжи томонидан Исмоил Бухорий шарафига Исмоил Бухорий номи берилган ва унда яшовчилар бухорийлар деб аталган[7].
Туркистонийлар ўз ичида Ўрта Осиёнинг қайси ҳудудидан келганлигига қараб исмларига Самарқандий, Тошқандий, Фарғоний, Чустий, Ўший, Қошғарий, Ёрқандий каби қўшимчаларни қўшишган.
Бироқ, йиллар ўтиб бу анъаналар ўзгарди, муҳожирларнинг дастлабки авлодлари ўз фарзандларининг исмига умумий шаклда Бухорий, Туркистоний, хўжа ёки мулла каби қўшимчаларни қўшиш билан чекланган бўлса, ҳозирга келиб бу ҳам қисқариб бормоқда.
Жисман ва руҳан саудиялик, бироқ …
Жидда шаҳрида Имом Бухорий кўчаси бор. У ўзининг Бухоро номли ресторанлари, йирик дуконлари ва савдо ярмаркалари билан машҳур. Бу кўчада истоқомат қилувчи Абдул Ваҳоб Мулланинг хотираларига кўра, бухорийлар бу ерларга кўчиб келган дастлабки вақтларда ҳам яхши яшаган, ҳалол меҳнат қилиб, маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатишган: “Бизнинг аждодларимиз Жидда шаҳрида чармга ишлов бериш ва пойабзал тайёрлаш ишларини йўлга қўйишган. Биз жиддаликларни энг сифатли чарм пойабзаллар билан таъминлаганмиз. Хозирги кунда биз бу ишни қилмаймиз, буни афғон ўзбеклари қилишади, биз катта тижорат ва ишлаб чиқариш бошидамиз”. [8]
Ўрта осиёлик муҳожирлар Саудия Қироллик хонадонига узоқ йиллардан буён садоқат билан хизмат қилиб келади. Аммо узоқ йиллик садоқатли хизматига қарамасдан, бугунги кунга қадар уларнинг сиёсий ҳуқуқлари борасида чекловлар сақлаб қолинган. Буни уларга Саудия Арабистонининг миллий паспорти берилмаслиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Туркистонийлар томонидан қиролга яшаш ҳуқуқини сўраб йўлланган тарихий хужжатда, уларга доимий истиқомат қилиш, мулк сотиб олиш ва тижорат эркинлиги каби ҳуқуқлар берилган. Дастлабки вақтларда маълум солиқ имтиёзлари ҳам берилган эди. Бироқ уларга саудия ватандошлиги берилмади, шунингдек, улар ўз тилларида ўқитиладиган мактабларни очиш, жамиятлар ва гуруҳлар тузиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум. Шунга қарамай, туркистонийлар доимий равишда қироллик хонадонининг ҳимоясида эканлиги эътироф этилади ва мамлакат тарихидаги кўплаб қироллар уларнинг махсус делегацияларини қабул қилиб келади. Жумладан, 2011 йил Қирол Абдулла Ал-Сауд (2005-2015 йиллар) Ахмад Абдураҳим Хўжа раҳбарлигидаги туркистонлийлар делегациясини қабул қилган. Қабул чоғида Абдураҳим Хўжа қирол оиласи ва қироллик хонадонига уларга яратиб берилган шарт шароитлар, имкониятлар учун миннатдорчилик билдирган. Ўз ўрнида қирол ҳам уларни ватандошлар деб атаб, туркистонликлар мамлакат равнақи йўлида катта хизматлар қилганлигини эътироф этиб, яна юз йиллар давомида қироллик ҳимоясида яшаши мумкинлигини таъкидлаган ҳолда уларни қўллаб-қувватлашини билдирган[9]. Бироқ, амалий чоралар кўрилмади.
2017 йилга келиб Саудия Арабистонида туркистонийларга берилган тарихий имтиёзларни тўхтатиш масаласи сиёсий доираларда ҳамда кенг жамоатчилик томонидан ҳам муҳокама қилина бошланди. Ўрта осиёлик муҳожирлар ҳам қиролликдаги бошқа муҳожирлар сингари қабул қилиниши кераклиги тўғрисида баҳсли мунозаралар кузатилди. 2017 йил MBC[2] телеканалида қиролликдаги туркистонийларга фуқаролик бериш масаласига оид давра суҳбати ташкил қилинди. Бу суҳбатда, мазкур масалага нисбатан саудия жамиятида умумий фикр йўқ эканлиги кўринади. Кўрсатувда айтилишича, Саудияда муқим яшаш ҳуқуқига эга бўлган қарийб бир миллионга яқин туркистонийларга Саудия Арабистони фуқаролигини бериш уларга нисбатан тарихий адолат бўлар эди.
Туркистонийларга фуқаролик бериш масаласи ҳамон очиқ муҳокамада ва ўз ечимини топмаган. Саудия Арабистонининг Япониядаги собиқ элчиси Абдулазиз Абдураҳмон фикрича, Саудиядаги Ўрта осиёлик муҳожирлар авлодларининг ҳар бири ўзларини аллақачон жисман ва руҳан судиялик деб ҳис қилишади. Шу боис уларга ватандошликни бериш адолатли қарор бўлади[11].
Шуни таъкидлаш жоизки, Саудия Арабистони ватандошлиги яъни Қироллик паспортига эга бўлмаслик туркистонийларнинг таълим, соғлиқни сақлаш, армияда хизмат қилиш, ижтимоий ҳимоядан фойдаланиш каби хуқуқларини чекламайди. Ўрта осиёлик муҳожирларнинг кўпчилиги илмли ҳамда бой савдогарлар қатламига мансуб бўлганлиги боис араб жамиятида тезда ўз ўринларини топишган ва бу ҳол хозир ҳам давом этмоқда. Улар орасидан олимлар, сиёсатчилар, ҳарбийлар, иқтисодчилар ҳамда йирик тадбиркорлар бор. Истеъфодаги генерал Бурхониддин Марғилонийнинг таъкидлашича, Саудия Арабистони қуролли кучларида ўзбеклардан чиққан 15 та генерал ва 80 га яқин майор ҳамда полковник даражасидаги офицерлар хизмат қилган. Саудия Арабистони дипломатик хизматлари, ички ишлар, хавфсизлик соҳаларида ҳам юзлаб туркистонийларни учратиш мумкин. Хусусан, Саудия ички ишлар вазири, қирол Фейсалнинг шахсий учувчиси генерал-майор Абдулҳамид Музаффархон, Саудия Арабистонининг Япониядаги собиқ элчиси (2008-2015) Абдулазиз Абдураҳмон, қироллик саройи хаттотларининг етакчиси Абдураззоқ Хўжа ёки Маккадаги Масжидул Ҳарамда 2015 йилда имомлик қилган Шайх Ҳасан бин Абдулҳамид Бухорий кабилар туркистонийларнинг йирик арбоблари ҳисобланади.
Унутилган тил ва маданият: ижтимоий адаптация ёки ассимиляция?
Муаллиф ушбу тадқиқотга тайёргарлик кўриш давомида, Twitter ва Facebook ижтимоий тармоқлари орқали Саудия ҳамда Иорданияда яшаётган ёш туркистонийлар билан мулоқотда бўлди. Улар етакчи олий ўқув юртларида таҳсил оладиган талабалар эди. Ёш туркистонийлар араб тилида ва ҳатто инглиз тилида ҳам жуда яхши гапиришади, бироқ на ўзбек, на тожик ёки турк тилларида сўзлаша олмайди. Улар айрим туркий сўзларни билишади, холос. “Ҳозирда Саудиядаги туркистонийлар ўз маданиятларини жуда оз даражада сақлаб қолганлар”, – деди уларнинг бири. “Биз борлигимизча саудияликмиз, ота- онамиз ҳам, биз ҳам Мадинада туғилиб ўсганмиз, Ўрта Осиё ҳақида китобларда ўқиганмиз холос, бизга саудиялик бўлиш афзал”, – деди бошқа суҳбатдошим. “Менинг бобом Макка шаҳрида Масжид Ал-Ҳарам яқинидаги уйида 93 ёшида вафот этди. Унда умрининг сўнги йилларини ота ватани Фарғона водийсида яшаш имкони бор эди. Бироқ у Маккани танлади. Пайғамбаримиз с.а.в.га қўшни бўлиб яшашни шараф деб билди ва шу ерда ўлишни орзу қилган эди. Мен ҳам Маккада, маккалик бўлиб яшашни шараф деб биламан” – деди яна бир суҳбатдошим, асли фарғоналикларнинг учинчи авлоди бўлмиш Аҳмад Мулла.
Назаримда, мавжуд ижтимоий шарт-шароит туркистонийларни ўз маданиятларини сақлаб қолишдан кўра, саудия жамиятига сингиб кетишни тақозо қилган. Бунда дин омили ҳам ўз таъсирини кўрсатган, албатта. Тил масаласида буни янада яққол кўриш мумкин. Бугунги кунда туркистонийлар араб тилида сўзлашишади. Фақатгина катта ёшли аҳоли орасида эски ўзбек тили (чиғатой турк тили) сақлаб қолинган, у ҳам жуда оз миқдорда. Ёшлар орасида бу тил деярли унутилган, улар баъзан оила даврасида айрим сўзларни ишлатишади, холос[12]. Саудияга кўчиб келган Ўрта осиёликлар дастлабки вақтлардан араб сўзлашув тилини ўрганишга катта эътибор қаратишган, бу биринчидан, жамиятга тезроқ “киришиб кетиш” учун, иккинчидан, Қуръон тили бўлганлиги нуқтаи назаридан муҳим эди.
Миллий байрамлар ва маросимлар ҳам исломий меъёрлар асосида бажарилганлиги боис, Саудия Арабистонидаги мавжуд анъаналар билан уйғунлашиб кетган. Ҳамма саудияликлар сингари туркистонийлар ҳам маҳаллий байрамлар ва маросимларни нишонлашади, туркий халқларга хос анъаналар эса унутилган. Шу билан бирга маданиятнинг маълум белгилари сақланиб қолинганлигини ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Ўрта Осиё ошхонасининг айрим анъаналари ҳамон сақланган, жумладан маҳаллий саудияликлар Бухороча ош (оши софи)ни Саудиянинг машҳур миллий таоми манди билан бир қаторга қўйишади, ҳаттоки ўзларининг миллий таоми сифатида кўришади.
Саудия Арабистонида туркистонийларнинг миллий жамиятлари мавжуд эмас, уларни бирлаштирувчи бирор ташкилот ёки алоҳида бир саналар белгиланмаган. Қиёслаш учун, Туркияда “Туркистонийлар тили ва маданияти жамияти”, АҚШда “Туркистон-Америка ассоциацияси” шунингдек Покистон, Эрон ва бир қатор Европа давлатларида ҳам туркистонлийларнинг жамиятлари, миллий маданият марказлари бўлиб, улар миллий тилни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш билан шуғулланишади.
Саудия Арабистонидаги туркистонийларнинг эса бундай ташкилотлари мавжуд эмас. Бунга қарамай, улар жамоавий тарзда яшашади, “Бухоро” номли ресторанларда тез-тез тўпланиб туришади. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳам бухорийларнинг алоҳида гуруҳларини учратиш мумкин. Хусусан, bukhariyon.wordpress номли блокда (Абдулазиз Азиз Андижоний) туркистонийларнинг асл ватанининг тарихи ва маданияти ҳақида маълумотлар бериб борилади. Мазкур блокнинг ўқувчилари туркистонлийлар бўлиб, улар ўзларининг ота ватанлари, Фарғона водийсидаги шаҳарлар, баъзан эса Бухоро билан қизиқишади. Ўрта осиёлик ёзувчи ва шоирларнинг асарларидан араб тилига таржима қилинган парчаларни жойлаштириб боришади. Турли ижтимоий мавзуларни араб тилида муҳокама қилишади. Хулоса қилиб айтганда бугунги кунга келиб Саудия Арабистонидаги туркистонийлар миллий ўзига хослигини анча йўқотган, тил ва миллий маданият ёш авлод орасида деярли унутилган. Бироқ саудия жамиятининг уруғ қабилачилик анъаналарига таянувчи ўта консерватив хусусиятидан келиб чиқадиган бўлсак, уларнинг бу жамиятга тўла сингиб кетиши имконсиз бир иш, назаримда.
Шукурлар айлайин такрорким васлинг насб ўлди[3]
ХХ асрнинг 90–йилларида ўзбек, тожик ва қирғиз матбуотида Саудиядаги туркистонийларнинг кўплаб ижод намуналари эълон қилинди, уларнинг тарихий ватанига ташрифлари кузатилди. Туркистонийлар орасидаги ўнлаб шоир ва ёзувчилар Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ёзувчилар уюшмаларига қабул қилинди. Улар, араб дунёси ва Ўрта Осиё ўртасида кўприк вазифасини бажариш истагида эди. Марказий Осиё республикаларидаги тарихчи, ёзувчи ва шоирлар ҳам туркистонийларнинг муҳожирлик тарихига оид асарлар яратди, илмий изланишлар олиб боришди.
Бироқ, икки минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ҳамкорликнинг юқори даражаси мавжуд эмаслиги, туркистонийларнинг ҳам тарихий ватани билан алоқасига таъсир кўрсатди. Бугунги кунда Саудияда Ўрта осиёлик муҳожирларнинг иккинчи ва учинчи авлодлари тарбияланмоқда. Улар ўзларини Ўрта Осиёга эмас, кўпроқ Саудияга дахлдор деб билишади, ўзларини туркистонийлар эмас балик саудиялик сифатида таништиришни афзал кўришади. Хулоса қилиб айтганда, туркистоний шоир Камол Андижоний ёзганидек “Қуёшли осмонингга садқа бўлсин дилу жоним, ки жондин мустаидмен хизмат, ҳар илтизомингга” каби истаклар шеърий сатрларда қолиб кетди.
Мақолада келтирилган суратлар муаллиф томонидан тақдим этилди.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Сурат манбаси https://twitter.com/hashtag/ وضع_التركستانين_في_السعوديه
[2]MBC Group Яқин Шарқдаги кўптармоқли йирик телекомпания, Саудия Арабистони эгалик қилади
[3] Камол Андижоний
Мақолада фойдаланилган манбалар:
1. فوزية عبد القادر إسلام تركستاني. التركستانيون… من هم؟2015 ع. 218 ص
2. https://qudsinfo.com/pics. الزاوية النقشبندية \ الأزبكية\ البخارية
3. qudsinfo.com/pics. الزاوية النقشبندية \ الأزبكية\ البخارية
4. مقابله مع ام عز الدين البخاري صاحبة الزاوية النقشبندية في القدس الشريف. https://ledawy.net
5. Bayram Balc, The Uzbek Community in Saudi Arabia between Assimilation and Renewed Identity//https://journals.openedition.org
6. رزان باي أوغلو البخاري. البخاريون.. من هم؟ https://pulpit.alwatanvoice.com
7. حارة “البخارية” احتضنت الفارين من جحيم الروس وتتطلع لـ “اعتراف الأمانة www.al-madina.com/article
8. حارة “البخارية” احتضنت الفارين من جحيم الروس وتتطلع لـ “اعتراف الأمانة
9. https://www.youtube.com/watch?v=JnrF46ncrMI في لتركستانيون السعودية. خيرُ خلف لخير سلف
10. https://twitter.com/MBC8PM السفير السعودي السابق في اليابان عبدالعزيز تركستاني أتمنى أن تشكل لجنة لحل أزمة ” التركستانيين”
11. السفير السعودي السابق في اليابان عبدالعزيز تركستاني أتمنى أن تشكل لجنة لحل أزمة ” التركستانيين”