Сурат манбаси: techcrunch.com
Ўзбекистон мева-сабзавот бизнеси иштирокчилари 2021 йилни қайси воқеалари билан эслаб қолишди ва умуман, бу йилги қандай муҳим воқеаларни қайд этиш мумкин?
Ўтган йил каби бу йил ҳам мамлакатимиз мева-сабзавот сектори, айниқса, шу йўналишдаги бизнес учун оғир кечди. Қиш фаслидаги об-ҳаво аномалиялари ва эрта баҳор совуқлари кўплаб данакли мевалар ҳосилига жиддий зарар етказди. Натижада, ушбу меваларнинг нархи юқори бўлиб, экспорт ҳажми ва ички истеъмол пасайишига олиб келди.
Сабзавот етиштирувчиларнинг эса шикоят қилишларига ҳеч бир асос йўқ: “олтин” сабзи, қиммат карам ва лавлаги ҳамда пиёз экспорти ҳажмининг ўсиши яхши даромад орттиришга ёрдам берди. Шунингдек, Ўзбекистонга картошка импортининг рекорд ҳажми ҳам жаҳондаги етакчи картошка экспортерлари эътиборини ўзига тортди.
Бундан ташқари, биз мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилишда янги қизиқарли тенденциялар, мамлакат мева-сабзавот саноатини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли дастур қабул қилингани, иссиқхона бизнесининг давомли муаммолари ва Ўзбекистон бозорига хорижий чакана савдо корхоналарининг фаол экспансиясини қайд этдик. Қолаверса, нишали экинлар ва янги имкониятларни ҳам унутмаймиз, айниқса, резаворларнинг рекорд даражадаги юқори нархлари фонида!
EastFruit таҳлилчилари икки қисмдан иборат мева-сабзавотчиликда 2021 йилги Топ-10 асосий воқеликларни (1-қисм ва 2 қисм) тақдим этишди. Қуйида ушбу мақолаларни қисқартирилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз.
1. Қиш фасли ва эрта баҳордаги об-ҳаво аномалиялари
Шубҳасиз, айнан об-ҳаво аномалиялари ўзбекистонлик сабзавот, мева ва ёнғоқ етиштирувчилар ҳамда мева-сабзавотларни сотиш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчилар фаолияти, энг муҳими, истеъмолчилар учун бош мавзуга айланди.
2021 йилнинг илк ойидан бошлаб, об-ҳаво Ўзбекистон боғбонлари учун кутилмаган ҳодисалар, нохуш сюрпризларни тақдим эта бошлади. Январь ойи охиридаги йилнинг шу даври учун аномал иссиқ саналган об-ҳаво табиат жуда эрта уйғонишига олиб келди – февраль ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунлигида Ўзбекистоннинг жанубий қисми ҳамда марказий зонасида бодом, ўрик, гилос гуллади. Бу об-ҳавонинг биринчи нохуш сюрпризи бўлди ва бундай аномал исиш календарь баҳорининг бошида кескин совуқ ёки музлама эҳтимолини оширди.
Кейинги сюрприз узоқ куттирмади, февраль ойи охирида боғбонларнинг хавотири реал ҳаётга кўчди – совуқ антициклон Волга минтақасидан етиб келди. Данакли мева дарахтларининг айни гуллаш даври (15-20-февраль)да Ўзбекистон пойтахтида ҳаво ҳарорати кундузи +26, кечаси +18 бўлди. Бироқ бор-йўғи бир ҳафтадан сўнг ҳаво ҳарорати куннинг иккинчи ярмида -5 даражага тушиб кетди, кечаси эса -9 даража совуқ қайд этилди. Шундай об-ҳаво 2-3 кун давом этди ва бу дарахтлардаги гулларни нобуд қилиш учун етарли бўлди.
Учинчи сюрприз ва иккинчи совуқ февраль ойи охиридаги биринчи совуқдан кейинги икки ҳафталик исишдан сўнг “келди”. 13 март куни шимолдан янги совуқ циклони етиб келди. 14 март куниёқ Фарғона водийсидан ташқари бутун республика бўйлаб ҳаво ҳарорати кескин пасайди. Қорақалпоғистон, Хоразм, Навоий ва Самарқанд вилоятларининг айрим туманларида ёққан қор ва кучли шамол электр узатгичларнинг узилишига олиб келди. Оқибатда, республикамизнинг марказий ва ўрта зонасидаги данакли мевалар ҳосили яна иккинчи аёзга учради.
2. Ўзбекистонга картошка импорти илк бор ярим миллион тоннадан ошди
2021 йилнинг январь ойи бошидан 20 декабрига қадар Ўзбекистон 516,2 минг тонна картошка импорт қилди, бу бутун 2020 йилда импорт қилинган ҳажмдан 23 фоизга кўпдир. Аввалги рекорд ўтган йили қайд этилган: EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига кўра, 2020 йилда Ўзбекистонга истеъмол картошкаси импорти 421 минг тоннани ташкил қилган.
Сўнгги бир неча йил ичида картошка Ўзбекистон мева-сабзавот секторида асосий импорт маҳсулотига айланди. 2016 йилгача картошканинг йиллик импорти ҳажми йилига 50 минг тоннадан ошмаган бўлса, 2017 йилда ушбу маҳсулотнинг импорт ҳажми 194 минг тоннани ташкил этди. Шунга кўра, 2017 йилдан 2021 йилгача импорт ҳажми 2,7 баробар ошди.
Дарвоқе, 2021 йилда картошканинг шу даражадаги юқори импортини ютуқ деб ҳисоблаш мумкин, чунки, Россияда картошка етиштириш кескин камайиши ва бошқа бир қатор сабаблар фонида Ўзбекистон, ҳақиқатан ҳам, картошка тақчиллиги муаммосига дуч келиши мумкин эди. Бироқ, ҳозирги вақтда вазиятни назорат остида деб ҳисоблаш мумкин ва нархни барқарорлаштиришга эришилди. Тўғри, нархлар 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 56 фоизга юқори.
Картошка импорти ҳажмини камайтириш учун мамлакат келгуси йили картошка экиладиган майдонларни кескин оширишни режалаштирмоқда. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда 122 минг гектар ерга картошка экиш режалаштирилган, бу 2021 йилга нисбатан 40 фоизга кўпдир. Қишлоқ хўжалиги ерларига турли экин турларини жойлаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори билан 2021 йилда картошка экиш учун 86,5 минг гектар майдон ажратилиши режалаштирилган эди.
Бундан ташқари, 2021 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Халқаро картошка маркази (СIP) ҳамкорлигида “ Картошка ва батат селекцияси ҳамда уруғчилигини йўлга қўйиш орқали Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш ва иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш” деб номланган беш йиллик дастур ишга туширилди. Мазкур дастурдан кутилаётган натижа республикада етиштирилаётган картошка ҳосилдорлигини камида 30 фоизга оширишдир.
2021 йил бошида EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистонда картошка импорти билан боғлиқ вазиятни батафсил ўрганиб чиқиб, “Ўзбекистонда картошка нархларининг кўтарилишига нима сабаб бўлди ва келажакда уни пасайтириш мумкинми?” сарлавҳали катта материалда яқин йилларда Ўзбекистонга ушбу сабзавот импортини кескин камайтириш нима сабабдан жуда қийин бўлишини тушунтириб беришган эди.
3. Олма, нок, цитруслар ва бошқа мевалар импортида божхона божларидан озод қилиниши
2021 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати бир қатор мевалар импортини рағбатлантириш, бошқа мамлакатлардан олиб кирилишида уларни импорт божларидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бундай мевалар рўйхатига сархил олма, нок ва беҳи каби кенг истеъмол қилинадиган ва экзотик мевалар – банан, плантайнлар (сархил ёки қуритилган), киви, цитрус меваларнинг сархили ёки қуритилгани, сархил ёки қуритилган хурмо, анжир, ананас, авокадо, гуайява, манго ва мангостин ёки гарциния ва сархил папайя кирди. Ушбу қарорга қадар мазкур турдаги меваларни олиб киришда 10 фоиздан 20 фоизгача, лекин ҳар бир килограмм учун 0,2 АҚШ долларидан кам бўлмаган божхона божи тўланар эди.
Мамлакат ҳукумати ушбу қарорни эълон қилганига икки ойдан сал кўпроқ вақт ўтди. Божхона тўлови олиб ташланган мевалар рўйхатидан бир неча мевалар мисолида, жумладан банан, апельсин, мандарин, олма ва нок бўйича EastFruit таҳлилчилари ҳукуматнинг бундай қарори самарадорлигини қисман баҳолашди.
Ўзбекистонда апельсиннинг улгуржи нархи ҳозирги кунда 1 кг учун 16 000 сўмни ташкил этмоқда. Бу шуни англатадики, айни дамда Ўзбекистонда апельсин 2020 йилнинг худди шу санасига нисбатан 33 фоиз арзон. Агар ўтган йили логистика харажатларининг кескин ўсгани ҳисобга олинса, бу натижа барча кутилганларидан зиёдроқ ва иқлим шароитлари туфайли апельсинни катта ҳажмда ўстира олмайдиган мамлакат истеъмолчилари учун жуда ижобийдир.
2021 йилнинг 24 декабрь ҳолатига кўра, мандариннинг улгуржи нархлари 1 кг учун 11 000 сўмни ташкил этмоқда ва бу нарх 2020 йилнинг шу санасига нисбатан деярли 2 баробар арзон! Бананнинг улгуржи нархлари 1 кг учун 16 000 сўмгача тушди ва 2021 йилнинг декабрь ойи охирига келиб, 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 11 фоиз арзонроқ бўлди.
Бошқача айтганда, импорт божларининг камайтирилиши ўзбекистонлик истеъмолчиларга қиш учун муҳим саналган ва Ўзбекистонда етиштирилмайдиган меваларни анча арзон нархларда харид қилиш имконини берди.
Олма ва нок бўйича ҳозирча вазият бутунлай тескари. 2021 йилнинг 22 октябридан 24 декабригача олманинг ўртача улгуржи нархлари 40-64 фоизга ошди. Олма навлари бўйича нарх ошиши қуйидагича: Ренет Симеренко 64%, Голден Делишес 60%, Грэнни Смит эса 40% қимматлашди. Ўзбекистонда олма 2021 йилнинг декабрь ойи охири ҳолатига кўра, ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан ўртача 2,3 баравар қимматроқ сотилган.
Худди шу даврда нокнинг ўртача улгуржи нархлари 25 фоизга ошди. 24 декабрь ҳолатига кўра, нокнинг ўртача улгуржи нархи 1 кг учун 25 000 сўмни ташкил этди, бу 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 25 фоиз юқори кўрсаткичдир.
EastFruit экспертларининг фикрича, бу Ўзбекистонга ушбу меваларни олиб киришда божларнинг нолга туширилиши ҳеч қандай натижа бермади, дегани эмас. Агар бож бекор қилинмаганида олма ва нок нархи янада қимматлашган бўлиши мумкин эди. Нархлар кўтарилишининг асосий сабаби шарҳимизнинг биринчи бандида қайд этилган об-ҳаво аномалиялари бўлиб, бу маҳаллий мева етиштириш ҳажмининг пасайишига олиб келди. Жорий йилда транспорт нархи 2-3 баробар ошгани ҳамда Ўзбекистоннинг жаҳон бўйича олма етиштирувчи асосий марказлардан узоқда жойлашгани туфайли импорт қилинган олма ҳам нисбатан қиммат бўлиши мумкин.
4. 2021 йилнинг “олтин” сабзиси
Ўзбекистонда аҳоли жон бошига сабзи истеъмол қилиш даражаси Шарқий Европа мамлакатларига нисбатан юқори. Бунинг асосий сабаби шундаки, сабзи энг машҳур анъанавий ўзбек таоми – паловнинг ажралмас қисми ҳисобланади. 2021 йилгача палов нархи асосан гўшт, гуруч ва ўсимлик ёғи нархлари билан белгиланган бўлса, бу йилги сабзи нархлари унинг палов тайёрлаш таннархидаги улушини ошириб юборди, чунки, сабзи нархи том маънода барча рекордларни янгилади.
EastFruit мутахассисларининг ёзишича, ҳаммаси Россия бозорида сабзи ва лавлагига талаб ортиши билан бошланди. У ерда одамлар ҳазил тариқасида сабзи ва лавлагини истеъмол қилиш бойликнинг янги рамзлари деб атайдиган ҳам бўлишди. Табиийки, Россия импортёрлари сабзи ва лавлагини барча қўшни давлатлар, жумладан, Ўзбекистондан ҳам харид қила бошлашди, бу эса ички бозордаги нарх тез ошишига сабаб бўлди. 2021 йилнинг июнь ойида чоп этилган “Россияда сабзи қимматлиги сабаб, Ўзбекистонда паловнинг таннархи ошмоқда!” сарлавҳали материалда Ўзбекистондаги сабзи нархлари динамикаси ушбу маҳсулотнинг Россия, шунингдек, қўшни Тожикистондаги нархлар ҳаракатини қандай такрорлаши кўрсатилган. Умуман олганда, хулоса аниқ эди – Россия Ўзбекистон мева-сабзавот маҳсулотларининг энг йирик ва асосий экспорт бозори бўлгани сабабли у ердаги айрим маҳсулотлар нархи ошиши Ўзбекистонда ҳам айнан шу товарлар нархи ўсишида акс этади.
Бироқ, 2021 йил июль ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистонда сабзи нархига ташқи бозорларнинг таъсири барҳам топди, чунки, бу вақтга келиб Россиядаги ушб сабзавотга бўлган ажиотаж аллақачон пасайган эди. EastFruit таҳлилчилари 2021 йилнинг 16 июлидаёқ, Ўзбекистонда сабзи нархларининг кейинги динамикаси ички бозордаги талаб ва таклиф нисбатига боғлиқ бўлишини, бироқ, сабзининг улгуржи нархлари юқорилигича қолишда давом этаётганини ва аввалги йилларга нисбатан бир неча баробар юқори бўлганини қайд этишди.
Иқлим шароитидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда сабзи йилига тўрт бор экилади ва ҳосил йиғиб олиш даври – март-апрель, май-июнь, июль, кечпишар сабзи ҳосили йиғиб олиш даври эса сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади. Бироқ, 2021 йилда ҳатто учинчи ҳосил йиғиб олингач ҳам сабзи нархи юқорилигича қолди. Нархлар 2021 йил август ойининг учинчи ўн кунлигидан бошлаб пасая бошлади, бироқ пасайиш суръати суст ва нархлар эса ўтган йилгидан бир неча баробар юқори эди.
2021 йилнинг октябрь ойи ўрталарида EastFruit 2021 йилда Ўзбекистонда сабзи етиштириш ҳажми камайган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди, чунки, эрта баҳордаги аёзлар эртаги сабзи ҳосилига салбий таъсир кўрсатгани, қуруқ ва иссиқ ёз эса ўртапишар ва кечпишар сабзи ҳосилини камайтириб юборган бўлиши мумкин. Таҳлилчилар фикрига кўра, Ўзбекистонда сабзи нархининг бундай кескин ошиши катта эҳтимол билан икки омил уйғунлиги – биринчи ярим йилликда экспорт ҳажми ошиши ва сабзи ҳосили камайиши билан боғлиқ.
Сабзи нархининг сезиларли даражада пасайиши ва ўтган йилги кўрсаткичлардан фарқнинг қисқариши фақат 2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида, кечпишар сабзи йиғим-терим якунида содир бўлди. 2021 йилнинг 5-12 ноябрь кунлари сабзининг ўртача улгуржи нархлари 1 кг учун 4500 сўмдан 3000 сўмга тушди ва шу кунга қадар худди шу ҳолатда сақланиб турибди (яъни, 2021 йилнинг декабрь ойи охиригача).
5. Пиёз ва карам етиштирувчилар учун омадли йил
2021 йилда эртаги пиёзнинг биринчи партиялари улгуржи бозорларда апрель ойининг биринчи ўн кунлигида пайдо бўлди ва ўша ой Россияда ўтган йилги ҳосилдан юқори сифатли пиёз танқислиги кузатилди. Россия супермаркетлар тармоқлари сифатсизлиги сабабли маҳаллий пиёз харид қилишни сезиларли даражада камайтирди ва Марказий Осиё давлатларидан юқори сифатли янги ҳосил маҳсулотлари етказиб берилишини кутаётган эди. Шундай қилиб, Россия бозорига экспорт мавсуми ушбу минтақа мамлакатларининг пиёз етиштирувчилари учун жуда муваффақиятли бошланди.
Бундан ташқари, Россияда маҳаллий эртаги пиёзни бозорга чиқиши мавсуми ўтган 2020 йилга нисбатан деярли 2 ҳафта кеч бошланди, бу эса ўз навбатида, Марказий Осиёдан Россия бозорига пиёз экспорти мавсумини яна икки ҳафтага узайтирди.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистондан пиёз экспорти мавсуми июль ойида тугайди, бироқ 2021 йилда Ўзбекистон экспортёрлари учун ташқи бозорларда юзага келган қулай вазият жорий йилги мавсумни октябргача узайтириш имконини берди. Хусусан, 2021 йилнинг август-октябрь ойларида Ўзбекистон 11,3 минг тонна пиёз экспорт қилди. Умуман олганда, 2021 йилнинг апрель-декабрь ойларида Ўзбекистондан ушбу турдаги сабзавот экспорти 184,3 минг тоннани ташкил этди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 20 фоизга кўпдир.
Худди шундай ҳолат оқ бошли карамда ҳам кузатилди. 2021 йил март ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистондаги деҳқон бозорлари ва супермаркетларда эртаги карам пайдо бўлди. Эртаги карам мамлакат экспортидаги энг муҳим маҳсулотлардан бири бўлиб, унинг экспорти, кўпинча, маҳсулот ички бозорда пайдо бўлишидан аввал бошланади. Асосий импортёрлар Россия, Украина ва Беларусь бўлиб, ушбу мамлакатларда маҳаллий карам кечроқ пишиб етилади.
2021 йили Украина, Россия ва Беларусда баҳор совуқ келгани сабаб эртаги карам йиғим-теримининг бошланиши ўртача икки ҳафтага сурилди. Шу боис, Ўзбекистондан оқ бошли карам экспорти мавсуми қўшимча икки ҳафтага узайди. 2021 йилнинг апрель ойидаёқ, EastFruit таҳлилчилари 2021 йилда эртаги ўзбек карамининг экспорти ҳажми ошишини тахмин қилишган эди.
Натижада, 2021 йилнинг март-май ойларида Ўзбекистон 67,5 минг тонна оқ бошли карам экспорт қилди, унинг қиймати эса 10,2 миллион долларни ташкил қилди. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан жисмоний жиҳатдан 30 фоизга кўпдир. Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилнинг март-декабрь ойларида Ўзбекистон 81,3 минг тонна оқ бошли карам экспорт қилган (қиймати 12,4 миллион долларлик), бу 2020 йилнинг март-декабрь ойларига нисбатан жисмоний жиҳатдан 35 фоизга кўпдир.
6. Қиммат резаворлар ва ушбу йўналишдаги бизнесда амалга оширилмаган имкониятлар
Якунига етаётган йил қулупнай ва малинанинг юқори нархлари билан ҳам ёдда қолди. Қулупнай улгуржи бозорларда тахминан 20 апрелдан ўртача 60 минг сўм/кг нархда пайдо бўлди, бу ўтган йилнинг худди шу санасидаги нархдан 3 баробар юқори кўрсаткичдир. Икки ҳафтадан сўнг улгуржи нархлар 25 000 сўм/кг гача тушди, бироқ, бу нарх ҳам 2020 йилнинг шу санасига нисбатан 2 баробар юқори бўлди. Қулупнай мавсуми июнь ойининг биринчи ўн кунлигида якунланди ва ўша пайтга келиб, улгуржи нархлар атиги 20 минг сўм/кг гача тушди, бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 30 фоиз қимматроқ кўрсаткичдир.
Ўзбекистоннинг улгуржи бозорларида биринчи йирик партиядаги малиналар июнь ойи бошида пайдо бўлди ва мавсум ноябрь ойининг ўрталарида якунланди. Ўртача улгуржи нархлар 21 000 – 55 000 сўм/кг оралиғида ўзгариб турди. Бутун 2021 йилги мавсумда ўртача улгуржи нархларнинг ўтган йилги даражадан фарқи анча сезиларли бўлди: улгуржи нархлар 2020 йилга нисбатан 20-65 фоиз, 2019 йилга нисбатан эса 2-3 баробар юқори эди. Бироқ, нархларнинг бундай кўтарилиши, малина, асосан, музлатилган ҳолда сотиладиган жаҳон бозорида нархларнинг юқори даражада ошиши билан солиштирилганда жуда оддий эди.
Бундай юқори нархлар фонида 2021 йилда Ўзбекистон илк бор Тожикистондан малина импорт қила бошлади ва бу резаворнинг қўшни мамлакатдаги нархини ошишига олиб келди.
Бироқ, юқори нархларга қарамай, 2021 йилда Россия бозорига Ўзбекистондан музлатилган малинанинг биринчи тарихий экспорти амалга оширилди. 2021 йилнинг биргина август-сентябрь ойларида Ўзбекистон Россияга жами 83 тонна музлатилган малина экспорт қилди.
Ўзбекистон қулай иқлим шароити ва арзон ишчи кучи мавжудлигига қарамай, резавор бизнесидаги имкониятларни амалда эътиборсиз қолдираётгани EastFruit таҳлилчилари томонидан бир неча бор қайд этилган. Аммо мамлакатда вазият ўзгара бошлаганга ўхшайди: 2021 йил кузида Фарғона вилоятининг Фарғона туманида янги малина плантацияларини барпо этиш бўйича ишлар бошланди. Уларнинг умумий майдони 300 гектарни ташкил этади.
7. Мева-сабзавот экспортининг янги трендлари
EastFruit таҳлилчилари Ўзбекистонда мева-сабзавот маҳсулотларининг халқаро савдосидаги жуда муҳим ва узоқ кутилган тенденцияни қайд этишди – 2021 йилда музлатилган сабзавот ва мевалар экспорти ҳажми 2020 йилга нисбатан икки баробардан зиёдроқ ошди. Бундан ташқари, музлатилган мевалар экспорти таркибида юқорироқ нарх тоифасидаги маҳсулотлар томон силжиш кузатилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистон 9,3 миллион долларлик 12,1 минг тонна музлатилган сабзавот экспорт қилган. Бу 2020 йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 2 баробар, экспорт тушумлари бўйича эса 2,3 баробар кўп кўрсаткичдир.
Музлатилган меваларга келсак, ушбу тоифадаги маҳсулотлар экспорти ҳажми 7,6 миллион долларлик 5,8 минг тоннани ташкил этди, бу эса ўтган йилга нисбатан жисмоний жиҳатдан 2,1 баробар, тушум миқдори бўйича эса 2020 йилги кўрсаткичлардан 2,5 баробар кўпдир.
Ўзбекистон 2021 йилда ерёнғоқ экспортини ҳам кескин оширди. Жисмоний жиҳатдан ушбу маҳсулот экспорти 2020 йилдаги кўрсаткичдан 67 фоиз, 2019 йилга нисбатан эса 2 баробар ошди. Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистон 23 миллион долларлик 21,7 минг тонна ерёнғоқ экспорт қилган. Шу билан бирга, Ўзбекистондан ерёнғоқ экспортининг энг катта ўсиши Хитой йўналишида кузатилмоқда. 2020 йилгача Хитой бозорига бу маҳсулот етказиб берилмаган бўлса-да, 2020 йили 400 тонна экспорт қилинган, 2021 йилда Ўзбекистон бу мамлакатга ерёнғоқ экспортини 2020 йилга нисбатан 5,5 баробар оширди! Ва Хитойга ерёнғоқ етказиб беришнинг ўсиш салоҳияти ҳақиқатан ҳам жуда юқори. Асосий импортёр давлатлар бўйича ерёнғоқ экспорти структураси ҳақида 2021 йилнинг 17 декабрида эълон қилинган EastFruit материалини ўқинг.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон фермерлари анор плантацияларини фаол равишда кенгайтирмоқда. EastFruit мутахассисларининг фикрича, янги плантациялар барпо этиш режаларидан келиб чиққан ҳолда ва мавжудларини ҳисобга олиб, яқин 5-10 йил ичида республикада йиллик анор етиштириш ҳажми 600 минг тоннага етиши мумкин. Шубҳасиз, ички бозор бундай ҳажмдаги анорни “ҳазм қила олмайди” ва бу билан маҳсулот экспортини кўпайтириш мўлжал қилинмоқда.
Статистик маълумотлардан кўриниб турибдики, ўзбек анори экспортини кўпайтириш борасида сезиларли муваффақиятларга эришилди – кетма-кет иккинчи йилдирки, ташқи бозорларга янги ҳосил анорларини жўнатиш ҳажми ортиб бормоқда. Ўзбекистондан анор экспорт қилиш мавсуми август ойида бошланади (эртаги навлар ҳосилини йиғиш июль ойи охирида бошланади) ва келгуси йилнинг февраль-март ойларида тугайди. Шундай қилиб, 2021/2022 йилги мавсумнинг катта қисми ортда қолди. Дастлабки маълумотларга кўра, 2021 йилнинг август-декабрь ойларида Ўзбекистон 10,9 миллион долларлик 14,7 минг тонна анор экспорт қилган. Бу 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 32 фоизга, 2019 йилнинг август-декабрига нисбатан 50 фоизга кўпдир.
8. Ўзбекистонда банан истеъмолининг ўсиши
2021 йилнинг 11 ойи давомида Ўзбекистон 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 баробар кўп банан импорт қилди. Боз устига, 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида ушбу маҳсулот импорти ҳажми ўтган 2020 йилдаги йиллик импорт ҳажмидан қарийб 2 баробар юқори ва 2019 йилга нисбатан 64 фоиз кўп бўлган.
EastFruit таҳлилчилари 2021 йилда Ўзбекистонда банан истеъмолининг ўсиш тренди давом этиши ва бундай катта ўсишнинг уч сабабини кўрсатмоқда:
Биринчидан, миш-мишларнинг таъсири (коронавирус пандемияси бошланганда бананлар ҳақидаги асоссиз миш-мишлар), эҳтимол, 2021 йилга йўққа чиққан кўринади.
Иккинчидан, 2021 йилда кузатилган об-ҳаво аномалиялари туфайли кўп турдаги данакли мевалар ва умуман, мева-сабзавотларнинг нархлари нисбатан юқори бўлди. Ўрик, гилос (камида мавсумнинг биринчи ярмидаги), олманинг эртаги ва ўртапишар навлари ҳамда нок (бутун мавсум давомидаги) билан солиштирилса, 2021 йилда банан нисбатан арзон мева бўлди.
Учинчи сабаб – мамлакатдаги банан савдосига жуда муҳим таъсир кўрсатувчи супермаркетлар тармоғининг кенгайишидир. Супермаркетлар учун банан жуда қулай маҳсулотдир, чунки, уни бутун йил давомида тўғридан-тўғри импорт қилиш ва ҳажми юқори бўлганлиги сабабли бозорлардаги сотувчилардан кўра арзонроқ сотувга қўйиш мумкин. Шундай экан, банан Ўзбекистон супермаркетларида энг кўп сотиладиган мева ҳисобланади. Шунга кўра, мамлакатда супермаркетлар тармоғи дўконлари сони ортган сари банан истеъмоли ҳам ортади.
9. Мева-сабзавот секторини кенг кўламда имтиёзли молиялаштириш, субсидиялар ва ушбу тармоқни ривожлантиришнинг янги тизими
EastFruit мутахассислари 2021 йилда иқтисодиётнинг мева-сабзавот секторини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган асосий ташаббусларни санаб ўтишди:
2021 йилнинг июнь ойи бошида Ўзбекистон ҳудудларида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий иссиқхоналар ташкил этилиши ҳақида Президент қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, Ўзбекистонда иссиқхоначилик билан шуғулланиш истагидаги ташаббускор аҳоли учун унумдорлиги паст ерларда уй-жой ва иссиқхона мажмуалари барпо этилади. Бундай уй-жой ва иссиқхона мажмуаларининг ҳар бири камида 20 сотих майдонга эга бўлади. Ушбу ҳамкорлик доирасида давлат мажмуалар учун ер ажратиб, уй-жой ва иссиқхона мажмуаларига коммуникация тармоқлари (газ, сув, электр, ички йўллар) ётқизилишини таъминлайди ва имтиёзлар беради.
2021 йилнинг август ойи охирида давлат томонидан замонавий иссиқхоналар ташкил этиш лойиҳаларини мақсадли молиялаштириш учун жами 100 миллион доллар ажратилиши маълум бўлди.
2021 йилнинг октябрь ойи охирида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчилар давлат томонидан қўллаб-қувватланиши ва рағбатлантирилишининг аниқ чора-тадбирлари эълон қилинди. Уларни амалга ошириш 2022 йил бошидан кўзда тутилган. Имтиёзли молиялаштириш, сабзавот ва мевалар ҳосилини об-ҳаво таъсиридан суғурталаш, қишлоқ хўжалиги техникасини модернизациялаш учун субсидиялар, асбоб-ускуналар ҳамда уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари импортида имтиёзлар, шунингдек, касалликларга чидамли янги қишлоқ хўжалиги экинларини экиш ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш учун имтиёзлар шулар жумласидандир.
2021 йилнинг ноябрь ойи ўрталарида маълум бўлдики, Ўзбекистон 2022 йилда мева-сабзавотчилик саноатини қўллаб-қувватлаш учун салкам 400 миллион доллар йўналтиради.
2021 йилнинг 24 ноябрида Ўзбекистон мева-сабзавотчилик тармоғини ривожлантиришнинг янги тизими жорий этилиши эълон қилинган бўлиб, унинг асоси кластерлар ролини кучайтириш, кооперациянинг янги механизмларини жорий этиш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштирувчи корхоналарни молиялаштириш ва агрохизматлар кўламини кенгайтириш бўлади. Хусусан, 2022–2025 йилларда пахта ва ғалладан бўшаган 200 минг гектар паст рентабелли экин майдонларини босқичма-босқич захирага қайтариш амалга оширилади. Шундан 2022 йилда аҳолига мева-сабзавот етиштириш учун 80 минг гектар ер майдони бериш режалаштирилган. Бу хусусда EastFruit 2021 йилнинг 1 декабрь ва 18 декабрида эълон қилган материалларда батафсил ёзган.
10. Чакана савдо бозорида янги иштирокчилар
2021 йил хорижий супермаркетлар тармоғининг Ўзбекистон бозорига фаол экспансияси билан ёдда қолди. Бу йил Ўзбекистонга иккита хорижий ритейлер кириб келди – Қозоғистоннинг энг йирик чакана савдо тармоғи Маgnum Cash&Carry ва Россиянинг “Доброцен” дискаунтерлар тармоғи. Ҳар икки ритейлернинг Ўзбекистондаги илк дўконлари шу йилнинг сўнгги ойида очилди.
Маgnum – Ўзбекистонда
Қозоғистоннинг Маgnum Cash&Carry тармоғи қарийб икки йил Ўзбекистон бозорига киришга тайёргарлик кўрди ва ушбу мамлакатнинг Қозоғистон бозори билан ўхшаш жиҳатлари, маҳаллий ўзига хосликларни синчковлик билан ўрганди. Ниҳоят, 2021 йилнинг 11 декабрь куни Тошкент шаҳридаги янгиланган Integro савдо марказида Ўзбекистондаги биринчи Маgnum гипермаркети очилди. Унинг савдо майдонида (5000 м. кв) Ўзбекистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларнинг етакчи ишлаб чиқарувчилари ассортиментидан озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё воситаларидан тортиб, ноозиқ-овқат маҳсулотларигача бўлган 20 мингта товар намойиш этилди. Маgnum сархил сабзавот ва мевалар тоифасига алоҳида эътибор қаратади. Ассортиментда ҳатто Бразилия, Италия, Хитой, Колумбия, АҚШ, Туркия каби мамлакатларнинг мева-сабзавотлари ва албатта, маҳаллий мева- сабзавотлар мавжуд.
Орадан бир ҳафта ўтиб, 2021 йилнинг 18 декабрида Тошкентнинг бошқа туманида иккинчи Маgnum дўкони очилди.
Қозоғистон ритейлери Ўзбекистондаги ривожланишнинг биринчи йилида қарийб 20 миллион доллар сармоя киритишни ва келгуси 2022 йилда яна иккита гипермаркет ва бир нечта супермаркетлар очишни режалаштирмоқда.
Маgnum Cash & Carry Қозоғистоннинг энг йирик чакана савдо тармоғидир. Унинг биринчи дўкони 2007 йили Олмаотада очилган. 2021 йил охирига қадар компания Қозоғистоннинг 11 шаҳридаги дўконлар сонини 197 тага етказишни режалаштирган. Тармоқнинг умумий савдо майдони 220 минг метр квадратни ташкил қилади – ўрта ҳисобда бу кўрсаткич йилдан-йилга 30% га ўсиб бормоқда. Тармоқ тўрт форматда ишлайди – express, daily, супермаркет ва гипермаркет, ассортимент – мавсумийлик ҳисобга олинган ҳолда 35-40 минг SKU.
“Доброцен” – бир ой ичида 4 дўкон
2021 йилнинг 18 декабрь куни Россиянинг “Доброцен” чакана савдо тармоғи Ўзбекистондаги биринчи дўконини Бухорода очди, унда 1500 дан ортиқ номдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё воситалари ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди. 2021 йилнинг 25 декабрь куни “Доброцен” тармоғи Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарлари – Тошкент, Қарши ва Марғилонда яна учта дўконини очди. Шундай қилиб, Ўзбекистонда “Доброцен” дўконлари сони 4 тага етди.
2021 йилнинг август ойи ҳолатига кўра, Россиянинг “Доброцен” чакана савдо тармоғи 400 та дўконга эга эди. Хорижда “Доброцен” тармоғи Ўзбекистондан ташқари фақат икки давлатда мавжуд: 2019 йили у Беларусда, 2021 йилнинг апрель ойи охирида эса Қозоғистонда биринчи дўконини очган.
“Доброцен” чакана савдо тармоғининг ўзига хос хусусияти – бу савдо майдони ва омборга бўлинмасдан, товарларни пештахталарда эмас, балки тўғридан-тўғри паллетларда тақдим қилиш билан дўкон-омбор форматида ишлаш. Ритейлернинг ассортименти арзон нархлардаги юқори сифатли озиқ-овқат ҳамда кундалик уй-рўзғор буюмларининг 1200 га яқин номларини ўз ичига олади.