Сурат манбаси: journalby.com
Муаллиф: Камола Алиева – гендер тенглиги масалалари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси
Ўзбекистонда ишга киришда гендер стереотиплар муаммоси мавжудми? Хорижий мамлакатларда бу масалада вазият қандай? Нега аёллар “аёлларга мос” касбларни кўпроқ танлайдилар? Раҳбар аёл бўлиш учун қандай тўсиқларни енгиш керак?
Ушбу мақолада муаллиф гендер стереотипларининг аёллар ҳаёти ва фаолиятига таъсирини, хусусан уларга нисбатан ишга киришда, касб танлашда ва меҳнат фаолияти давомида кузатиладиган дискриминация ҳолатларини сўровнома натижалари асосида таҳлил қилган.
Хорижда ҳам шу муаммо мавжудми?
Бутун дунёда ҳали-ҳануз гендер нотенгликнинг мавжудлиги эркакларнинг хотин-қизлар устидан ҳукмронлигини тасдиқловчи патриархат тизимнинг таъсири билан изоҳланади. Бунинг ўзагида эса, инсонлар, жамоатчилик онгида асрлар давомида шаклланиб келган гендер стереотиплар ётади.
Ғарб мамлакатлари ўзининг либерал-демократик қарашлари билан ажралиб туради. Бироқ шунга қарамай, бу мамлакатларда ҳам ишга киришда ва меҳнат фаолиятида гендер стереотиплар ўз таъсирини ўтказмоқда. Маккинсей (McKinsey) тадқиқотида, сўнгги йилларда Америкада иш жойларида аёлларнинг вакиллигини яхшилашда деярли ҳеч қандай ютуқларга эришилмаганлиги таъкидланади. (Women in the Workplace Report). АҚШда иш берувчиларнинг 2019 йилдаги маошлар тўғрисидаги ҳисоботига кўра (State of Salaries Report) 41% ҳолатларда компаниялар маълум бир вазифани бажариш учун фақатгина эркаклардан интервью олишган. Шунингдек, ишга ёлловчилар (recruiters) ва ишга қабул қилиш бўйича менежерлар аёл номзодларга қараганда (уларнинг малакаси бир хил бўлишига қарамасдан) эркак номзодлар билан интервью ўтказишни афзал кўришган.
Интервью босқичининг муваффақиятли тугаши, аёллар учун тенг имконият яратилганлигини кафолатламайди. Компаниялар аёлларга қараганда эркакларга кўпроқ иш таклиф қилишга мойилликлари борлиги таъкидланади. Ишга ёлланганларнинг маошига оид ҳисоботга кўра, эркакларнинг 60 фоизи компаниядаги бир хил лавозимда аёлларга нисбатан кўпроқ маош олишлари айтиб ўтилган. Бундан ташқари, аёллар эркакларга қараганда камроқ музокара олиб боришади, 61 фоизга камроқ маош масаласини кўтаришади. Ушбу тадқиқотларга кўра, маошни ошириш борасида музокаралар олиб борадиган аёллар “ижтимоий ваколати паст” тоифа сифатида баҳоланган.
Гендер стереотипларнинг аёлларга бўлган таъсири
Гендер стереотиплари деганда, “эркакларга хос” ва “аёлларга хос” тушунчаларга мос келувчи хулқ-атвор моделлари ва характер хусусиятлари тўғрисидаги андозалаштирилган тасаввурлар тушунилади. Гендер стереотиплари оилавий, профессионал ва бошқа соҳаларда муайян ижтимоий ролларни мустаҳкамлаш билан боғлиқ. Аёлларга, одатда, асосий вазифа сифатида оилавий роллар – она, уй бекаси, турмуш ўртоғи каби, эркакларга эса – профессионал роллар белгиланади. Замонавий жамиятда аксарият ҳолларда эркакларга ўз касб-корида эришган ютуқларига қараб, аёлларга эса – оиласи ва болалари мавжудлигига қараб баҳо беришади. Афсуски, бизнинг жамиятимизда ҳам аёллар ва эркакларга нисбатан айнан шу қараш инсонлар онгида мустаҳкам ўрин олган.
Гендер стереотипларнинг салбий таъсирини оила доирасида кузатиш мумкин: гендер ролларга нисбатан қўлланиладиган қатъий ижтимоий талаблар аёлларга фақат оила, фарзандлар тарбияси ва уй-рўзғор юмушлари каби вазифаларни юклайди, унинг профессионал салоҳиятини намоён этишига йўл қўймайди.
Жамият ҳаётининг турли жабҳаларида гендер стереотиплар салбий таъсирининг энг катта ҳавфи улар асосида гендер хурофотларнинг (gender bias, аёл ёки эркаклар ҳақида қотиб қолган тасаввурлар) юзага келишидир. Гуруҳ ёки инсонга нисбатан уларнинг жинсий мансублигига қараб, асоссиз равишда салбий муносабатда бўлиш бу гендер хурофотлар бўлиб, агар стереотип – “фикр” бўлса, у ҳолда хурофот – бу ҳаракат сари қадамдир[1].
Агар иш берувчилар фақат эркакларни ишга қабул қилаётган бўлса, демак, бу номзод-аёлларга нисбатан камситишдир. Ва, аксинча. “Фақат оналар болага ғамхўрлик қила олади ва тегишлича парваришни таъминлайди” деган хулоса оталарга нисбатан камситиш ҳисобланади. Агар гендер стереотипларда эркаклар билан аёллар ўртасидаги фарқлар ҳақида фикр-мулоҳазалар, қарашлар ва баҳолашлар ифодаланган бўлса, у ҳолда бу стереотиплар муайян бир жинсга нисбатан камситиш муносабатини ўз ичига олади ҳамда кўп ҳолларда бундай муносабат амалиётда ўз ифодасини топади[1].
Аёлларга нисбатан ишга киришда ва уларнинг меҳнат фаолияти давомида камситиш даражасини аниқлаш мақсадида, муаллиф “Гендер нотенглик ва стереотипларнинг ишга кириш/касб танлашга бўлган таъсири” мавзусида “Google Forms” орқали аноним сўровнома ўтказди. Ушбу сўровнома NeMolchi.uz (Sukut Saqlama) Telegram канали ва Facebook саҳифалари обуначилари орасида, шунингдек MyTSUL телеграм канали ва Instagram саҳифаларида эълон қилинди. Мазкур тадқиқотда 16 ёшдан 63 ёшгача бўлган 333 нафар киши (271 та аёл, 63 та эркак) қатнашди. Сўровнома иштирокчиларининг 103 таси ишга кириш жараёнида камситишга учраганини таъкидлаган.
Динара Атажанова, юридик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири ушбу масалага қуйидагича фикр билдирди:
– Марказий Осиёда аёлларнинг оила ва ишдаги ролига маданий омиллар таъсир кўрсатади. Уй юмушлари, норасмий секторда кам ҳақ тўланадиган деярли барча ишларга аёлларнинг иши сифатида қаралади. Табиатига кўра, бу турдаги анъанавий уй-рўзғор ишлари ўқиш ва ўрганишга озгина вақт ажратадиган аёлларни иқтисодий зарбаларга ҳимоясиз қилиб қўяди. Аёлларнинг турмуш қуриш факти уларни меҳнат муносабатларида камситилишига олиб келади. Бу дегани турмуш қуриш ёшидаги аёлларни ишга қабул қилаётган иш берувчи уларга меҳнат шароитларини таъминлаш чоғида келгусида оналик билан боғлиқ қонунчилик назарда тутган кафолат ва имтиёзларни ўйлаб, улар билан меҳнат шартномасини тузишни истамай қолади ва танловни бошқа шахс фойдасига ҳал қилади. Ҳозир мамлакатимизда хусусий сектор ривожланаётган ва тадбиркорликка кенг шароитлар яратилаётган даврда янги иш бошлаган тадбиркорни бундай кафолатлар маълум маънода «чўчитади». Шу боис, аёллар ва оилавий вазифаларни бажариш билан машғул шахсларни ишга қабул қилишда иш берувчиларга солиқ қонунчилиги бўйича имтиёз ёки преференциялар белгиланса, назаримда, мақсадга мувофиқ бўларди.
Юқорида келтирилган сўровнома натижалари жамиятимизда гендер стереотиплари таъсирининг сезиларли даражада мавжудлигини кўрсатади. Афсуски, ушбу стереотиплар асосан аёлларнинг меҳнат қилишга бўлган ҳуқуқларини чеклаб, уларнинг профессионал ўсишида муайян тўсиқларнинг сақланиб қолинаётганидан далолат беради.
Муаллиф турли соҳаларда фаолият юритадиган аёлларга уларнинг профессионал фаолиятига гендер стереотипларининг таъсири билан боғлиқ саволлар билан мурожаат қилди:
Сиз профессионал фаолиятингиз давомида гендер стереотипларга дуч келганмисиз?
Ирода Шамсиева – тарих фанлари номзоди, Тошкент давлат шарқшунослик университети доценти:
– Афсуски, дуч келганман. Масалан, олий таълим муассасаларининг бирида фаолият юритган пайтимда, ташкилот раҳбарининг аёл ходимлар ўртасидаги дугоналик муносабатларига аралашиши, яъни лавозимидан фойдаланиб, ким билан дўст бўлиш сингари шахсий эркинлигимга тўсқинлик қилиши ва кўрсатма бериши, унинг “эркак”лигини, яъни ишхонада ҳам хўжайин эканлигини “мардларча” намоён қилишдан бошқа нарса эмас эди. Аёл ҳамкасбим билан бўлган дўстона муносабатларимизга доимий ва одобсизларча аралашуви меҳнат фаолиятимга салбий таъсир кўрсатиб, иш жойимни ўзгартиришимга сабаб бўлди. Кейинчалик ўша ҳамкасбим ҳам бошқа ташкилотга ўтиб кетишга мажбур бўлди.
Ширин Тўлаганова – ҳуқуқшунос:
– Албатта дуч келганман. Айниқса, давлат органлари идораларида ишлайдиган аёл ходимларга анча қийин. Сабаби, раҳбар ходимларнинг аксарият қисми – эркаклар. Бу ўз навбатида, кўп тўсиқларга сабаб бўлади. Масалан, хорижий давлатларга юбориладиган делегацияларда аёллар кам қатнашиши, эркак раҳбарнинг танловига кўра, унинг қўл остида асосан эркак ходимларнинг ишлаши керак деган стереотипнинг мавжудлиги, бунинг сабаби эса, эркак раҳбарларнинг фикрига кўра, аёл кишидан фойда камроқ, чунки у оилавий вазифаларини бажариш учун ишдан ўз вақтида кетади ва эркак ходимларга ўхшаб, кечги соат 22-23 ларгача қолиб кета олмайди. Раҳбар лавозимларга хам асосан эркакларнинг номзоди кўйилади ва тайинланади, бу ўз навбатида, аёлларнинг карьера чўққисини забт этишига тўсқинлик қилади.
Раҳбарингиз ёки ҳамкасбларингиз томонидан камситиш ҳолатларига дуч келганмисиз?
Ирода Шамсиева: – Раҳбар томонидан кўп бўлмасада, камситишлар бўлган. Масалан, илмий ҳисобланган ташкилотдаги раҳбарим юмшоқ қилиб айтадиган бўлсам, аёлларнинг профессионал ва академик ўсишини ҳоҳламас, фаол, билимли ва ташаббускор аёлларни ёқтирмас эди. Бунга амалда қатъий тўсқинлик қилмасада, ҳатти ҳаракатлари ва гап сўзлари билан яққол намоён қилар эди.
Ширин Тўлаганова: – Ҳамкасбларим томонидан умуман камситишга учрамаганман. Аммо, раҳбар томонидан бир неча бор камситишларга дуч келдим. Кўпинча, бу касбий фаолиятим билан боғлиқ холатлар юзасидан бўлса керак. Бир йили яхши бир ишга жойлашмоқчи бўлдим ва суҳбатга бордим. У ерда менга “фарзандингиз битта экан, яна яқин орада фарзанд кўрмоқчимисиз?” деган савол беришди, шунда мен “ҳа, насиб қилса” деб жавоб қайтардим. Эртаси куни менга рад жавобини беришди ва бунинг сабаби сифатида “бу ўринга кўпроқ эркак ходим истаётганликларини” айтишди. Уларнинг гапига қараганда, эркак ходимлар аёллар каби “декрет” таътилига чиқмайди, “болам”, “уйим” деб кўп ишдан жавоб сўравермайди, шу сабабли уларга мунтазам равишда, кечки вақтгача ишлайдиган ҳодимлар маъқуллигини таъкидлашди. Энг қизиғи, юрист сифатида бундай жавобни “жинс бўйича камситиш” эканлигини англасамда, аёл сифатида буни “оддий” ҳол деб қабул қилдим ва ҳеч қандай чора кўришни лозим топмадим.
Ишга қабул қилишда ва меҳнат фаолияти давомида гендер стереотиплари ва камситиш ҳолатларига аксарият аёллар дуч келади. Аммо бу ҳақда очиқ гапириш жамиятимизга тўғри келмайди, деган ёзилмаган “қонун” мавжуд. Кўпинча, аёллар бундай ҳолларда индамай чидашни афзал кўришади. Сабаби, аёл киши ёшлигидан қийинчиликларга “бардошли” бўлишга ва эътироз билдирмаслик руҳида тарбияланади, бунинг оқибатида эса шу каби ҳолатлар такрорланаверади.
Сўров давомида айнан қандай ҳаракатлар амалга оширилгани сўралганда, 100 та респондент ишдан бўшагани, 30 таси бошқа бўлимга ўтгани, 14 таси раҳбариятга, 11 таси эса касаба уюшмаси ва ходимлар бўлимига мурожаат қилганини таъкидлашди. Қолганлар “вазиятга кўникишган” ёки “ҳеч қандай чора кўришмаган”.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатадики, аёллар ишга киришда ва меҳнат фаолияти давомида кузатилган гендер тенгсизликка нисбатан деярли ҳеч қандай муносабат билдиришмайди. Бу “жимлик” давом этар экан, аёллар гендер стереотипларининг соядаги “қурбонлари” бўлиб қолаверадилар.
Аёлларга “мос” касблар ҳақида
Гендер стереотиплари аёл ва эркакларнинг касб танлашига ҳам таъсир кўрсатган. Масалан, ўт ўчирувчи деганда кўз олдимизда эркак киши гавдаланади, ҳамшира касби эса фақат аёлларники ҳисобланади. Аслида, бу стереотип фикрлашдан бошқа нарса эмас. Кўпчилик онгида аёллар ва эркакларга қандай касблар мос келиши ёки келмаслиги белгилаб бўлинган. Масалан, жамиятимизда архитектор, ҳайдовчи, муҳандис, механик каби касблар кўпроқ эркакларга, ўқитувчи, тарбиячи, шифокор, ҳамшира каби касблар аёлларга тегишли деган фикрлар кўп учрайди.
Динара Атажанова: – Аёллар ва эркаклар ҳуқуқлари тенглигига оид ёндашувнинг асослари узоқ ўтмишга бориб тақалади. Қадимдан аёллар «уй одами» деб ҳисобланган бўлиб, бу каби ибтидоий қараш сояларининг сақланиб қолингани ҳозирги XXI аср глобаллашув шароитида ҳам кузатилади. Менталитетимизга хос бўлган яққол мисоллардан бири – болалик чоғидан қизларни келгусида шифокор ва ўқитувчи каби «аёл кишига мос» касбларга йўналтирамиз. Ўқитувчи ва шифокорлар қисқартирилган иш вақтида ишлагани учун ҳам бу касблар оилавий вазифаларни биргаликда олиб боришга тўсқинлик қилмайдигандек туюлади. Оқибатда қайсидир маънода келгусидаги касбга тақлидий ёндашув туфайли қизлар ўқитувчи ва шифокор бўлишга интилишади. Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатлангани тақдирда ҳам жамият кўп ҳолларда жиддий масъулиятли лавозимларга эркак ходимни маъқуллайди. Яъни, жамият аёлларни депутат, судья, бўлим бошлиғи каби лавозимда эмас, балки цехда тикувчи, котиба, кичик корхонада менежер, ҳамшира ёхуд мактабда «бир умр» дарс берувчи ўқитувчи сифатида кўради. Бу ҳолат, яъни касбларни «аёл ёки эркак кишига хос»га ажратиш профессионал сегрегацияни келтириб чиқаради. Бу муносабатни қайсидир маънода аёлни эҳтиётлаш тарзидаги ижобий қараш дейиш мумкин. Бироқ, ҳозирги глобаллашув шароитида барча аёлларнинг турмуш тарзи, оиладаги ролини анъанавий кўринишдагидек бир хил мақомда деб бўлмайди. Шу ҳолатда аёлларни «эҳтиётлаш» тарзидаги юқоридаги муносабат ўз-ўзидан меҳнат муносабатларида камситишга сабаб бўлаётган ҳоллари ҳам кузатилиб турибди.
Бундан ташқари, оилада кўпинча қиз ёки ўғил фарзанд тарбиясида турли ёндашувлар мавжуд. Ўғил болалар аксарият ҳолатларда мард ва қўрқмас, ўз ҳаққини талаб қиладиган, ҳиссиётларини яширмайдиган, бошқарувни ўз қўлига оладиган шахс сифатида тарбияланса, қизлар андишали, итоаткор, кечиримли, сабрли, ўз фикрини билдиришдан ва ҳақ-ҳуқуқини талаб қилишдан тийиладиган қилиб тарбияланади. Ушбу стереотип ёндашув оқибатида раҳбар лавозимларни кўпинча эркаклар эгаллайди, аёлларни эса ижрочи характердаги ишларда учратамиз.
Тадқиқот натижалари касб танлашда гендер стереотипларининг ўрни муҳимлигини кўрсатмоқда. “Аёлларга хос” касбларнинг аёллар томонидан кўпроқ танланиши, ёки кўп ҳолларда аёлларнинг раҳбарлик лавозимига интилмаслиги, турмуш ўртоғи ёки оиласи томонидан аёлнинг ишлашига тўсқинлик қилиниши аксарият инсонлар учун оддий холат сифатида қабул қилинади.
Хулоса
Гендер камситишни келтириб чиқарувчи гендер стереотипларнинг ёшлар онгида мустаҳкам ўрин олишида аввало оиладаги муҳит сабабчидир. Аксарият ўзбек оилаларида аёллар эрининг ижозатисиз ўқимайди, ишламайди, ҳаттоки фарзандлар онадан бирор нарса сўраганида, “отанг нима деса шу” деб жавоб қайтаришга одатланган. Бунинг оқибатида фарзандларда “отам онамдан устун” ёки “отамнинг фикри онамникидан муҳим” деган тушунча пайдо бўлади. Натижада, уларнинг онгига синган гендер стереотиплар ҳаётда ўз таъсирини кўрсатади.
Муаллиф гендер стереотипларининг ёшлар ва катталар онгида шаклланиши ва мустаҳкамланишида фақатгина оила ёки атроф муҳит маъсул деган фикрдан йироқ. Гендер стереотипларининг тарғиботида ОАВнинг ўрни ҳам жуда катта. Масалан, “Севимли” телеканали орқали эфирга узатиладиган “Менинг қайнонам генерал” номли кўрсатувда жамиятимизда энг кўп муҳокама қилинадиган қайнона ва келин муносабатлари акс этади. Бунда келинларнинг овқат пишириши билан бирга уларнинг чаққон бўлиши, барча уй юмушларини ўз вақтида бажаришлари орқали “идеал келин” образи шакллантирилади. Келиннинг оила аъзоси сифатида ҳақ-ҳуқуқлари, дам олиши, бола тарбияси билан шуғулланиши, инсон сифатида ривожланиши, касбий жиҳатдан ўз устида ишлаши борасидаги масалалар кўрсатувда умуман кўтарилмайди. Фақатгина аёлнинг оиладаги ўрни ҳақида гапирилиб, кўпроқ келиннинг бошқа оила аъзоларига тобе бўлиши кераклиги уқтирилади. Бу эса жамиятимизда гендер стереотипларини тарғиб қилиб, жамиятда гендер тенгсизликни нормал ҳолат сифатида қабул қилишни мустаҳкамлайди.
Юқоридаги мисоллар орқали, аёлларни нафақат турмуш ўртоқ, келин, она, уй бекаси, балки шахс сифатида ўзини намоён қилишига, профессионал ривожланишга ҳуқуқи борлигини кенг тарғиб қилиш кераклигини таъкидламоқчиман. Эркакларнинг аксарият қисми очиқчасига тенгликка интиладиган аёлларни ёқтирмаслиги сир эмас. Шунингдек, жамиятимизда кўпчилик аёлларининг тенгликка интилмаслиги ҳам бор гап. (муаллиф бу фикр орқали ҳеч бир аёлни камситишни назарда тутмайди). Фикримча, шу сабаб, ишга кириш жараёнида ёки меҳнат фаолиятида аёлларнинг гендер дискриминациясига учраши “оддий” хол сифатида қаралиб, ушбу стереотипларни жамият онгига сингиб кетганидан далолат беради. Аммо, бундай вазиятлар ҳуқуқий оқибат келтириб чиқариши мумкинлигини англаб етиш лозим, деб ўйлайман.
______________________________________________________________________________________________________________________________________________
Мақолада фойдаланилган манбалар:
[1] Гендер муносабатлари назарияси ва амалиётига кириш. Тошкент, 2007 йил.