Суратда: Марказий Осиё халқлари
Муаллиф: Улан Бигожин – қозоғистонлик антрополог. 2017 йили антропология бўйича докторлик даражасини Индиана университетида олган
«Everyday Life in Central Asia: Past and Present» («Марказий Осиёдаги кундалик ҳаёт: Ўтмиш ва бугун”) тўпламидан айрим мақолаларни эълон қилишни давом эттирамиз. Скотт Левай (Левай (Turks and Tajiks in Central Asian History, Scott Levi) (“Туркийлар ва тожиклар Марказий Осиё тарихида”) Марказий Осиёнинг кўчманчи ва ўтроқ қабилалари тинч-тотув яшаши тарихига қисқача назар ташлайди. Ёзишича, ушбу симбиотик муносабатлар (яъни, ҳамжамиятлар бир-биридан мустақил яшаган, аммо бир-бирига керак бўлган) минтақа тарихининг белгиловчи хусусияти бўлган.
Гарчи Марказий Осиё мамлакатларида истиқомат қилаётган ҳозирги халқларнинг этник ўзига хослиги, асосан, шўролар ҳокимияти даврида шаклланган бўлса ҳам, тарихи узоқ асарларга бориб тақалади.
Левайнинг тадқиқоти, ўз таъбири билан айтганда, “аста-секин қарор топган ва минтақанинг этник манзарасига чизгилар берган узоқ тарихий жараёнлар”га қисқача киришдир. Одатда минтақа аҳолиси ҳинд-европаликларга (тожиклар) ва туркийларга (қозоқлар, ўзбеклар, қирғизлар ва туркманлар) бўлинади, лекин тарихий нуқтаи назардан, ўғуз туркийлари (туркманлар) қипчоқ туркийларидан (қозоқлар) фарқ қилади.
Айри чоқда ўтроқ қабилаларнинг кўчманчи аҳоли билан муносабатлари жой ва фаолият тури аниқ чегараланишига (ўтроқ деҳқончилик ва пасторал чорвачилик) таянган бўлса ҳам, кўчманчиларнинг вақти-вақти билан чўлларни ташлаб, ўтроқ аҳоли орасига келиб жойлашиши билан боғлиқ мажбурий кўчиш тўлқинлари сабаб тез-тез бузилиб турган. Бунга кўплаб омиллар сабаб бўлган: табиий сабабларга кўра, аҳоли сонининг ўсиши ва яйловларга бўлган талаб ортиши, чўлни яшаш учун яроқсиз қилиб қўйган ўзгарувчан иқлим, шунингдек, бошқа халқларнинг кўчиши ва ҳк.
Эрон мероси
Тожиклар минтақада ҳаммадан олдин мавжуд бўлган туб жой аҳоли эмас, аммо уларнинг аждодлари минтақага ҳаммадан олдин келиб жойлашган. Археология маълумотларининг далолат беришича, милоддан 2000 йил олдин ҳам ҳинд-европа қабилалари бу ерда яшаган. Ҳинд-эронликлар минтақада 2500 йил давомида устун мавқега эга бўлиб келган ҳамда даштдаги турли кўчманчилар конфедерацияларига ва жанубдаги ўтроқ империяларга асос солган.
Кўплаб манбаларда ҳозирги тожикларнинг қадимги аждодлари Аҳмонийлар ҳукмронлиги даврига бориб тақалиши кўрсатилган. Аҳмонийлар империяси маркази Форс вилояти бўлган (юнон тилида “Парс”, “Персия” номи ўшандан келиб чиққан). Кир ва Дородан (милоддан аввалги 522 – 486 йиллар) Форс империяси мустаҳкамланиб ва кенгайиб берган. Юнонлар (Искандар Мақдуний 336 – 323 йилларда) Аҳмонийлар империясини босиб олгандан сўнг юнон ва форс маданиятларининг ўзаро таъсирлашуви бошланади.
Кейинчалик форсларнинг яна бир сулоласи – Сосонийлар Шимолий Африкадан тортиб, ҳозирги Покистон ҳудудидаги Инд дарёсигача бўлган улкан маконда ҳокимият юргизади. Левай ёзганидек, Сосонийлар даврини (милодий 224 – 651 йиллар) “Форс ренессанси” даври деб аташ мумкин. Сосонийлар ўзини Аҳмонийлариннг вориси деб эълон қилади, улар, шунингдек, Искандар Мақдуний олиб келган бой эллин маданий меросига ҳам таянар эди. Сосонийлар Марказий Осиёда зардуштийлик кўринишидаги кучли из қолдирди. Наврўз (“янги кун”) байрами бутун минтақада муқим яшаб қолди ва шу пайтгача тантана билан нишонланади: аёллар учун сумалак, эркаклар учун эса ҳалим тайёрланади.
Ипак йўли гуллаб-яшнаган даврда бутун Осиё қитъаси бўйлаб тиниб-тинчимас савдо диаспоралари урчиб кетди. Шулардан суғд савдогарлари алоҳида ажралиб турар, бутун Ипак йўли бўйлаб товарлар: Помир ва Ҳиндикушнинг қимматбаҳо тошларидан тортиб, кўчманчилар таъминлаб турадиган қуллар ва отларгача, шунингдек, Сибирь мўйнасию Хитой чинниси ва сон-саноқсиз ипак тўпларигача айирбошлашда уларнинг олдига тушадигани йўқ эди.
Марказий Осиёда Суғд маданияти гуллаб-яшнаган кезлар даштларда кўчманчиларнинг янги гуруҳлари пайдо бўлди. V аср ўрталарида Олтой тоғларининг шарқ тарафларидаги туркий қабилалар конфедерацияси ғарб томон силжиди ва кўчманчи эроний қабилаларни сиқиб чиқара бошлади. VI асрга келиб, эроний кўчманчи гуруҳлар Ҳиндистонга кетгандан сўнг туркий қабилалар келиб, улар ўрнини эгаллади ҳамда Биринчи ва Иккинчи туркий хонлик ёки империя ташкил қилди, улар мил. 552 йилдан 744 йилгача Қора денгиздан Мўғулистонгача бўлган кенгликларда ҳукмронлик қилди. 560 йили Кўк Турк хонлиги Сосонийлар билан бирга Марказий Осиёни босиб ва ўзаро бўлишиб олди. Бироқ ушбу туркий ва форсий иттифоқ узоққа чўзилмади: Ўрта ер денгизидаги тижорат манфаатлари келишувни барбод қилди ва туркийлар Бобир тарафида туриб, Сосонийларга қарши чиқди. Гарчи ушбу даврда ҳали туркийларнинг Марказий Осиёга буюк кўчиши рўй бермаган бўлса-да, уларнинг жануб – суғд шаҳарларини истило қилиш сари силжиши узоқ давом этган жараённинг бурилиш нуқтаси бўлди, натижада туркийлар аҳолиси ўтроқ тарзда яшаётган Марказий Осиёда ҳукмрон кучга айланди. Бир пайтлар бу ерда эроний халқлар яшар эди.
Бироқ 651 йилга келиб, янги босқинчилар, улар билан бирга эса янги дин минтақага кириб келди. Араб қўшинлари Сосонийлар мулкини босиб ола берди, 709 йилга келиб, Хуросон (шимоли-шарқий Эрон) амири Қутайба ибн Муслим Бухорога илк марта юриш қилди. Оқибатда араблар Хоразм ва Суғдиёнани босиб олди ҳамда туркий қабилалар ва Тан ҳукмронлик қилаётган Хитой билан курашга киришди. Хитой ҳукмдори ҳам минтақага бостириб киришга тараддуд кўраётган эди. 751 йили Тошкентдан шимоли-шарқда жойлашган Талас водийсида Тан ва араб қўшинлари ўртасида улкан аҳамиятга эга жанг бўлиб ўтди. Ушбу муҳим жанг тақдирини араб қўшинлари томонига ўтган бир қанча туркий қабилалар ҳал қилди. Хитойнинг бошқа ҳукмдор сулолалари таъсирини ғарбий йўналишга ёйишга жазм этгунча орадан минг йилга яқин вақт ўтиб кетди.
IX асрда Мовароуннаҳрдай ўтроқ аҳоли яшайдиган минтақа назоратини Марказий Осиёнинг мусулмон сулоласи бўлмиш Сомонийлар (819 – 1005 йиллар) қўлга киритади. Ушбу сулола маърифатпарварлиги, илм-фан ва санъатга ҳомийлик қилгани билан ном қозонган эди. Ўша пайтда Марказий Осиёда ал-Хоразмий, ибн Сино ва ал-Беруний сингари машҳур олимлар етишиб чиқади. Сомонийларнинг ушбу маданий мероси буюк, лекин ўша ҳукмдорларнинг ислом дини билан форс тили ва маданиятини ўзаро чоғиштиргани ундан ҳам буюкроқ иш бўлган эди. Ислом дини форс тили орқали минтақа бўйлаб тез тарқалди ва Бухорони ислом тамаддунининг буюк марказига айлантирди, мусулмон мистиклар – сўфийлар исломни даштдаги кўчманчи халқлар орасида ёйди.
Сомонийлар шимолдаги туркий қўшниларидан мустаҳкамланган қалъалар ёрдамида ҳимоялангани учун ўзини хавфсиз ҳис қилар эди (улар туркий жангчиларга – қуллар ва эркин ёлланганларга – форсийда “ғуломлар” ва арабчада “мамлуклар” деб аталганларга ҳам юксак баҳо берар эди). Аммо бу ҳиссиёт алдамчи эди. Х асрда рўй берган иқтисодий таназзул оқибатида Марказий Осиёнинг қишлоқ хўжалик воҳасида ҳокимият омадлироқ туркий ва мўғул кўчманчилар – Қорахонийлар сулоласи, ўғузлар (улар ҳам кўчманчилар орасидан чиққан), Хоразмшоҳлар, кейинчалик эса мўғул сулолалари қўлига ўтди. Бу минтақани XIX асрда Россияга мустамлака қилиб олгунича давом этди.
Туркийлар
Туркийлар анчадан бери Сомонийлар ҳукмронлик қилган ҳудудларда қуллар ва эркин ёлланган жангчилар сифатида яшаб келаётган эди, аммо Қорахонийлар ҳокимиятга келиши билан ўтроқ аҳоли яшаётган Марказий Осиё минтақасининг чин маънодаги туркийлаштирилиши бошланди. Узоқ жараён давомида туркий тиллар етакчи мавқега эга бўлиб келди, туркийларнинг ўзи эса ё форс тилли аҳоли билан қўшилиб кетди, ёки уларни замонавий Тожикистоннинг тоғли ҳудудларига сиқиб чиқарди. Минтақани эронийлардан туркийларга ўзгартириб юборган этник жараён аста-секни давом этиб, минг йилга чўзилиб кетди, у ҳол замонавий Ўзбекистоннинг камсонли тожиклари орасида ҳамон рўй бермоқда.
Минтақанинг туркийлашувига мўғуллар истилоси вақтида туркий ҳалқлар ва мўғулларнинг шимолдан жанубга кўчиши энг кучли таъсир кўрсатган бўлса ажаб эмас. Ушбу кўчганлар орасида мўғуллар юришларининг фаол қатнашчиси бўлган қирғизлар ҳам бор эди. Улар Сибирь ҳудудидан Тянь-Шань тоғларига кўчиб ўтди. “Манас” эпоси қирғиз халқи анъана ва маданияти солномасининг ўша Сибирь даврини ҳам қамраб олади. Оғзаки эпос манасчилик санъати шарофати билан минг йил давомида сақланиб қолди.
Мўғулларнинг Марказий Осиёга таъсири шу қадар катта эдики, чингизийлар олти аср мобайнида бутун минтақада ҳукмрон сулола бўлиб қолди, ҳукмдорлар шажарасининг Буюк истилочига бориб тақалиши уларнинг тахтга даъволарини қонунийлаштириб келди. Ҳатто мўғулларнинг барлос уруғидан бўлган Темур ҳам, ҳокимияти чекланмаганига қарамай, давлатини назорати остидаги “чингизий” орқали бошқарди ва ўзи мўғулларнинг ҳукмрон сулоласи “куёви” деб аталди. Темур авлодлари ислом тамаддунини тиклади ва унинг мавқеини кўтарди, санъат, меъморчилик ва илм-фан тараққиётини қўллаб-қувватлади. Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари қайтадан илм-фан марказларига айланди, талабалар у ерларда астрономия, математика, тиббиёт ва ислом илоҳиётшунослигини ўрганди.
Темурийлар ўрнига туркий кўчманчиларнинг янги тўлқини – бу сафар кўчманчи ўзбеклардан бўлмиш Абулхайр давлати ҳокимиятга келди. Улар даштни бутунлай тарк этиб, Мовароуннаҳрга келиб жойлашган сўнгги кўчманчи қабилалар эди. Улар келиши билан туркий аҳоли сони анча-мунча ортди. Кейинчалик улар қаторига шимолдан келиб нўғай қабилалари ҳам қўшилди. Ўзбеклар ёнидан кетиб, даштга қайтганлар қозоқлар ёки қирғизлар давлатини ташкил қилди (Левай фикрича, “казак” “эркин кишилар” маъносини англатади).
Россия
Россиянинг янги ҳудудларни босиб олиши Иван Грозний 1550 йилларда Олтин Ўрда мероси – Қозон ва Ашатархонийлар хонликларини босиб олишидан бошланади. 1730 йилда қозоқ ўрдалари (жузлар) Россия империяси тобелигига ўтади. Қозоқлар Россия билан ўзаро муносабатларга сюзеринетнинг[1] бир шакли деб қарар эди. Бироқ 1822 йилда империянинг сиёсати қозоқларни қаттиқроқ назорат қилиш ва хонликларни сиёсий эркинликдан маҳрум этиш, шунингдек, хонлик институтини бутунлай бекор қилиш сари ўзгаради. Империянинг минтақадаги иккинчи кенгайиши 1865 йили Тошкентни босиб олишдан бошланади. Ушбу шаҳар “кейинчалик Россия Туркистони пойтахти бўлди”. Марказий Осиёни босиб олиш Россия империясининг бир замонлар даҳшатли бўлган босқинчилардан ҳарбий техник устунлиги билан изоҳланади. Минтақани зўравонлик, қон тўқиш йўли билан истило қилинди. Аммо Левай ёзишича, империя ўзи билан бирга замонавий тиббиёт, таълим соҳасидаги имкониятлар ва иқтисодий сиёсатни олиб келганини олиб келганини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Умуман, империя Марказий Осиё ҳамжамиятларида рўй бераётган ички жараёнларга унчалик аралашмасликка интилар эди.
1917 йилги давлат тўнтаришидан сўнг, 1922 йилда[2] Марказий Осиё большевикларнинг миллий чегаралаш сиёсатига кўра, республикаларга бўлинди. Этнослар миллий чегараларга “қамалди”, бироқ минтақа этник харитасининг ўзгариши давом этди: масалан, Кавказ ва Қрим ва бошқа жойлардан халқларни зўрлаб кўчириш даврида ўша ерлардаги славян халқи миқдори кескин ортди. Совет Иттифоқи парчаланиб кетгандан сўнг славян халқлари кўчиб кета бошлади.
2007 йили Индиана университети нашриёти (Indiana University Press) «Everyday Life in Central Asia: Past and Present” (“Марказий Осиёнинг кундалик ҳаёти: Ўтмиш ва бугун”) китобини чоп қилган эди. Жефф Саҳадео ва Рассел Занка муҳаррилик қилган ушбу тўпламда турли фанлар бўйича муаллифлар (жумладан, Марианн Камп, Дуглас Нортроп, Морган Лью, Лора Адамс, Мадлен Ривс, Эрик МакГлинчи, Шон Робертс ва бошқалар) Марказий Осиёнинг оддий аҳолиси (ўтмишда ва ҳозирги кунда) қандай турмуш кечиргани/кечираётгани ҳамда тарихий ва сиёсий босқичларни қандай яшаб ўтаётгани ҳақида ҳикоя қилади. Тўпламда туркман кўчманчилари, афғон деҳқонлари, қозоқ олимлари, қирғиз чегарачилари ва Ўзбекистондаги диний обидалар сақловчилари ҳақида ҳикоялар мавжуд.
_______________________________________________________________________________________________________________________________________
[1] Сюзеринет – феодализм даври учун бўлган шахсий муносабатлар ва ҳокимият муносабатлари тизими бўлиб, сюзерен (феодал ҳукмдор) билан вассаллар (феодал ер эгалари) ўртасидаги шартномага асосланган.
[2] Аслида бу 1924 йили рўй берган эди – таржимон.