2022 йил Қозоғистон учун январ ойидаги фожиали воқеалардан бошланди – оммавий норозилик намойишлари кутилмаган, қонли ва шу пайтгача тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Орадан деярли бир йил ўтганига қарамай, январда нима бўлгани ва ким айбдорлиги бўйича ҳеч қандай аниқ тушунтириш берилгани йўқ. Аммо ўша воқеалар мустақил Қозоғистон тарихида бир давр тугаб, иккинчиси бошланганидан далолат берди, мамлакат ҳалигача сиёсий ислоҳот борасида олға силжимаган бўлса-да, коррупциялашган ва бир шахсга қараб қолган режимга қайтишга йўл энди йўқ.
Қозоғистон раҳбарияти аҳолига ўзгаришларга оид ўз қарашларини таклиф этмоқда. Шундай қилиб, ўтган йил ёзида умумхалқ референдуми ўтказилиб, унинг натижалари бўйича республика конституциясига тузатишлар киритилди, ноябрда эса муддатидан олдинги президент сайлови бўлиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев янги президент муддатига эга бўлди ва янги конституцияга кўра, у олдинги беш йил ўрнига 7 йил ҳокимиятда қолиши мумкин, аммо бу бир марталик президентлик муддати бўлади. Келаси йили парламентга сайлов бўлиб ўтади, сиёсий ҳаракатлар ва партиялар пайдо бўлади, эҳтимол улар аҳолининг ҳокимиятдаги вакиллигини ранг-баранглаштирар.
Россиянинг Украинадаги уруши Қозоғистонга катта таъсир кўрсатди. Гарчи Қозоғистоннинг мавқеи омонат бўлиб қолган бўлса-да, амалда мамлакатнинг ташқи сиёсат йўналиши ҳар доимгидан кўра мўлроқ кўп векторли бўлиши мумкин. Аммо Украинадаги урушнинг энг сезиларли таъсири шу бўлдики, энергетика ресурсларини етказиб беришнинг олдин мавжуд бўлган янги муқобил транспорт-логистика занжирлари ва энергетика маршрутлари яна муҳимлашмоқда. Қозоғистон айнан шу йўналиш доирасида жорий йилда Хитой, Кавказ мамлакатлари, Европа Иттифоқи ва албатта, Марказий Осиёдаги шериклари билан алоқаларини қалинлаштирди. Худди шу тарзда туркий ҳамкорлик йўналиши бўйича ҳам мулоқотлар фаоллаштирилди.
Марказий Осиёнинг айрим мамлакатлари ўртасидаги маҳаллий тўқнашувларга қарамасдан, ўтиб бораётган йилда минтақавий ҳамкорлик юқорироқ даражага кўтарилди. Қозоғистон минтақанинг 3 та мамлакати билан дўстона муносабатларга оид шартномалар имзолади, унинг Ўзбекистон билан муносабатлари эса мисли кўрилмаган юксак – иттифоқчилик даражасига кўтарилди.
Эҳтимол Остонанинг ташқи алоқаларини фаоллаштиришга туртки берилгани Қозоғистон нафақат ресурсларга бой мамлакат, қолверса, Евроосиё марказидаги энг муҳим транзит ва транспорт ҳаби – маркази сифатида ҳам мақомини кўтариб олиши учун ноёб шароит яратгандир.
Қозоғистонда ва унинг сиёсатида қандай ўзгаришларини кузатишимиз мумкинлиги ҳақида меҳмонимиз, Қоғозистон–Германия университети профессори Рустам Бурнашев сўзлаб беради.
2022 йил Қозоғистон учун январ ойидаги фожиали воқеалардан бошланди. Ёзда умумхалқ референдуми ўтказилиб, унинг натижалари бўйича республика конституциясига тузитишлар киритилди, ноябрда эса муддатидан олдинги президент сайлови бўлиб ўтди. Қосим-Жўмарт Тўқаев янги президент муддатига эга бўлди. Сизнингча, январ воқеалари Қозоғистоннинг сиёсий ҳаракат йўналишида нималарни ўзгартирди?
Афсуски, ҳозирги пайтда ўзгаришлар ҳақида қандайдир тугалланган жараён сифатида гапириш мумкин эмас ёки ҳали эрта, менимча. Тўғрироғи, мумкин эмас. Нега? Чунки, биринчидан, январда нималар содир бўлгани аниқ тушуниб етилгани йўқ. Демоқчиманки, ушбу воқеаларнинг аниқ ҳужжатларга, дейлик, ҳеч қандай мафкуравий ва маъмурий-бюрократик кўрсатмаларга эмас, етарли социологияга асосланган қандайдир жиддий тадқиқотлари ўтказилганидан хабарим йўқ. Ҳа, у ер–бу ерда ёндашувлар, нималар содир бўлаётганини тушуниш истаги бор. Қозоғистондаги бир неча социология марказидан, ҳеч бўлмаса, биттасида тегишли тадқиқотлар ўтказилмоқда, аммо улар ҳали эълон қилингани йўқ. Шунга кўра, воқеанинг ўзи тушунарли эмас, афсуски, ўша воқеа у ёки бу манфаат гуруҳи ва таъсир гуруҳи манфаатларидан келиб чиқиб, ўта мафкуралаштирилмоқда ва ҳар хил ривоятлар тўқиб бичилмоқда.
Агар воқеалардан бироз чалғиб, улар Қозоғистонга қандай таъсир кўрсатгани ҳақида гапирадиган бўлсак, қандай туртки бериши мумкин бўлган нуқталар борлигини кўришимиз мумкин. Конституция бўйича референдум, президент ваколатлари ўзгариши, президентлик муддати ўзгариши, янги сайловни бунга мисол қилиб келтириш мумкин. Бироқ булар, яна қайтариб айтаман, туртки бериши мумкин бўлган жиҳатлар, холос. Фикримча, ҳозир Қозоғистон учун келгусидаги эҳтимол тутилган ривожланишнинг қандайдир векторлари белгилаб олинди. Аммо, биринчидан, бу векторлар ўзаро тизимли бўлмаган тартибда бир-бирига боғланган. Иккинчидан, афсуски, бу векторлардан орқага чекинилиши ҳам мумкин. Масалан, президентлик муддати фақат битта бўлиб қолишига ишонч ҳосил қила олмаймиз. Балки амалдаги президентнинг презиентлик муддати битта бўлиши мумкин, аммо келгуси президентнинг ҳукмронлик муддати нечта бўлишини ишонч билан айтиб бўлмайди, чунки мамлакатимизда барча ҳокимият идоралари ҳуқуқий чегарадан чиқмасликка ва мавжуд ҳуқуқий майдонни ўзи учун мослаб олмасликка мажбур қиладиган тегишли сиёсий институтлар, тегишли тизимлар барпо этилгани йўқ. Худди шу нарса ҳозир кузатишимиз мумкин бўлган иқтисодий жараёнлар, ўзгаришлар қилишга уринишлар, бюрократия ва маъмурий тизим сингари тилга олиб ўтишимиз мумкин бўлган кўп нарсаларга тегишли: булар барчаси нималарнингдир хомаки режаси, менимча. Ва афсуски, унчалик тизимли эмас.
Агар биз январ воқеалари ҳақида ўйлаб кўриш ва қандай хулосалар чиқаришга ҳали эрта деган фикрга қўшиладиган бўлсак, Украина уруши ҳақида нима дея оламиз? Қозоғистоннинг Украинадаги урушга, Қримнинг босиб олинишига ва Россиянинг сохта давлат тузилмаларини тан олишига оид мавқеи шу давр мобайнида изчил бўлиб келди. Остона урушни ҳам, ўша барча янги тузилмаларни ҳам тан олмаслигини дипломатик шаклда ифода эта борди. Қозоғистон қайси чизиқда мувозанатни сақламоқда? Чиндан ҳам бу барқарор мавқеми ёки омонатми?
Назаримда, бу – етарли даражада аниқ мавқе. Қўлимда, у ўзгаради, деб тахмин қилишга асос йўқ. Бу нимадан келиб чиқади? Бу йўналишда, бу тажрибамиздан келиб чиқадиган ўзига хос йўналишда қандайдир гуруҳ манфаатларини, қандайдир шахсларнинг манфаатларини эмас, айнан миллий манфаатларни жуда аниқ тушуниш бор. Халқаро муносабатларнинг Вестфалия меъёрларини сақлаб қолишга йўналтирилган манфаатлар бор, улар чегаралар дахлсизлиги, ички ишларга аралашмаслик, эгаменликни сўзсиз тан олиш ва бошқа мавқеларни назарда тутади. Мустақил ҳаётимизнинг бутун 30 йили давомида Марказий Осиёнинг ташқи хавфсизлиги ушбу меъёрларга ва ушбу йўл-йўриқларни эътироф этишга асосланиб келди. Бу модел самарадорлигини исбот қилгани шубҳасиз. Шунинг учун у чиндан ҳам миллий манфаатларни акс эттиради, мен айни пайтда ундан воз кечилаётганини кўраётганим йўқ.
Бошқа тарафдан эса, шу маънодаги ташқи таъсир анча-мунча чекланган. Назаримда, биз замонавий халқаро тизимнинг бир четида турибмиз. Бизга қизиқиш оз, шунинг учун бизни Украина бўйича қандайдир кескинроқ мавқени эгаллашга мажбурлаш ҳеч кимга қизиқ эмас. Бу сиёсий ресурслар, сиёсий босимни талаб этади. Бундай босимнинг натижаси нолга тенг бўлади. Қозоғистон Украинадаги уруш бўйича бошқа бирор мавқени эгалласа, дунёда нима ўзгаради? Ҳеч нарса ўзгармайди, кучлар, дипломатик кучлар нисбатидаги мувозанат ҳеч бир тарзда ўзгармайди. Шу сабаб биз Россияга нисбатан кескинроқ мавқени ёки Россияга маъқул келадиган мавқени эгаллашга мажбурлаш учун қандайдир жиддий босим бўлаётганини кўраётганимиз йўқ. Бинобарин, бу мавқе айни дамда қайсидир томонга оғиши учун ҳеч қандай омил йўқ. Шунинг учун мен мавқенинг омонатлиги ҳақида гапирмаган бўлар эдим.
Шу мавзуни давом эттирсак. Албатта, дунё сиёсатининг ҳеч бир субъекти Қозоғистонга тўғридан-тўғри ва очиқча босим ўтказаётгани йўқ. Лекин шунга қарамай, қандайдир қадамлар қўйилаётганини кўряпмиз. Яқинда Россиянинг Қозоғистондаги элчиси берган интервюсида жуда кескин гапирди. Албатта, у бирор янги гап айтгани йўқ, аммо жавобларида жорий йил давомида россиялик арзон обрў ортидан қуваётган сиёсатчилар ва журналистлар Қозоғистон номига қилган дўқ-пўписаларни такрорлади. Сиз шундан келиб чиққан ҳолда Қозоғистон Россия муносабатларига қандай баҳо берасиз? Бу масалада қандай тамойилларни кузатиш мумкин?
Назаримда, Қозоғистон билан Россия муносабатларида принципиал ўзгаришлар кузатилмаяпти. Албатта, аҳён-аҳёнда вазият билан боғлиқ оғишлар бор, лекин бу ҳар қандай мамлакат билан алоқаларда бўлиб туради. Аммо, фикримча, вазият тизимли тарзда ўзгараётгани йўқ.
Ҳа, Россия дискурсида популистик дискурс билан сиёсий қарорлар чиқаришга таъсир кўрсатаётган дискурс ўртасидаги ажралиш (тафовут) ҳар доим бўлиб келган. Масалан, Россия телеканалидаги қандайдир бошловчиларнинг баёнотлари, улар, масалан, Россия сиёсий элитасида расмий мақомга эга бўлган жаноб В. Никонов – у Россия Давлат Думаси аъзоси ҳисобланади – шундай мақомга эга бўла туриб ҳам, Қозоғистонга қарши баёнотлар билан чиқади. Бу Кремл сиёсатига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Буни тушунамиз. Бунақа баёнотлар бизга ёқмаслиги табиий. Биз бундай баёнотларга қарши норозилик билдирамиз. Айни чоқда бундай баёнотлар сиёсатга таъсир кўрсатмаслиги ҳам тушунарли. Бу векторимиз ҳар доим мавжуд бўлган. Биз ўша К. Затулиннинг Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари ҳақидаги иддаосини, яна А. Солженицининнг иддаосини ҳар доим эсда тутамиз. Тағин Совет Иттифоқи тарқаб кетишидан олдинги, қайта қуриш давридаги бундай иддаоларни ҳам эслашимиз мумкин. Бундай иддаоларни нормал дея олмайман, аммо биз учун оддий ҳолат. Уларни ҳозир ҳам эшитяпмиз. Афсуски, ўша вазиятни кўриб турибмиз. Мамлакатларимизда хизмат қилаётган россиялик сиёсий арбоблар, масалан, Россиянинг Қозоғистондаги элчиси минтақамиздаги, мамлакатларимиздаги вазиятни тушунмайди. Улар ўзи бўлиб турган мамлакат бўйича ҳақиқий мутахассис эмас, афсуски – кеча Қозоғистон президенти айтган фикрга мурожаат қиламан – қайсидир ахборот воситаларининг мамлакатдаги вавзиятни реал акс эттирмайдиган иддаосига таянади. Бундай аҳволга ҳам ўрганиб қолганмиз. Яна шуни ҳам надомат билан тушунамизки, халқаро муносабатларнинг чеккасида қолиб кетганимиз учун бизга дипломат қилиб, бу соҳанинг олд қаторларида бўлмаган ва пенсияга чиқишдан олдин сўнгги хизмат йилларини ўтаётган ёки қандайдир вазият ўтиб кетишини кутиб, кейин Россия ТИВ фикри бўйича аҳамиятлироқ минтақаларга юбориладиган шахслар жўнатилади. Биз бундай вазиятга Қозоғистонда ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида тўқнаш келяпмиз.
Риторика – гап оҳангида бирор нарса ўзгарди деб бўлмайди. Албатта, Қозоғистон билан Россиянинг реал ўзаро муносабатлари соҳасида жиддий ўзгаришлар Россия атрофида бўлаётган воқеалар билан боғлиқ. Аксарият ҳолларда Россияга қарши қўлланаётган санкциялар ҳам бизнинг ушбу мамлакат билан ҳамкорлигимизга таъсир кўрсатмоқда, бунга молиявий унсурлар ва мавқелар киради. Улар мен яхши хабардор бўлган соҳага кирмайди. Шунга қараамй, биз бундай ўзгаришларни ҳам қайд этиб борамиз.
Европа вектори ҳақида ҳам бир-икки оғиз гап айтиш истаги бор. Жорий йил охирида Марказий Осиё мамлакатларининг Ғарбдаги шериклари билан алоқаларини жадаллашаётгани кузатилмоқда. Қ–Ж. Тўқаев ҳам, Ш. Мирзиёев ҳам Францияга сафар қилди; Қозоғистон ЕИ билан битим имзолади. Булар барчаси юз бераётган энергетика инқирози сабаб европалик шериклар хомашёнинг муқобил манбаларини қидираётганини англатадими? Мабодо шундай бўлса, биз бу вазиятдан қандай фойдаланиб қолишимиз ва Ғарбнинг ташқи сиёсатимиздаги аҳамиятини оширишимиз мумкин бўлади? Бу манфаатларимизга жавоб берадими?
Бу манфаатларимизга – Қозоғистоннинг ҳам, Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатларининг ҳам манфаатларига – жавоб бериши шубҳасиз. Суҳбатимиз бошида мен Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг кўп векторли деб таърифлаётганимиз ташқи сиёсатининг муҳим таркибий қисмини тилга олмабман. Ўзбекистонда “ҳаммадан бир хил узоқда бўлиш”, бизда эса “кўп векторлилик” атамаси қўлланади. Бу масалада глобал миқёсда фаол бўлган йирик давлатлар билан ҳамкорликда барча шароитлар ҳисобга олинган деб тавсифланади. Биз бундай давлатларнинг ҳеч бирини ўзимиз учун устун деб белгилаётганимиз йўқ. Улар билан муносабатларни мувозанатланган тарзда барпо этишга ҳаракат қиляпмиз. Шунга кўра, биз учун Европа вектори ҳар доим аҳамиятли, бу кўп векторлилик концепцияси доирасида ҳар доим сиёсатимизнинг асосий омилларидан бири бўлиб келган. Яна қайд этиш жоизки, Европа мамлакатлари, хусусан, Франция билан алоқаларимизни бутунлай янги деб бўлмайди. Бу Франция билан олдин гаплашмаганимизни, келинглар, Франция билан ҳамкорлик қиламиз, қабилида энди кўзимиз очилганини англатмайди. Франция ҳам бизни бугун кўраётгани йўқ. Европаликлар бизни кўрмади, дея олмаймиз. Улар бизни ҳар доим кўрган ва у ерда бутун мустақиллигимиз давомида мамлакатларимиз билан шериклик бўйича у ёки бу тарздаги стратегиялар қабул қилиниб келмоқда. Европанинг Ипак йўли модели ҳисобланмиш ТРАСЕКА лойиҳасидан бошланган Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик концепцияси мавжуд. Уларнинг энергетика бозорларини ранг-баранглаштириш ғояси бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари энергетика секторида француз бизнеси жуда фаол иш олиб бормоқда. Шунинг учун бу масалада бирор нарса кескин ўзгаряпти, деб айта олмайман.
Ҳа, вазият ўзгара бошлади. Европа мамлакатлари минтақамизга бундан 2–3 олдингига нисбатан кўпроқ қизиқиш билдира бошлаганини ҳис қиляпмиз. Аммо бу стратегик ўзгариш эмас, аксинча, қизиқишнинг тактик жиҳатдан кучайишидир. Биз бундан фойдаланиб қолиш имкониятига эга эканимиз шубҳасиз. Европалик шериклар билан углеводород хомашёси манбаси сифатида эмас, технологиялардан фойдаланиш нуқтаи назаридан мулоқот қилиш имкониятимиз бор. Бу – ўзимизда мавжуд вазиятни ўзгартириш имкониятига эга бўлган пайтимиз. Ундан қандай фойдалана олишимиз эса – бошқа масала. Биз Европа бозорига энергетика ресурсларимиз билан фаолроқ чиқишдан манфаатдор эканимиз тушунарли. Бу ўринда энергетика ресурларимиз шартли тарзда бизники эканини англаб олиш лозим, чунки улар, асосан, Ғарб ва Хитой компанияларига тегишли. Шунга кўра, биз фақат ва фақат солиқлар ва божхона йиғимлари ҳисобига улардан даромад оламиз, яъни манфаат мавжуд, аммо бу манфаат бевосита эмас. Биз ресурс эмас, технологик инвестициялар кириб келишидан манфаатдор эканимиз шубҳасиз. Агар айнан шу манфаатни олға сураверсак, ҳозир вужудга келаётган имкониятдан фойдаланиб қолишимиз тайин бўлади.
Мени Қозоғистоннинг туркий интеграцияга нисбатан ёндашувлари қизиқтираётир. Бир тарафдан, бу вектор уруш сабаб жозибали бўлиб қолгани шубҳасиз. Аммо айрим экспертлар фикрича, режалари жуда катта бўлган Туркиянинг ҳаддан зиёд кучайиб кетиш хавфи бор. Сиз бу векторни қандай баҳолайсиз?
Мен “интеграция” атамасини ишлатмасликка ҳаракат қиламан. Гап шундаки, интеграция қарорларини бажариш мажбурий бўлган устмиллий идоралар шаклланишини назарда тутади. Шу боис юмшоқроқ атама бўлмиш “туркий ҳамкорлик”ни ишлатаман. Мен бу лойиҳага ишончсизлик билан қарайман, чунки идеалистик концепцияларга кўра барпо этилаётган ҳеч қандай халқаро конфигурация муваффақият келтирмайди. Уни амалга оширса бўлади, аммо барибир муаммолигича қолаверади. Дарҳақиқат, бизни турк ҳамкорларимиз билан тил, маданият ва шартли умумий тарихдан бошқа нима бирлаштириб туради, деб савол беришимиз мумкин. Бу – очиқдан-очиқ берилган савол.
Бизни Туркия билан нима бирлаштириб туради? Тилми? Ҳа, шубҳасиз. Маданиятми? Ҳа. Тарихимиз умумийлиги ҳақида гапира бошлашимиз билан жиддий саволлар ўртага чиқади. Биз Туркия билан реал умумий тарихга эга эмасмиз. У ҳолда қандай қилиб бу аломатлар билан қанақадир конфигурация барпо этишимиз мумкин? Ахир, конфигурация бу аломатлар чегарасидан ташқарига чиқиб кетади. Иқтисодиёт тилга асосланмайди. Биз тепароқда эсга олиб ўтган ўша Франция билан зўр иқтисодий муносабатлар ўрнатишимиз мумкин, ваҳолонки, бу мамлакат тили умуман тил гуруҳимизга кирмайди. У билан ҳеч қандай умумий маданиятимиз ҳам йўқ, бироқ шунга қарамай, у билан идеал иқтисодий муносабатлар ўрнатсак бўлади. Масалан, Хитой билан иқтисодий ҳамкорликни қанчалик танқид қилмайлик, барибир у билан ҳамкорлик қилаверамиз. Карантиндан олдинги даврда Хитой бизнинг асосий иқтисодий шеригимиз эди. Биз буни умумий маданиятимиз, тилимиз ва ҳк. белгилайди, деб айта олмаймиз-ку. Йўқ, бу – ўзга соҳа, бутунлай бошқа соҳа. Бу – иқтисодий соҳа. Ҳарбий соҳа ҳам худди шундай. Фикримча, тил ва маданият сингари нарсалар орқали муносабат ўрнатиш яхши. Аммо у белгиланган меъёрларда яхши. Шунинг учун туркий давлатларнинг тилни ва маданиятни ривожлантириш, тарих дарсликларини бирга ёзиш доирасидаги ҳамкорлиги ҳеч қандай шубҳа уйғотмайди. Булар – жуда яхши лойиҳалар. Аммо мана шу доирадан чиқиш жиддий саволларни ўртага қўяди.
Ўзим учун аҳамиятли бўлган 3 та масалани санаб ўтмоқчиман.
Биринчидан, биз Марказий Осиёдаги тил ва маданият омилларига кўпроқ эътибор қаратаётганда, таассуфки, бу минтақани емира бошлаймиз, чунки Туркиядан ҳам аҳамияти кам бўлмаган шеригимиз бор. Моҳиятан, унинг аҳамияти Туркияникидан каттароқ, чунки у минтақамизда жойлашган. Бу – Тожикистон. Албатта, Тожикистон туркий тилли давлат эмас, у Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) кирмайди ва таклиф ҳам этилган эмас. Ушбу мамлакат ҳамкорлигимиздан чет чиқиб қолса майлими, деган савол туғилади.
Иккинчи масала – бетараф давлат мақомига эга бўлган Туркманистон. Туркманистон ҳам Туркий давлатлар ташкилотига кириши даргумон, чунки унинг бетарафлик мақоми қандайдир халқаро ёки минтақавий ташкилотга аъзо бўлиб киришини назарда тутмайди. Шунинг учун жиддий масалалар ўртага чиқмоқда. Туркий интеграция ҳақида гапирганимизда, минтақадаги шерикларимиз, биз учун принципиал жиҳатдан муҳим ва аҳамиятли бўлган мамлакатлар бундай мавқега қандай муносабатда бўлади, деган саволни ўзимизга берамиз. Шунга кўра, бу масалада жуда кўп саволлар туғилади.
Учинчидан, Анқаранинг айрим ҳаракатлари, албатта, саволлар туғдирмоқда. Масалан, Шимолий Кипрнинг ТДТдаги мақоми масаласини олайлик. Бу ҳозиргача тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Қозоғистон ва Ўзбекистон ТИВ бу масала Самарқанддаги саммит чоғида кўриб чиқилмаганини ва у бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилинмаганини, турк томони эса кўриб чиқилганини иддао қилмоқда. Бу ҳам етмагандай, ТДТнинг расмий саҳифасиги кирсак, у ерда Шимолий Кипр кузатувчи мақомига эга мамлакат сифатида тамсил этилганини кўрамиз. Ўша сайтда чоп этилган декларация матнини кўздан кечирсак, муайян талқинга кўра бу мамлакат камида кузатув мақомида таклиф этилаётганини уқиб олиш қийин эмас. Назаримда, бу – жуда муаммоли мавқе. Демак, ушбу ташкилотда муаммо деб ҳисобланмаётган қандайдир зиддиятлар мавжуд. Аммо жамоатчиликка маълум қилинадиган ва стратегик жиҳатдан муҳим масалаларга нисбатан турли мавқелар эълон этиладиган зиддиятлар зуҳур бўлади. Масалан, Шимолий Кипрнинг ТДТда кузатувчи сифатида мавжуд бўлиши Қозоғистоннинг кўп векторлиликка эш бўлаётган ташқи сиёсат стратегиясига жуда кучли зарбадир. Бу вектор БМТда муайян мақомга эга бўлмаган қандайдир давлат тузилмаларини принципиал жиҳатдан тан олмасликдир. Айни мавқе бизга Украина ва Грузиядаги таназзул доирасида оқилона йўл тутиш имконини берган эди. Энди эса бизга, йўқ, энди умумий принципиал мавқеингизни йўқотяпсиз, дейишмоқда. Бундан кейин қандайдир янги тузилмаларни тан олмасликни асослаш жуда қийин бўлади. Менимча, бундай масалалар ТДТ доирасида сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий ҳамкорлик самарадорлигини йўққа чиқаради.
Келинг, Марказий Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик ҳақида озроқ гаплашамиз. Бу борада жорий йилда айтарли ўзгаришлар бўлмади. Чўлпонотадаги учрашувда чоғида кескин олға силжишларга сабаб бўладиган қарорлар қабул қилинмади. Аммо қозоқ–ўзбек муносабатларидаги сезиларли олға силжиш бор. 2018 йилда Остона–Тошкент иттифоқи ёки ўқини яратиш керак ва шу асосда минтақавий ҳамкорикни барпо этиш мумкин, деган гапимиз амалга ошмоқда. Сиз Марказий Осиёдаги минтақавий алоқаларни қандай баҳолайсиз? Қандай тўсиқлар ва қандай истиқболлар бор?
Кескин олға силжишлар бўлмади, деган гапингизга қўшиламан, лекин, назаримда, минтақавий формат нуқтаи назаридан бу бир ҳисобга яхши бўлган бўлса ҳам ажаб эмас. Гап шундаки, мамлакатларимизни шоша-пиша бирлаштиришга ва ҳатто қандайдир интеграция тузилмалари барпо этишга уринишлар бизга имкониятдан яратишдан кўра хавф солиши мумкин. Шунинг учун ҳозирги мавжуд ҳамкорлик формати оптимал ҳолатда деб ҳисоблайман. Айни маънода Ўзбекистон билан Қозоғистоннинг ўта фаол ҳамкорлиги менга қўшимча хатарлар олиб келадигандай туюлмоқда. Балки ортиқча фаолликсиз ҳам ҳамкорлик қилиш мумкиндир. Лекин бунинг ҳам ёмон жойи йўқ. Ушбу фикримни батафсил тушунтириб беришга ҳаракат қиламан. Нега бундай секин ҳаракат яхши бўлиб туюлмоқда? Чунки у “техник даража” деб аталаувчи ҳолатга кўчирилган. Биз чин маънода масалаларни сиёсийлаштиришдан воз кечиб, ҳал этилиши керак бўлган масалаларни қўлимиздан келганча у ёки бу тарзда техник даражада ечяпмиз.
Масалан, жорий йилда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўли қурилиши бўйича битим, ниҳоят, очиқланди. Неча йиллардан бери – бу ғоя пайдо бўлганига неча йил бўлганинини айтишга ҳам қўрқаман – олға сурилиб келаётган маршрут бўйича битимга қўл қўйилди. Имзоланган битим формати барча томонларнинг манфаатларига мос келади. Ҳатто поезд ғилдиракларининг Қирғизистон ҳудудининг ўрта қисмида алмаштириладиган жой ҳам техник жиҳатдан қулай, чунки Қирғизистон ўша ерда қўшимча омборлар қуриш, яъни Қирғизистон ватандошларини иш билан таъминлайдиган муайян макон яратиш имкониятига эга бўлади. Ушбу мамлакат янги Дордой форматидаги ва ҳатто Қозоғистон билан Хитойнинг Қўрғас (Хоргос) ҳудудидаги ҳамкорлигига ўхшаш бозор барпо этиши ҳам мумкин, чунки ўша ерда омборхона бинолари қуриш ва улгуржи савдони ташкил этиш имконияти бор. Бу жанубий Қирғизистон ривожланишига кучли туртки бўлиб хизмат қилса ажаб эмас.
Бу Ўзбекистон учун Хитой бозорига чиқиш йўлида ёки Хитойнинг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга чиқилаётганига қўшимча равишда муқобил канал бўлиши тушунарли. Яъниким, бу қарорнинг потенциали жуда катта. Энди ҳамма гап уни сиёсийлаштирмасликда. Афсуски, биз қирғиз–тожик чегара можароси муносабати билан бу қарорни сиёсийлаштиришга уринишлар бўлганини кўрдик. Ушбу можаро темирйўл қурилмаслиги ёки у қийинчилик билан қурилиши учун Марказий Осиё минтақаси эмас, маҳаллий ҳудудни беқарорлаштириш мақсадида унинг лойиҳасига қарши пайдо бўлгани ҳақида гаплар бўлди. Бу – сиёсийлаштиришга уриниш. Биз бундай масалаларни сиёсийлаштирмай туриб ҳал этяпмиз.
Худди шу гапни Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасида чегаралар бўйича битим имзоланиши юзасидан ҳам айтиш мумкин – мен сўнгги битимни назарда тутяпман. У чиндан ҳам жуда кўп техник масалаларни ҳал қилади. Агар биз популизм, яъни ким кимга қанча ер берди ва бундан ким ютди, деган арзонгаров гапларни бир четга суриб қўядиган бўлсак, бу Андижон сув омборидан (Ўзбекистонда шунақа деб аталади) фойдаланиш масаласида муносабатларнинг нормаллашуви, умуман, чегара масаласининг нормаллашуви эканини англаб етамиз. Қирғизистоннинг қатъияти кейинги нормал ҳамкорликка асос яратади, келишилмай қолган ҳудудларда нимадандир ўқ чиқиши хавфи олдини оллади. Бу бир неча йилдан бери Қирғизистон билан Тожикистон ўртасида содир бўлиб келаётир.
Шунга кўра, бундай масалаларни босқичма-босқич ҳал этиб бориш мустаҳкамланиши ва қайсидир босқичда кенг қамровли Марказий Осиё минтақаси шаклланиши учун жуда яхши замин яратади. Биз шунда сиёсий аҳамиятга эга бўлган ташаббусларни ҳам кўриб чиқишимиз мумкин бўлади. Улар ҳам биринчи навбатда техник мазмун касб этади.
Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари ҳар доим минтақанинг транспорт ва логистика тармоғини ривожлантириш зарурлиги ҳақфида гапириб келади. Бу – чиндан ҳам муҳим. Ҳозир камроқ бўлса-да, товарлар эмас, ватандошларнинг мамлакатлар ўртасида бир жойдан бошқасига боришида муаммога дуч келяпмиз. Масалан, Ўзбекистондан Қозоғистоннинг бирор вилоятига бориш учун йўловчи албатта Алмати орқали учиши шарт. Қозоғистондан Ўзбекистонга бориш хусусида ҳам худди шу гапни айтиш мумкин. Бу бир жойдан бошқасига бориш қимматлашувига ва яна бир лойиҳамиз – туризм суръати пасайишига олиб келишини тушунамиз.
Лекин биз бу масалани сиёсийлаштираётганимиз йўқ – қандайдир ягона транспорт ва логистика консорциуми ёки интеграциялашган темирйўл барпо этиш ҳақида гапираётганимиз йўқ. Йўқ, биз, келинглар, шу тармоқларни ривожлантирайлик, демаяпмиз, бемалол қандайдир маҳаллий қўшма корхоналар ташкил этиш, улар эса келгусида минтақавий форматга чиқишимиз имконини бериши мумкин. Шу ўринда нега Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликнинг тезлашиб бораётгани хавфли бўлиши мумкинлиги тўғрисидаги иккинчи фикримга қайтсам. Мен бу ерда Марказий Осиёнинг бошқа мамлакталари нуқтаи назаридан хатарлар пайдо бўлиши мумкинлигидан хавфсираяпман. Биз бундай вазиятни АСЕАН мисолида кўрган эдик – дастлаб интеграция моделини Япония таклиф этди, аммо, айниқса, Иккинчи жаҳон урушидан сўнг ушбу мамлакатдан Жануби-шарқий Осиё минтақасида ҳамиша хавфсираш бўлгани сабабли ташаббус амалга ошмади. Ташаббус ғояси Австралияга берилгандан сўнг уни ҳамма жон-жон деб қабул қилди, ваҳолонки, ҳамкорлик ташаббуси Японияники билан айни эди. Айтмоқчиманки, масала ташаббус кимдан чиқаётгани билан ҳам боғлиқ.
Айни ҳолатда мен Тошкент билан Остонанинг ўта жиддий яқинлашуви Бишкек, Душанбе ва қисман Ашхободнинг иқтисодиёти кичикроқ миқёсли ва ҳарбий-техник потенциали камроқ ривожланган давлатлар сифатидаги манфаатлари эътиборга оз олинишидан қўрқиб қолишидан хавфсирайман. Шунинг учун аста-секин юзага келадиган икки томонлама ва беш томонлама форматни, назаримда, барча томонлар ишониб ва хайрихоҳлик билан қабул қилади.
Лекин бу иттифоқ шартномасига қўл қўймаслигимизни англатмайди. Келинглар, икки томонлама шартнома тузамиз, кейин яна битта икки томонлама шартнома тузамиз ва пировардида минтақани шакллантириши мумкин бўлган икки томонлама шартномалар тўпламини қўлга киритамиз, деган қандайдир намуна ёки модел сифатидаги иттифоқ шартномаси ғояси [иш бериши шубҳасиз]. Айни ҳолатда мана шу йўналиш оптимал бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Мен, умуман, шундай ижобий фикрим бўлишига қарамасдан, содир бўлиши мумкин бўлган айрим кичик хатарларни айтиб ўтишни лозим топдим.
Ҳа, қизиқ фикр. Чиндан ҳам ушбу хатарларни ҳисобга олиб, ҳамкорликни режали тарзда ва беш томонлама форматда ривожлантириш яхшироқ бўлса керак. Дарвоқе, мен бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эканман.
Айни чоқда шу мавзуни яна давом эттирсак. Қозоғистон билан Ўзбекистон амалда ҳарбий ва сиёсий иттифоқчи бўлиши мумкинми? Ушбу икки мамлакатда бундай истиқбол қандай баҳоланмоқда? Хавфсизликнинг бутунлай янги тизими шаклланиши арафасида турибмиз ва у Марказий Осиёнинг мустақил мамлакатлари манфаатларига яхшироқ жавоб беради, деб айта оламизми?
Гап нимада эканини айтайми? Гап шундаки, биз аслида ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузаётганимиз йўқ. Нега? Чунки Марказий Осиёнинг ҳеч бир мамлакатида бошқа бирор мамлакат потенциал душман сифатида қайд этилмаган, яъни ҳозирги ҳолатда биз кимгадир қарши иттифоқ туза олмаймиз. Бунақа душманлар йўқ ва шунга кўра, бундай иттифоқни тузиш, кимга қарши иттифоқ тузяпсизлар, деган савол кўндаланг қўйилишига сабаб бўлур эди. Шунинг учун бу масалада сиёсий йўлимиздан келиб чиққан ҳолда бундай ҳамкорликни йўлга қўя олмаймиз. Бинобарин, бундай блок қандайдир ички кучларга қарши йўналтирилиши ҳам мумкин эди. Аммо у ҳолда эгаменлигимиз ва улар қандай ички кучлар экани ҳақида савол пайдо бўлиши мумкин. Бу минтақамиздаги cиёсий режимларнинг ҳар қандай мухолифатни бостиришга уриниши бўлмайдими? Мухолифат кучларига бундай бирга қарши туришнинг хатарли жиҳатлари ҳам кўп. Бу ерда унчалик яхши бўлмаган ва хатарли коннотация (қўшимча маъно) пайдо бўлади.
Ниҳоят, миллий қонунчилик билан боғлиқ жиддий чеклов бор. Масалан, Ўзбекистонда ўзбек ҳарбий хизматчиларининг ушбу мамлакат ҳудудидан ташқарида [ҳарбий ҳаракатларда] иштирок этиши кўзда тутилмаган, яъни Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ҳарбий хизматчиларни мамлакат чегараларидан ташқарига жўнатиш мумкин эмас. Шу мавқе Совет Иттифоқи тарқаб кетиши ва совет армиясидаги вазият таъсирида 90-йиллар бошида қонунчиликда қайд этиб қўйилган ва бугунги кунда ҳам сақланиб қолмоқда. Модомики, ички қонунчиликни жиддий ўзгартиришни назарда тутар экан, бу иттифоқ қандай фаолият юритади ва биз нима учун Ўзбекистонда мавжуд тартиблардан четга чиқяпмиз? Қозоғистонда бундай тартиблар йўқ, Ўзбекистонда эса бор. Муаммо ана шундан келиб чиқади. Айтганча, таҳлил учун мавжуд ҳужжат лойиҳасини кўриб чиқадиган бўлсак, гап у ерда чекланган иттифоқ ҳақида кетаётганини кўрамиз. Мамлакатлардан бирига қарши тажовуз иккинчи томон автоматик тарзда ёрдамга келишини эмас, маслаҳат ва қўллаб-қувватлашни англатади. Гап катта эҳтимол билан ҳарбий кўмак эмас, сиёсий қўллаб-қувватлаш, ҳарбий кўмак эмас, ҳарбий-техник қўллаб-қувватлаш ҳақида кетмоқда. Шунинг учун мен қандайдир ҳарбий иттифоқ ҳақида гапирмаяпман.
Умуман олганда, бу ҳозирча яхши бўлса керак, чунки – биринчи тезисга қайтаман – минтақамиз учун ҳарбий ва ҳарбий-сиёсий бирлашма ташқи шерикларимизнинг ҳам, минтақадаги шерикларимизнинг жиддий салбий муносабатига сабаб бўлиши мумкин. Яъниким, иттифоқчилик муносабатлари ҳозир 2 та мамлакат ўртасида ўрнатилмоқда, бунга Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистоннинг муносабати ҳозирги ҳолатда аниқ эмас, ҳар ҳолда менинг бундай муносабатдан хабарим йўқ, у ҳали ҳисобга олингани йўқ. Айнан ҳарбий-сиёсий иттифоқни айтяпман. Шунинг учун ҳозирча ҳарбий-сиёсий иттифоқ ташкил этилмаётгани яхши, деб ўйлайман. Биз ҳозирча шерикларимиз манфаатларига дахл қилмайдиган соҳаларда қалин иттифоқчилик муносабатлари ўрнатяпмиз. Булар иқтисодиёт, молия, маданият ва шунга ўхшаш соҳалардан иборат, ҳарбий масалага эса ҳозирча тегилмаяпти.
Ниҳоят, келинг, йилнинг оралиқ натижаларини ажратиб кўрсатишга ҳаракат қиламиз. Минтақанинг барча мамлакатлари аҳоли устидан ички назоратни кучайтирди. Эҳтимол айрим кузатувчилар Марказий Осиёда кучли демократик мамлакатлардан кўра ишончли иттифоқчиларга эга бўлишни афзал билиб, Ғарб ҳам ушбу авторитар векторни қабул қиляпти, деб ҳисоблаётгандир. Сиз бунга нима дейсиз? Бундай автократиялар чиндан ҳам барқарор бўладими ва минтақамиз манзарасининг ўзгармас қисми бўлиб қоладими?
Биз оз ёки кўпи билан 30 йилдан бери шундай автократиялар ҳукмронлиги остида яшаб келяпмиз ва улар ростдан ҳам барқарор эканини кўряпмиз. Ҳатто Африка мамлакатларига намуна сифатида қарайдиган бўлсак, таассуфки, шундай кўринишдаги автократик ва ҳатто тоталитар давлатлар алоҳида кишининг, баъзан эса бир неча авлод умрича узун бўлиши мумкинлигини кўряпмиз. Бу давр 50–60 йилгача етиб боради. Шу сабаб бизда шундай хавф бор. Аммо барқарорлик учун тўланадиган қиймат ошиб бораётганини ҳам тушуниш лозим.
Агар минтақамиз учун 2022 йилнинг қандайдир натижасини сарҳисоб қиладиган бўлсак, мен Қозоғистондаги январ воқеаларини ва Ўзбекистон Қорақалпоғистонидаги воқеаларни эслатиб ўтмоқчиман. Бу воқеалар аҳолини назорат қилиш эмас, уни билиш муаммоси борлигини кўрсатиб берди. Бир пайтлар Мишел Фуко таклиф этган классик схема бўйлаб ҳаракатланишни давом эттираверсак ва ҳатто самарали назорат ҳақида гапирсак, ушбу назоратни қандайдир билим билан таъминлашимиз шарт. Биз аҳолини тушунимиз зарур. Афсуски, сўнгги пайтларгача аҳолини тушуна олмадик. Нега тушуна олмаганимиз ҳам аён, чунки бунинг зарурати бўлмаган.
Масаланинг иқтисодий жиҳатига қайтаман. Гап шундаки, 2000–йиллардан бери ўтган йиллар мобайнида аҳоли назорати сайловчиларни нефт савдосидан тушган пул ҳисобига сотиб олиш ва ундан тушган ресурсларни қайта тақсимлаш эвазига амалга оширилиб келди, ўша ресурсларни қайта тақсимлаш сайловчиларни сотиб олиш имконини бериб тургани Қозоғистон аҳолиси онгида бу ердаги ҳаёт даражаси қўшни мамлакатлардагидан яхшироқ экани, шу сабабли қоғоғистонликдар чет элларда гастарбайтерлар бўлиб ишламаётгани ва ҳк. ҳақидаги жиддий ва ўта барқарор чўпчаклар пайдо қилган эди. Энди эса ўша ресурсларнинг таги кўриниб қолганини кўряпмиз.
Шунга кўра, ҳокимият билан аҳолининг ўзаро ҳаракатларини бутунлай бошқа ўзан ва форматга кўчириш керак бўлади. Агар биринчи саволга қайтадиган бўлсак, ўзгаришнинг бизда шаклланаётган асосий нуқтаси – бунга жуда умид қилгим келади – мамлакатларимизда бошқарув тизимини барпо этиш учун аҳолини билишимиз кераклигини тушуниш юзага келаётганидир. Бунинг учун аҳоли билан ўртадаги масофани кўпайтирмаслик, унга сотиб олиш мумкин бўлган омма сифатида эмас, аниқ манфаатлари бор аҳоли, халқ сифатида қарашимиз лозим. Ушбу манфаатларини ҳисобга олиш, уларни аниқлаш ва амалга оширишнинг аниқ механизмларини ишга туширишимиз зарур.
Қозоғистон сиёсий тизимида пайдо бўлган режаларга қайтамиз. Партия қурилиши бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилди. Унга кўра, энди сохта 5 та партия бўлмайди, аҳолининг у ёки бу ижтимоий гуруҳлари ва қатламлари манфаатини акс эттирадиган партиялар пайдо бўлади. Бу – жуда муҳим жиҳат.
Мен Ғарбдаги шерикларимиз мавжуд вазиятга кўникиб қолади, деб айта олмайман. Ҳар ҳолда у ёқда ҳам демократлаштириш яланғоч ғоя сифатида иш бермаслигини тушуниш бор, деб умид қилгим келади. У ҳеч қаерда иш бермайди. Бундай демократлаштириш Африка мамлакатларида ҳам, Осиёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам, Марказий Осиёда ҳам иш бермади.
Ҳамма гап – демократияни инқилобий йўл билан жорий қилмасликда. Бир зарб билан жорий этиб бўлмайди уни – бирдан демократик мамлакатга айланиб қолмаймиз. Чиндан ҳам биз ўзгаришларни аста-секин амалга оширишимиз зарур. Афсуски, 30 йил давомида қарор топган авторитар тизимдан аҳолининг манфаатлари ҳисобга олинадиган ва амалга ошириладиган тизимларга ўтиш оосон кечмайди. Тизим аста-секин ва юмшоқ тарзда ўзгариши лозим. Шунга умид қилгим келяпти. Шу билан бирга, узил-кесил хулоса чиқариш учун шерикларимиз бундан буён ўзини қандай тутишини кўришимиз даркор. Улар чиндан ҳам Украинадаги уруш сабаб оғир вазиятга тушиб қолиб, бизга фақат энергия манбаси сифатида қарай бошлайдими ва бизга нефт берсангиз бўлди, қолгани билан ишимиз йўқ, қабилида мамлакатимиздаги вазиятга кўз юмадими? Бундай хатар ҳам, шубҳасиз, бор
Улар бундай вазият беқарор ва ишончсиз эканини тушунишига умид қиламан. Россия билан Европа ўртасидаги муносабатлар буҳрони углеводород ресурсларидан фойдаланиш кафолатли бўлмаслигини кўрсатиб берди. Стратегик барқарорлик ва тактик барқарорлик – бўлак-бўлак нарсалар.