Совет тарихчилари Россиянинг империя ва болшевик ҳокимиятларига қаршилик кўрсатган Марказий Осиё мусулмон халқлари қўзғолончиларини босмачилар деб атаган. Совет даврида босмачилар инглиз пулемётлари билан билан қуролланган каллакесар ва реакционерлар қилиб тасвирланган бўлса, ҳозирги кунда улар озодлик йўлида курашган ва кўпчилик манфаатлари ифодачиси сифатида романтиклаштирилмоқда. Аслида босмачилар ким бўлган? Уларнинг қандай манфаати бор эди? Бизга уларни ҳаққоний тадқиқ қилишга нима халақит беради?
Босмачилик ҳаракати тарихи ҳақида тожик тарихчиси Камолудин Абдуллаев сўзлаб беради.
Камолудин Абдуллаев, мустақил тарихчи, Душанбе, Тожикистон. Бу – менинг шахсий саҳифам ва у Ўрта Оисёнинг энг янги тарихига бағишланган. Шахсий саҳифа – https://kamolkhon.com/main/
Қуйидагилар илмий лойиҳалари ва қизиқишлар доирасига киради:
- Тожикистоннинг замонавий тарихи
- Ўрта Осиёдаги босмачилик тарихи (1918 – 1932 йй.)
- ХХ асрдаги Ўрта Осиё эмиграцияси тарихи
- Совет ҳокимиятининг дастлабки босқичидаги Ўрта Осиё тарихи
- Октябр инқилоби ва Россиядаги фуқаролар уруши тарихи (1918 – 1920 йй.)
- Совет тарихи: тарихшунослик ва тарихий манбалар (СССР тарихи манбашунослиги)
- Совет Туркистони газеталари тарихий манба сифатида (1918 – 1924 йй.)
- 1992 – 1997 йиллардаги тожиклараро можаро ва фуқаролар уруши
- Тожикистон ва Афғонистондаги саркардалар
Кўпчилик босмачилик пайдо бўлишини мусулмонларга 1916 йилдаги фронторти ишларига қилинган машъум давъат билан боғлайди. Босмачилик ҳаракати пайдо бўлишининг манбалари / сабаблари ва минтақавий шароитлари қандай бўлган? Босмачилик ҳаракати нима дегани? У қандай пайдо бўлган ва тарқалган? Ушбу ҳаракатнинг нишоналари ва бошланмаси ҳақида гапириб берсангиз.
Саволингиз учун раҳмат.
Лекин мен гапни аввало босмачилик[нинг пайдо бўлиш] имкониятини қандай тадқиқ қилаётганимиздан бошламоқчиман, бу – айни пайтда жамият ушбу ҳодиса ҳақида фикрини қандай билдираётганининг инъикоси. Маълум вақтда фикримиз бир хил бўлган бўлса, кейинчалик ўзгариб борган. Кўпинча бунга олдин онгимизга ўрнашиб қолган қарашларни қайта кўриб чиқиш имконини берадиган янги манбалар пайдо бўлаётгани қўл келмоқда. Иккинчидан – сиёсий режим ва учинчидан, ниҳоят умумий сиёсий вазият ўзгараётганидир, у бизга ўша ҳодисага янгича кўриш бурчагидан қараш имконини бераётганидир. Шунинг учун сиз, жамиятимизнинг босмачиликка қараши вақт ўтиши билан ўзгариб борди, деганда мутлақо ҳақсиз. Энди, босмачиликнинг пайдо бўлиши 1916 йилда мусулмонларни фронторти ишларига сафарбар қилиш билан боғлиқ эдими, деган саволингизга қайтамиз. Дарҳақиқат, 1916 йилда Ўрта Осиё халқларининг жуда катта қўзғолони юз берган эди, у Ўрта Осиёнинг тожик ва ўзбеклар яшайдиган воҳа қисмида, шунингдек, қирғиз ва қозоқлар яшаган Еттисувда, даштда ва б. жойларда авж олиб кетди.
Яъниким, жуда катта қўзғолон бўлди, унинг миқёси ҳам шунга яраша эди. Босмачиликнинг ўлчамлари бошқа бўлган, шунинг учун мен бу ҳодисани бир хил қолипга солмоқчи эмасман. Гарчи кўпчилик ўша икки ҳодисани бир-бирига боғлаган бўлса-да – албатта, қандайдир эски ҳисоб-китоблар бўлган – аслида бу бошқа вазият, бошқа ҳаракатлантирувчи кучлар ва бошқа сабаблар эди. Босмачилик ҳақида гап кетганда, албатта, бу ҳаракат ҳақидаги билимимиз қандай ривожланганини ҳисобга олиш зарур. У ҳар хил тарзда ўзимиз яшаётган давр, тарихдаги даврга қараб, ўзимизга боғлиқ ҳолда кенгайиб борган. Афғон уруши вақтида босмачиликка қизиқиш жуда қизғин бўлган, чунки босмачилик билан афғон болшевиклар ҳаракати ўртасида ўхшашлик бор деб ҳисобланган, ушбу муммони ўрганиш устидан қаттиқ назорат ўрнатилган. Дарвоқе, мен ҳам ўша назорат остига тушиб қолган эдим. Мен Москвадаги аспирантлик мавзумни босмачилик бўйича бошлаганман. Менга бу жуда жиддий мавзу экани, босмачиликни қувватлантириб турган ижтимоий база ҳалигача мавжуд эканини тушунтириб қўйишган. Шунинг учун ҳушёр ва эътиборли бўлишим зарурлигини тайинлашган. Ҳатто кимдир бу ҳақда гапирса, уларни қўллашини билдирса, бу ҳақда керакли идораларни хабар қилишим ҳақида тўғридан-тўғри таклиф ҳам бўлган. Шунинг учун қайта қуриш бошлангандан сўнг барча сиқувлар, тадқиқотлар ва совет давридаги назоратга акс муносабат тарзида босмачиликни оқловчи кўплаб қарашлар, босмачилик ҳаракатига хайрихоҳлик ҳоллари кўпайиб кетди ва бу ҳозирга қадар ҳам йўқолиб кетмади.
Ҳозирги пайтда 1991 йилдан бошлаб, миллий республикаларимиз мустақил бўлди, улардан ҳар бири босмачиликка нисбатан ўзига хос қарашга эга бўлди ва ҳар хил тарзда шаклланмоқда ва ифода қилинмоқда. Ўзбекистон сингари айрим жойларда у озодлик ҳаракати деб ҳисобланади. Тожикистонда босмачиликка эҳтиёткорлик билан баҳо берилмоқда. Сабаблар ва минтақавий шароитлар қандай?
Албатта, шу ўринда босмачилик ҳаракати биринчи марта Фарғонада бўлганини қайд этиш жоиз. Асосан, у ҳокимият ўрнида бўшлиқ пайдо бўлганидан сўнг юзга келган эди, яъни одатда бундай қўзғолонлар олдинги ҳукумат қулаб, парчаланиб кетгандан, сўнгра аҳолини, ўз ватандошларини қўриқлаш вазифасини бажара олмай қолгандан кейин бошланиб кетади. Бундай шароитда аҳоли ўз давлатини қўриқлаш вазифасини зиммасига олади. Йўқ, давлатини тўлиқ эмас, одатда, жамоатлар, шаҳарлар ва қабилаларни қўриқлашга ўтади.
Халқ бундай пайтда маҳаллий миллатчилар ёки болшевиклар, ёки рус оқ гвардиячилари ўзаро келишиб олишини, ҳокимият ҳукуматга ўхшаган бирор нарса тузишини ва ўзи унга бўйсунишини кутиб турган. Аммо ундай бўлмаган, яъни бу шунақа ҳаракат майдонга чиқишига сабаб бўлган ҳокимият инқирози эди, шундай халқ ҳокимиятни ўз қўлига олишга ҳаракат қилади. Ўша пайтда қандайдир етакчилар пайдо бўлади, босмачиликка аксарият ҳолларда русларга қарши ҳаракат деб қаралади. Мен уни русларга қарши ҳаракат деб ҳисобламайман, у кофирларга қарши диний ҳаракат эди. “Кофирлар” қаторига мусулмонларнинг ўзи ҳам тушиб қолиши мумкин бўлган. Ислом ҳукмига кўра, мусулмонга қарши зўравонлик ишлатиш зарур бўлганда бундан олдин муллалар, бу киши фалон-фалон сабабларга биноан кофир ҳисобланади ва айни ҳолатда бу кишига нисбатан зўравонлик қилиш мумкин, деган фатво чиқарган. Шунинг учун бу маънода у русларга эмас, биринчидан, ўзлари кофир деб ҳисоблаган кишиларга қарши ҳаракат бўлган. Бундан ташқари, бирдан шуни айтиб қўймоқчиманки, Фарғонадаги ва Шарқий Бухородаги Иброҳимбекнинг босмачилар бўлинмаларида турли миллат кишилари: руслар, кавказликлар ва б. бўлган.
Ҳаракатнинг ижтимоийлик характери қандай бўлган? Шартли қилиб айтганда, босмачилар ҳаракати сафига кимлар тўпланган: ёш деҳқонларми, чўпонларми ёки мадрасада ўқиётган саводли кишиларми? Кўчманчиларми ёки деҳқонларми? Улар қайси тилда сўзлашган? Ўша пайтда одамлар этник жиҳатдан ким эканини фарқламаганини биламиз.
Тўғри айтасиз. Ушбу даврни ўрганаётган тадқиқотчилар аксарият ҳолларда ўша ҳаракатларда қатнашган кишининг миллатини аниқлашга мажбур. Аммо у пайтда миллат кўрсатилмаган. Биз, яъни тарихчилар, тез-тез у ёки бу кишининг миллатини аниқлашимизга тўғри келади. Аммо қайсидир ҳолларда, албатта, аниқ ажратиш бўлгани, ўтроқ аҳоли билан кўчманчи аҳоли ўртасида ажратиш бўлгани кўзга ташланади. Ўтроқ аҳолига тожиклар ва ўзбекларнинг бир қисми, кўчманчилар бўлагига ўзбекларнинг кўчманчи қисми, жумладан, қирғизлар ҳам, қозоқлар ҳам, дангал айтганда, туркманлар ҳам кирган. Шунинг учун ҳаракатнинг миллий таркибини тахминан аниқлай оламиз. Этник таркиб ҳақида гапирадиган бўлсак, айни ҳолатда мен этник таркиб деганда қабила тузилмасини назарда тутяпман; шуни қайд этиш қизиқки, этник маънода босмачилик ҳаракатида иштирок этган туркларнинг бир қисмини ҳатто Қозоғистон ҳудудидан келиб чиққан, деб айтиш мумкин, чунки улар Дишти Қипчоқдан бўлган. Мен XVI асрда дарё соҳилига, Амударё яқинига келган охирги туркларни назарда тутяпман, улар ўзбек қабилаларидир, улар шу маънода ўзбек қабилаларики, олдин ўша ёқда яшаган қозоқ қабилалари бўлган. Улар ўша пайтда ўтроқ ҳаёт тарзига энди киришаётган эди, яъни қисқа вақт мобайнида бир жойдан бошқасига кўчиб юрган, ўзи қайсидир қишлоқларда яшашига қарамай, бизнинг Тожикистондаги Ҳисор билан, дейлик, Кўлоб ўртасида кўчманчилик қилишни давом эттирган. Улар босмачиликнинг ўзагини ташкил этган энг жангари лақайлар бўлган.
Тожикистон ҳақида гапирадиган бўлсак, Совет ҳукуматининг тахминий ҳисоб-китобларига кўра, 1920 – 1923 йилларда Шарқий Бухоро, айни ҳолатда Марказий Тожикистоннинг ва Жанубий Тожикистон аҳолисининг учдан икки қисми тожиклар, учдан бир қисми эса ўзбеклар бўлган. Айни чоқда улар қайд этишича, босмачилик ҳаракати таркибига қаралса, тескари манзара ҳосил бўлганини кўриш мумкин: босмачиликнинг учдан икки қисми ўзбеклар, яъни турли турклар, учдан бир қисми эса тожиклар бўлган. Яна таҳлил бир мулоҳаза билан тўлдирилган: коммунистик партия аъзоларининг аксарият қисми тожиклардан иборат бўлган экан. Яъниким, бундан шундай хулоса чиқади: босмачилар орасида ўзбеклар кўп бўлган, чунки ҳаракат пантуркий, ўзбекларни ёқловчи, туркларни ёқловчи табиатга эга бўлган, пантуркизм эса уларнинг мафкураси эди. Аммо мен бу гапга умуман қўшилмайман, чунки тожиклар, биринчидан, Ғарм ва Мастчоҳдаги тожик бўлинмалари, айниқса, мастчоҳликлар жуда ўжар бўлган. Улар кейинчалик Мастчоҳдан мана шу ерга, жанубга қочган, амирни қўллаб-қувватлаган ва жуда кучли, йирик ҳарбий бўлинмага эга бўлган. Иккинчидан, босмачилик ҳаракатида жуда кўп муллалар қатнашган. Улар советлар тарафидаги комиссарларга ўхшаб, мафкура билан шуғулланган, яъни турли қабилалар ўртасидаги баҳс-мунозараларда ҳакам вазифасини ўтаган. Ўзингиз биласиз, одатда ўзаро рақобатлашган қабилалар кўп бўлган. Улар ҳарбий ҳаракатлар чоғида кенг умумий фронт бўлиб ҳаракатланишни рад этади. Улар шундай дейди: “Биз ўз ҳудудимиздамиз, бизни бошқа ҳудудлар қизиқтирмайди, фалон қабилага даъвомиз бор, биз улар билан бирга бўлишни истамаймиз”. Бундай шароитда ўша муллалар – улар, асосан, тожик тилли бўлган, тожиклар бўлган – бу тўсиқларни бартараф қилишга ва умумий кураш – кофирларга қарши жиҳод кетаётганини эслатиб турган.
Босмачилар жангчиликка қайси табақа: ёш деҳқонлар, чўпонлар, маълумотли кишилар орасидан йиғилган?
Босмачилар сафига жангчи йиғиш учун одатда муллалар жиҳод эълон қилган. Маълумки, мусулмонлар Қуръон ҳукмлари бўйича яшайди ва тез-тез Қуръонни махсус ўрганган муллалар маслаҳатларидан фойдаланади. Муллалар қабул қилинган қарорларни авомга етказиб терган. Бунаждй қарорларнинг барчаси муллалар тавсияси билан қабул қилинган, шунинг учун бундай вазиятларда ҳамма муллаларнинг оғзига қараган. Аммо ўтган чор Россияси даврида муллалар, “Сабр қилиш керак, чор ҳукуматига ғамхўрлиги учун, бизга тегмаётгани учун раҳмат айтиш керак”, деб юрган. Бу ўринда эса вазият бироз ўзгариб қолади. Илгари чор ҳокимияти билан ҳамкорлик қилиб, унинг чизиғидан чиқмаган бу муллалар элнинг назаридан қолади ва уларнинг ўрнига янги дин пешволари пайдо бўлади, улар, асосан, илгари қандайдир диний силсилада турмаган, аммо қабилаларда ҳар доим таъсир кучини йўқотмаган кишилар бўлган. Муллалар қишлоқлик бўлиб, оддий ишчи ёки оддий деҳқон бўлиб ишлаши мумкин эди. Албатта, ҳадялар олиб турган, аммо, дейлик, совет даврида бу формал пешволар тракторчилар ёки оддий колхозчилар бўлган, яъни диний силсилага тааллуқли жойи бўлмаган, илоҳиётшунослик нуқтаи назаридан маълумоти бўлмаган, мадрасаларда ўқимаган, аммо жамоатларга психологик таъсири ва улар устидан назорати жуда кучли эди. Ўша даврда бу норасмий дин пешволари етакчиликни ўз қўлига олиб, “ҳижрат ёки жиҳод” (ё ҳижрат қилинг ёки жиҳод қилинг), деб даъват қилган. Жиҳод ҳамма жиҳод учун солиқ тўлаши кераклигини англатган. Одатда бу олтин ёки қимматбаҳо нарсалар бўлган. Ўша вақтда кўплаб бойларнинг қўлида кўп олтин ва уй ҳайвонлари бор эди. Булар ҳаммаси солиқ ўрнида топширилган, яна жангчиликка ёллаш ҳам ўтказилган. Жангчиликка ёллаш армияга олишни англатмаган, бу сизу биз тушунган маънодаги армия бўлмаган. Бу халқ лашкари эди. Ҳар бир ҳовли, ҳар бир оила йигитларни лашкарликка беришга мажбур эди. Бир ака бир мавсум жанг қилиши, сўнгра никоҳ тўйи ёки касал бўлиб қолиши ёки кимгадир ёрдами керак бўлиб қолгани сабаб жангчилар сафидан кетиши ва ўрнига бошқа бирор кишини қўйиши мумкин эди. Яъниким, доимо мавжуд ижтимоий, шаҳарники эмас, асосан, аграр тузилмага таяниш мумкин бўлган. Бу, асосан, аграр периферия – марказ ёки шаҳардан чет жой бўлган.
Қирғизлар ёки туркманлар ёки қабила тузилмасини сақлаб қолган айрим ўзбекларга нисбатан шундай йўл тутилган. Бу муайян қабилалар бўлиб, улар марказий ҳокимиятга номигагина бўйсунган, аксарият ҳолларда мустақил яшаган, чунки улар давлатдан ташқарида яшашга кўникиб қолган эди, шунинг учун ҳар доим ҳарбийлаштирилган тузилмаларга эга бўлган. Шу ҳарбийлаштирилган тузилмалар жиҳод қилиш учун жуда мос келган, лекин яна қайтараман – жиҳоднинг маънавий пешволари руҳонийлар бўлган. Эҳтимол у ерда тожик тили кўп ишлатилгандир, аммо ҳарбий ҳаракатларга киришиш гали етганда, кўплаб оддий деҳқонлар, айниқса, шаҳарликлар жанг қила олмаган, чунки қўлида қурол-яроғ ва б. бўлмаган. Чеккада яшаган, қабила тузуми ва қабила тузилмасини сақлаб қолган кишилар учун бу одатий ҳол эди.
Кўлобда босмачилар етакчиси Давлатмандбий шимолий кўлоблик балжувон турклардан бўлган. Улар тожик тилида сўзлашадиган ўтроқ аҳоли эди. Худди шу ҳол Фарғонада ҳам бўлган. У ерда сартлар бор эди – асосан, ўзбеклар, лекин шу билан бирга, Фарғона водийси тожиклари бўлган, улар, бир тарафдан, тоғ тожикларидан, бошқа тарафдан эса, шаҳарларда истиқомат қилгани учун ўзбек турк қабилаларидан ажралиб турган, ўша ерда мана шундай симбиозга (ҳар хил турларга мансуб иккита организмнинг бирга яшаши ва бундан ўзаро манфаат кўриши) кўзимиз тушади. Яъниким, улар ҳам кўчманчилар гуруҳлари, ҳам шаҳарликлар гуруҳлари эди. Албатта, шаҳарликлар ҳарбийлашган гуруҳлар бўлган ва қисман тожиклардан таркиб топган. Улар кўпроқ гапга кўнадиган, дейлик, зўравонлик қилишга тайёргарлиги кам бўлган, моҳиятан келишувчанликка мойил эди ҳамда совет ҳокимияти берадиган нарсаларни эътироф қилиш, олиш ва уларга қарашга қарши бўлмаган. Аммо чет ҳудудлар, биринчидан, ўша диний пешволар измида эди, саводи деярли бўлмаган ва айни пайтда уларга казакларга ўхшаб эркин ҳаёт кечириш маъқул келган. Улар ҳеч бир давлатни: нафақат совет ҳокимиятини, қолаверса, амирни ҳам ёқтирмаган. Амир қайсидир тарзда уларга эркин яшаш имконини берган. Сиз айтаётган маълумотлилар бармоқ билан санарли эди. Мен 1931 йилда қўлга тушган Иброҳимбекнинг сўроқ қилиниш протоколлари кўриб чиқиб, ўқиганман. Уни ГПУга (СССР ички ишлар халқ комиссарлиги қошидаги Давлат сиёсати бошқармасига) олиб келишганда, фалон-фалон киши саводли, маълумотли киши деб гапирган. У ўша кишилар билан қачонлардир учрашган бўлиши керак. Лекин, асосан, улар қабилалар эди. Тил ҳақида гапирадиган бўлсак, ўша пайтда туркий тиллар, ўзбек тили, лақайлар тили устун бўлган, аммо жуда кўпчилик икки тилда гапирган, одам қайси тилда гапираётганига унчалик эътибор берилмаган. Улар вазиятдан келиб чиқиб, қайси тилда сўзлашиш кераклигини танлаган, чунки кофирларга қарши жиҳод ҳақида гап кетганда, ўзини мусулмон деб билган.
Келинг, босмачилар мафкураси ҳақида гаплашамиз. Болшевиклар босмачиларни ўз мафкурасига хилоф мафкура – пантуркизм, панисломизм ва б.да айблаган. Босмачилар чиндан ҳам қандайдир мафкуравий тайёргарликдан ўтганми? Уларнинг жадидлар билан қандай алоқалари бўлган? Уларга “Шўрои ислом” ҳаракати қандай таъсир кўрсатган?
Марказий Осиёнинг миллий зиёлилари, жумладан, “Шўрои ислом”, яна жадидлар ва бошқа либерал етакчилар Ўрта Осиёнинг Россияга қўшилиши ёки Ўрта Осиёни Россия босиб олишидан сўнг пайдо бўлган. Ҳа, улар Ўрта Осиё келажагини “Шўрои ислом” давридаги демократик Россияда кўрган, яъни улар барча миллатлар ва ҳк. жумладан, руслар, яҳудийлар ва б. кирадиган кенг қамровли демократик базани яратишга интилган. Ҳатто кўпчилиги болшевиклар билан мулоқот ва ҳамкорликни давом эттириб, болшевиклар ўз мафкурасини ўзгартириб, тузатишидан, бундай тиккама-тикка синфий курашни йўлга қўймай, маҳаллий зиёлиларнинг, маҳаллий либерал кайфиятдаги кишилар гапига қўлоқ солишидан умидвор бўлган. Худди шундай ғоя билан босмачилар олдига ҳам борган. Босмачилик эса пастдан ўсиб чиққан, илдизлари шу ердаги ҳаракат эди. Уларга бу вазиятни тушунтириб бериш ёки бўйсундириш мумкин эди. Болшевиклар уларни ҳарбий йўл билан бўйсундира олмади, “бизнинг шундай мақсадларимиз бор, биз жамиятимиз тараққиётга эришишни истаймиз” қабилидаги тушунтиришга уриниш эса бироз муваффақиятга эришгандир ҳам, лекин барибир жадидлар ва миллий зиёлиларнинг бундай мафкуравий таъсир кўрсатишга интилишлари фақат қисман иш берган, холос, чунки аҳолининг аксарият қисми, яна қайтариб айтаман, диний силсилага кирмаган ўша муллалар, сўфийлар, шайхлар, норасмий дин пешволари таъсирида эди. Шу сабаб улар жадидларга [ишонқирамай] қараган, улар, хусусан, кўпинча турклар, турк зобитлари, Биринчи жаҳон уруши асирлари, жумладан, Анварпошшо ҳамроҳлигида одамлар кўз ўнгида пайдо бўлиб турган. Ораларида ўз мафкурасини сингдириш учун келган юзлаб бўлмаса ҳам, ўнлаб турк зобитлари бор эди.
Босмачилар ҳам, Марказий Осиё оммаси ҳам уларга ишончсизлик билан қараган, бу ишончсизликка, албатта, Бухоро амири, амир ҳукумати ҳам сабаб бўлаётганди, чунки ўша амир ҳукумати ўзини ағдаришда ва исломий эгаменликни бузишда айнан орамиздан чиққан собиқ мусулмонлар, кофирлар, мана шу жадидлар айбдор деб ҳисоблаган. Яъниким, улар ҳам ишончсизлик билан қараган. Аксарият ҳолларда ишончсизлик ва ёқтирмаслик совет ҳокимиятига ишончсизликдан ҳам юқори бўлган, чунки улар совет ҳокимияти ва қизил армия жуда кучли бўлгани учун ҳарбий куч билан уларни енгиб бўлмаслигига ақли етган. Шунинг учун Қизил армия болшевиклари билан хат ёзишни маъқул кўрган, мақсад уларни Ўрта Осиёда кетишга мажбур қилиш, сўнгра ўз ҳокимиятини ўрнатиш бўлган. Шу сабаб пантуркизм, дейлик, Анварпошшо 1921 йил охири – 1922 йил бошида Душанбега келганда [ҳеч қандай рол ўйнамади], сўнгра унга ҳарбий ҳаракатлар бошланиб, жануб, Кўлоб томон чекинишга мажбур бўлди. Ўша ерда маҳаллий лақайлар Энварга қарши чиқди ҳамда Кўлобдаги турклар ва тожикларнинг раҳнамоси бўлган Давлатмандбий, аксинча, уни қўллаб-қувватлади. Айни ҳолатда Энвар ва ҳатто унинг пантуркизми ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмади, чунки турк Анварпошшони энг кучли ўзбек ҳарбий бўлинмаси ҳам дастакламади, аксинча, турк зобитини тожиклар қўллаб-қувватлади. Шундай бўлиб чиқяпти, чунки Анвар босмачиликка интизом бўлиши учун қандайдир цивилизацион кўриниш беришга ҳаракат қилган. У ҳатто босмачиларга қандайдир мафкурини, ислом динига маърифий қараш асослари ва б.ни сингдирмоқчи бўлади. Дарвоқе, худди шу ишни Афғонистонда Усама бин Лодин ҳам амалга оширишга ҳаракат қилган, афғон қаршилик ҳаракати аъзоларига Қуръондан илм беришга интилган, ўша билим қандайдир мақсадларга эришишга даъват қилади. Бу барча исломий мамлакатларни ўзаро бирлаштиришни кўзлаган панисломий ташвиқот эди. Панисломизм оқим сафатида Европадан ўзлаштирилган. Биляпсизми, бу – халқаро ғоя, аммо тушунарли бўлмаган, чунки босмачилик ҳаракати учун энг асосий масала ўз қабиласи хавфсизлигини таъминлаш эди. Улар қабиласига тегишли бўлмаган масалалар хусусида бош қотиришни ҳам истамаган. Албатта, ислом тартиби ҳақида ҳам гапириб туришган. Бироқ бу тушунча нимани англатади, ислом тартиби деганда нима тушунилади? Ёки улар Бухоро амирини қайтариб олиш келишни гаплашган, лекин у бу ерда нима қилади? Унинг ҳокимияти қулади ва тахтидан айрилди. Баки сиёсий ислоҳот керак бўлгандир? Улар бу ҳақда бош қотирмаган. Муҳими, мақсад жиҳод ва ислом тартибини тиклаш бўлган, аммо бу ҳақдаги тасаввурлари жуда заиф эди. Музаффар жиҳод ортидан нима келиши кераклигини билишмаган. Агар улар афғонлар билан таққосланса, ҳам худди шу ҳолатни кўришимиз мумкин. Ниҳоят, СССР қулаб, ҳамма кетган ва гўёки улар ғалаба қозонгандан сўнг ўзаро можаролар бошланиб, алал-оқибат узоқ давом этган фуқаролар урушига олиб келган эди.
Биз муҳокама қилаётган ҳолатда ҳам шу нарса юз берди. Уларнинг қандайдир аниқ ифода қилинган ва аҳолининг бошини қовуштириши мумкин бўлган сиёсий дастури йўқ эди.
Босмачилар бўлинмалари, айниқса, Фарғона вилояти ва Олой водийсининг унга туташ юксак тоғли ҳудудларида, Самарқанд вилоятида, Шарқий Бухорода, Хоразмда, Сирдарё вилоятида, Қорақум чўлида, Норин туманида фаол ҳаракат қилган. Нега босмачилик ҳаракати ушбу минтақалар ўртасида аҳилроқ ташкиллана олмади? Ҳаракатни марказлаштириш муаммоси кенг қамровли дастаклов йўқлигида эдими ёки унинг турли-туманлигидамиди?
Асосан, Ўрта Осиёнинг чет ҳудудлари ҳар доим эрксевар бўлиб, ҳеч қандай назоратни ёқтирмаган, Шарқий Бухоро босмачилари ҳам деярли шу гапни айтган: “Бухоро заминига кофирнинг оёғи тегмаслиги керак”. Яъниким, улар номига мустақил бўлган Бухоро билан Россияга таркибида бўлган Туркистон ўртасида тафовут кўрган. Шунинг учун босмачилик Тожикистоннинг тоғли ҳудудларида, айни ҳолатда собиқ Бухоро амирлигига қараган Жанубий Ўзбекистоннинг бир қисмида жуда кучли ва қақшатқич жанг қилган, чунки ўзини эркин деб билган. Улар учун яшаётгани, ислом эгаменлиги тантана қилиб тургани, ўз амири бўлган, амирнинг оқпошшо билан муносабатлари яхши экани, лекин иккаласи деярли тенг экани муҳим эди. Амир Николай II ни биродарим, деб атаган. Яъниким, биз мустақилмиз, Туркистонни эса Россияга қарам, биз эса озодмиз, биз қаршилик кўрсатамиз, деган аллақандай бухороча ғурур бўлган. Бухорода босмачилик жуда кучли эди ва у Иброҳимбек қўлга олиниб қатл этилгунча қадар, яъни 1921 йил сентябридан 1932 йилга қадар давом этган, аммо шунга қарамай, айрим қарши чиқиш ҳоллари 1934 йилга қадар давом этиб турган. Афсуски, бу Тожикистонга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Хабарингиз бор, Тожикистон то шу кунга қадар энг қолоқ республикалардан бири ҳисобланади, чунки 1934 йилга келиб, тараққиётга эришилаётган, саноат ҳамма жойда ривожланаётган, аммо бизнинг тоғларда ҳамон босмачилар изғиб юрган эди. Саволингизга қайтсак, улар сиз айтиб ўтган вилоятлардаги маҳаллий лойиҳалар бўлган ва улар аксарият ҳолларда жамоатини ҳимоя этиш қоидалари бўйича ҳаракат қилаётган эди, яъни улар жамоатларнинг жанговор бўлинмалари бўлиб, онгида одамларни ўзиники ва бегоналарга бўлиш бор эди. Дейлик, “биз фақат ўз қабиламизни ҳимоя қиламиз, бегоналарнинг бошоғриқлари, ҳатто улар бизга ўхшаб эзилаётган бўлса ҳам, бизни қизиқтирмайди” қабилида.
Шунинг учун битта мисол келтираман. Масалан, бошқирд миллатпарвари, босмачиликнинг фаол ташаббускор бўлмиш Закий Валидий Тўғон, босмачилик ҳаракати ҳарбий тайёргарликдан ўтиши керак, бошқирд зобитлари келиб, уларни яхши жангчилар бўлиши учун ўқитиши, шундан сўнг собиқ Россия мусулмонлари, Туркистон мусулмонлари, кейинчалик эҳтимол Афғонистон мусулмонлари оёққа туриб олиши шарт, деб ҳисоблайди – ғояси шундай бўлган. У бу ерга келганида, бироз муваффақиятга ҳам эришган. Юрган, босмачиларнинг айрим етакчилари билан ҳам учрашган, сўнгра 20 дан ошиқ бошқирд зобитларини чақириб, Самарқанд яқинида уларни босмачилар билан учраштиришга уринган. Босмачилар уларни сўйиб ташлайди. Шундан сўнг Закий Валидий Тўғон, йўқ, бунақаси кетмайди, дейишга мажбур бўлади.
Шунга ўхшаш ҳолат Мустафо Чўқай билан ҳам юз беради. Фарғоналик босмачилар уни тутиб олиб, кимсан, деб сўраганда, мен қозоқман, дейди. Улар М. Чўқайга, қозоқлар ҳеч қандай мусулмон эмас, деб айтади. Унинг ҳафсаласи пир бўлиб, шундан сўнг эмиграцияга кетади. Яъниким, қандай қилиб бўлса ҳам, жадидларнинг бошини қовуштиришга ҳаракат бўлган. Бу ишни Анварпошшо ҳам қилмоқчи эди. У генерал сифатида келади. Диний харизмаси – жозибаси бўлиб, мусулмонлар халифаси деб ҳисобланган турк султонининг куёви эди, у ҳам, мен мусулмонман ва халифаман, шу билан бирга, замонавий генералман, деб [одамларнинг бошини қовуштиришга] ҳаракат қилади: “Келинглар, бирлашамиз ва умумий ҳаракат ташкил қиламиз”. Бу, қўпол қилиб айтганда, Иброҳимбек лақайларининг орқадан пичоқ уриши эди, чунки Анварпошшо ҳаддидан ошади, Шарқий Бухоро босмачилари етакчиси Иброҳимбекни ўзининг таъзирини бериш учун айрим ҳолларда ҳатто Қизил армия билан ҳамкорлик қилгани учун ёмон сўзлар билан ҳақоратлайди, яъни айни ҳолатда Иброҳимбек Ҳисор билан Кўлобни назорат қилишни муҳим деб билгани учун Афғонистонга ҳам, ҳатто Ўзбекистонга ҳам бормайди. Унга қабиласи яшаб турган ҳудуд муҳим, бу гап бошқаларга ҳам тегишли. Хуллас, улар ислом кўшини эмас, жамоат дружиналари эди.
Босмачилар қурол-аслаҳани қандай олган? Уларнинг ҳарбий тактикаси қандай бўлган?
Албатта, бу – жуда муҳим. Биринчидан, қурол-аслаҳа жуда енгил, яъни, асосан, эски милтиқлар бўлган. Босмачилар тез-тез мана бундай деб юрган: “Биз “қизиллар” билан жангга кирганимизда, орамизда ҳарбий тўқнашувлар бўлганда, кўпинча уларнинг қуролини тортиб олишга ҳаракат қилганмиз”. Ўртада воситачилари ҳам бўлган бўлиши мумкин. Қизил армиянинг қурол-яроғ омборига бориб, Чеченистондаги каби пул тўлаб, қурол сотиб олиш мумкин бўлган. Чеченлар ҳам Совет армияси омборларига бориб, сўнгра ўзига қарши жанг қилиш учун ўша ердан қурол харид қилган. Асосан, қурол бугунги кунда Афғонистон – Покистон сифатида машҳур қўшни минтақадан келиб турган. Айни ҳолатда Афғонистон билан Британия Ҳиндистони ўртасидаги чегара, агар Помир орқали борилса, жуда яқин бўлган, шунинг учун жуда тез-тез жиҳод учун қандайдир солиқ – олтин, уй ҳайвонлари – йиғилган ва Панж дарёси орқали Афғонистон томонга жўнатилган, у ерда кўп миқдорда қурол сотиб олиш мумкин эди. Ўша пайтда пуштун қабилалари ҳам ўзини бизнинг турк қабилаларидай тутган. Ҳар бир қабиланинг ўз ҳарбий бўлинмаси бўлган ва қабилалар ҳар доим қуролланган ҳолатда шай турган, шунинг учун ўша ҳудудлардан ҳар доим қурол топиш мумкин эди. Гарчи инглизлар ўрнатган қонунларга кўра, бу қуролларни ҳудуддан ташқарига олиб чиқиб кетиш мумкин бўлмаган эса-да, аммо буни ким ҳам назорат қила олар эди? Назорат қилишнинг имкони бўлмаган. Қурол-яроғнинг иккинчи манбаси эса Анварпошшо замонларида бўлган. Анварпошшо минтақамизда бўлиб турган пайтлар тахминан 1921 йил охиридан 1922 йил августига қадар кўп миқдордаги қурол-яроғ Афғонистондан кириб келган. Аммо уларни турк зобитлари ёнидан пул тўлаб сотиб олаётган эди. Пул қаердан келган? Тахмин қилишим мумкинки, пулнинг бир қисми Германиядан келиб турган, зобитларнинг у ердагилар билан алоқаси бўлган, улар Германиянинг Афғонистондаги элчихонаси воситачилигида пул жўнатиб турган ва шу пулга сўнгра Афғонистондан қурол-яроғ сотиб олиниб, совет ҳудудидаги жангу жадалларни таъминлаш учун жўнатиб турилган. Тактикага келсак, партизанлар тактикаси қўлланган, яъни зимдан ҳужум қилиб турилган. Қуроллари бўлмаганда ҳам ўзидан кучли бўлган Қизил армияга қарши турган, аммо улар тажрибали отлиқлар бўлгани учун тез-тез “қизил”ларга ҳужум қилган. Уларга сурункали тарзда озиқ-овқат етишмаган, пул тўланишини ва қандайдир бойликлар орттиришни истаган. Шунинг учун карвонлар, совет дўконлари ва ҳк.га ҳужум қилиб турган. Тахминан мана шундай тактика давлат билан аҳолининг уларга қарши кайфиятинига сабаб бўлган.
Ҳужжатларда Британия ва Туркиянинг турли жосуслик хизматлари ҳақида нима дейилади? Чиндан ҳам босмачиларнинг ташқи кучлар билан қалин алоқалари бўлганми?
Бу саволингизга жавоб бериш учун гап Биринчи жаҳон уруши тугаши ҳақида кетаётганини қайд этиб ўтиш жоиз. Биринчи жаҳон урушида Британия Франция ва Россия билан бирга Германия, Туркия ва Австро-Венгрияга қарши жанг қилган. Шунинг учун ҳам ўч олишга интилаётган Германияга нисбатан қандайдир ишончсизлик сақланиб қолган. Шунинг учун ҳам айни вазиятда Британия чор империяси таназзули даврида Ўрта Осиёда қандай тактикани ишлаб чиқиш ва унга амал қилиш ҳақида бош қотираётган эди. Яъниким, Биринчи жаҳон урушидан сўнг бўлиб ўтган Версал конференциясида нима иш кераклиги масаласи кўриб чиқилган. Шунинг учун вазиятни кузатиб турган. Уларга маъқул бўлган қандайдир миллий ҳаракатлар бошланиб қолса, ўша ҳаракат қатнашчиларига миллий давлатларини ташкил этишга имконият берган. Шунинг учун Ўрта Осиёда ҳам шундай ҳаракат юзага чиқишига уриниш бўлган, айни ҳолатда Бухоронинг собиқ жадидлари, Бухоро Республикасининг биринчи президенти Усмон Хўжаев кўз ўнгимизда гавдаланади.
Айни чоқда, бошқа тарафдан, Бухоро амири вакиллари ҳам халқаро майдонда Ўрта Осиёнинг ноқонуний ағдариб ташланган ҳукумати сифатида чиқмоқчи бўлган. Британия билан Европа ўзини қониқтирадиган бирорта ҳаракат ўз тақдирини ўзи белгилай олишини кутган, бу ўринда дунёвий ва диний ҳаракат назарда тутилган. Лекин кузата туриб, барча жадидлар ва миллатчиларнинг дунёвий ҳаракати Германия ва Туркия билан боғланганини айтган. Яъниким, улар Германия, Туркия, ҳатто Россия билан боғлиқ экани гумон қилинган. Шунинг учун зиёли жадидларни Туркиянинг хуфя агентлари, Германиянинг хуфя агентлари деб билган. Жадидлар эса ўз навбатида ҳаммага, босмачиларнинг йўлбошловчиларимиз, совет Россиясига қарши курашиш учун биз билан гаплашинглар ва моддий ёрдамни биз орқали жўнатинглар, деб айтган. Шунинг учун инглизлар, “Умуман олганда, бизни Ўрта Осиёда чор Россияси, чор ҳокимияти инқи розга юз тутгандан сўнг бўш жойда ҳосил бўладиган бошбошдоқлик кўпроқ қизиқтиради, кўпроқ ташвишлантиради”, деб жавоб қайтарган. Шунинг учун инглизлар Россияни билвосита қўллаб-қувватлаган бўлса-да, ҳар сафар имкон туғилиши билан оёғидан чалиб турган.
Босқинчилик бўлди, аммо 1923 йили Англия билан Совет Иттифоқи ўртасида савдо шартномаси тузилди, бу Совет Иттифоқини маъқуллашни ва тан олишни англатган. Албатта, бундай ҳолатда Англия қўллаб-қувватламади, чунки босмачиликни исломий реакцион куч ва у диний табиатга эгалиги сабабли осонгина Ҳиндистонга кўчиб ўтиши мумкин деб ҳисобланган. Англия шу сабаб Ўрта Осиёга нисбатан ёпиқ эшиклар сиёсатига амал қилган. Албатта, 1918 йилда фарғоналик Шермуҳаммад қўрбошига чекланган бўлса-да, муайян ёрдам кўрсатилган, кейинчалик у қочиб, Туркияда узоқ умр кечирган. Демак, бироз дунёвий, бироз миллатчи бўлган, шунинг учун инглизлар наздида жозибали бўлиб кўринган. Инглизлар, айнан Кошғардаги Англия консули Шермуҳаммад тарафида бўлган ва у Фарғона қўзғолончилари вакили эканини, панисломизм тарафдори бўлмаганини, қўл остида кўплаб жангчилари борлигини ва Англия уларга ёрдам кўрсатиши кераклигини айтган. Мен олдинроқ айтиб ўтган сабабларга кўра, Англия дастаклашдан воз кечиб, кўмакни йиғиштирган. Аслида бу кўмак унча кўп бўлмаган, бу ҳам етмагандай, қурол-яроғ жуда оз эди. Шунинг учун Ангиля босмачиларга ёрдам беришни йиғиштиради. Германия билан Англия ислом ҳаракатларига турлича қараган. Агар Англия ҳамма жойда панисломизмдан хавфсираган бўлса, Германия ўч олиш режаларини тузишга ва Биринчи жаҳон уруши натижаларини қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилган. Шунинг учун у сиёсатида мусулмон кучлари билан ўйин қилган, Британия Ҳиндистондаги ва ўзимиздаги мусулмон ҳаракатларини дастаклаб турган. Яъниким, нуқтаи назарлари турлича бўлган. Шунинг учун Англия ёрдам бергани ҳақидаги гапларга қўшилмайман.
Болшевиклар қандай қилиб босмачиларни енгишнинг уддасидан чиққан? Сиёсий, ҳарбий ёки мафкуравий усуллар билан бунга эришганми?
Албатта, биринчи навбатда сиёсий ҳаракатлар билан, айнан моҳирона халқаро сиёсат билан босмачилик ҳаракатини халқаро майдонда изоляциялаб қўйишга эришилди, яъни ҳеч бир чет мамлакат босмачилик ҳаракатини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор бўлмай қолди. Ким уларни ёқлаб чиқаверди? Улар Бухоро амири ва чет элга чиқиб кетган жадидлар эди. Босмачилар Афғонистон ва Туркиянинг эътибори ва кўмагига эришишга ҳаракат қилган. У пайтлар Туркия билан Афғонистонни Мустафо Камол Отатурк ва Омонуллохон сингари миллий етакчилар бошқараётган ва ислоҳотчи бўлгани учун уларга жадидлар мафкураси жуда яқин эди. Аммо ўша пайтда Россия шарқдаги сиёсатини қайта кўриб чиққан, чунки дастлаб инқилобни ҳар томонлама ривожлантирмоқчи бўлган эди. Ўрта Осиёда босмачилик ҳаракати қаршилигига дуч келгач, буни амалга ошириш осон бўлмади, чунки маҳаллий мусулмон оммаси қаршилик кўрсатиши турган гап эди. Шунинг учун руслар Афғонистон ва Туркиянинг миллий буржуазия ҳукуматлари билан ҳамкорлик битимини чўзишга мажбур бўлди. Шу тариқа, гапнинг пўскалалсини айтганда, бошини омон сақлаб қолди.
Яъниким, улар ишини давом этиришни истамади, чунки дастлаб, Бухорога борамиз, сўнгра – Афғонистонга, ниҳоят, Ҳиндистонга етиб борамиз, деган вазифа бор эди. Лекин босмачилар қаршилигига дуч келингач, улар Ўрта Осиёдаги босиб олган ерлари билан кифояланишни ва бошқа юриш қилмай, Афғонистон ва Туркия билан ҳамкор бўлишга қарор қилди. Ўз навбатида Афғонистон билан Туркия мусулмон давлатлари ва мусулмон аҳолили мамлакатлар сифатида сифатида босмачиларнинг ёрдам бериш тўғрисидаги илтимосини тўлиқ рад эта олмас эди. Шунинг учун улар мигрантлар ва қочқинларни қабул қилди, аммо уларга сиёсий, айниқса, ҳарбий ёрдам бериб ўтирмади, чунки қисман совет ҳукуматининг норозилигидан қўрқар эди. Ўша пайтда улар учун Совет Россияси билан ҳамкорлик қилиш фойдалироқ бўлган, Россия миллий ҳаракатларни, терроризмга қарши ҳаракатларни дастаклаётганини тан олган эди. Совет Россияси ҳам, Туркия ҳам, Афғонистон ҳам ва б. – барчаси империализмга қарши эди. Мана шу сиёсий тарих, сиёсий омил босмачиларни халқаро майдонда яккалаб қўйган асосий омил бўлди, чунки Афғонистон билан таққосланса, у ерда ҳамма СССРни йўқ қилишга уринган ва турли кучларнинг барчаси – мужоҳидлар ҳаракати Ғарбни қўллаб-қувватлаган ва бу СССР қулашига сабаб бўлди.
Мафкура ҳақида гап кетганда, шуни айтиш жоизки, Ўрта Осиё жамияти синфий мафкурани тушуниб етмади, чунки ислом дини одатда синфий муаммоларни, ижтимоий муаммоларни силлиқлаб турган. Ўша мафкура ишчи ва деҳқонларнинг тожик ва ўзбекларнинг рус ишчилари ва деҳқонлари билан, яъни тожик, ўзбек ва русларнинг бой ва қулоқларига қарши курашиш учун бирдамлигига олиб келадиган омил эмас эди. Бизда унақа бўлмади. Синфий марксча мафкура омма онгига сингмади – англанмади.
Марксизм-сталинизм байроғи остида модернизация лойиҳаси амалга оширилди, Ўрта Осиё жамияти модернизацияси эса энг муҳим омил бўлди. Ўша пайтда айрим жадидларимиз совет ҳокимиятига муносабатини ўзгартирди, чунки совет ҳокимияти уларга маданий ривожланиш имкониятини бераётган, университетлар очилаётган эди, ўша университетларда турли дунёвий финлар ўқитилаётган, мусиқа ривожланаётган, маданият ривожланаётган, театрлар очилаётган эди. Шулар барчаси Ўрта Осиё аҳолиси ўртасида советларни ёқловчи барқарор кайфиятлар пайдо бўлишига ва советларни ёқловчи кайфиятлар нуқтаи назаридан босмачилар маданий ривожланишга тўсқинлик қилувчи сўзсиз ёвуз кучга айланишига сабаб бўлди, боз устига, ўша пайтда, мавжудлигининг сўнгги йилларида босмачилик ҳаракатининг талончилик, босқинчилик ва қотилликдан боши чиқмай қолди. Совет ҳокимияти даврида, ҳатто совет ҳокимиятининг дастлабки йилларида одамлар анча яхши яшай бошлаган, янги товарлар, Европа кийим-кечагига эга бўлган эди. Албатта, бироз қуюшқондан чиқиш ҳоллари ҳам бўлган, аёллар эмансипацияси – озодлиги ўз ролини ўйнаган, шу сабаб босмачилик ҳаракати сўзсиз тўсиқ ва ёвузликка айланиб қолган эди.
Босмачилар ҳақидаги қайси афсоналарни йўққа чиқариш мумкин?
Босмачилар ҳақида гапираётиб, ўзимиз тўғримизда гапирдик. Турли пайтларда муносабатимиз турлича бўлган. Совет даврида уларга муносабатимиз ёмон бўлган, чунки у пайтлар ҳамма бахтиёр эди. Ҳар ҳолда совет даврининг аксарият вақтида совет Ўрта Осиёси жуда тез, жадал суръатлар билан ривожланди. Бу ҳаммани қониқтирган. Шунинг учун босмачилар эсланганда, уларга рўйхушлик берувчилар кам бўлган, чунки биз тарихга модернизация нуқтаи назаридан қараганмиз. Республикаларимиз совет ҳокимияти шарофати билан модернизациялаштирилган, биз улар ривожланишига туртки берганмиз, деб гапириб юрганмиз. Аммо бугунги кунга келиб, қарашларимиз тез ўзгаряпти, энди улар бироз бошқача, чунки биз мустақил бўлдик, тушундикки, биринчидан, модернизация ўз-ўзидан жуда кўп муаммоларни ҳал этмайди, модернизация билан би қаторда миллий эгаменлик муаммоси, мустақиллик бор. Биз яшаб турганимиз учун кимдандир миннатдор бўлишимиз шарт эмас. Биз ҳар доим модернизацияни амалга ошириб берганга умид қилиб яшай олмаймиз.
Айни пайтда босмачилик ҳаракати ҳақида гапирганда, босмачилар озодлик учун курашган, улар юртимизга қурол билан келганларни ҳайдамоқчи бўлган – бунда ҳам қандайдир маъно бўлган бўлиши керак-ку ва б., деб гапиряпмиз, яъни босмачиликка бўлган нуқтаи назаримизни ўзгартиряпмиз. Бўлмағур гаплар (мифлар) ҳақида гапирадиган бўлсак, аксарият ҳолларда адабиётда, кинематографияда босмачилик ҳаракатига Ғарб билан Шарқнинг қарама-қаршилиги нуқтаи назаридан қаралади, унда минтақавий маъно бўлгани рад этилади. Одатда улар эсини еб қўйган, шафқатсиз одамлар ва албатта йўқ қилиниши керак, деб ҳисобланади. Яъниким, бу ҳаракат Ғарбга ва Шарққа, тажовузкор Ғарб билан маслаҳатчига, бошқарилишга муҳтож бўлган қолоқ Шарққа бўлинишдир. Ёки Шарқ – нозик масала, қабилидаги мулоҳазаларни эсланг… Бу ибора ортида нима турганини ҳеч ким билмайди. Бу ҳам – албатта, бўлмағур гап. Бўлмағур нарсалар ҳақида гапираётганда, уларнинг уччига чиққани, босмачилик ҳаракати жиҳодчиларнинг келгуси авлодлари учун рамзга айланди, дегани бўлади, бу, айниқса, Афғонистонга тегишли. Жуда кўп собиқ босмачилар Афғонистонга қочганидан хабарингиз бор. Айтганча, кейинчалик кўпчилиги, фарзандлари Совет Ититфоқи 1979 йилда Афғонистонга бостириб кирганда, унга қарши курашда иштирок этган. 80-йилларда ҳаракат бўлган, унинг аъзолари кўпчилиги кейин Покистонга қочган. Покистонда жиҳод, жумладан, жиҳод тарихи ҳақидаги адабиётларни чоп этиш билан шуғулланган махсус нашриёт бор эди. Гап, асосан, Ўрта Осиё ҳақида кетган. Ҳатто кейинчалик интернет пайдо бўлгандан сўнг ҳам уларнинг ўша кураш билан боғлиқ қанайдир сайтлари пайдо бўлди.
С. Абашин мақоласида босмачилик ҳаракатини ҳиссиётларга берилмасдан ўрганиш зарурлиги ҳақида ёзган эди. Сиз нима деб ўйлайсиз? Сиз учун босмачилар қаҳрамонларми ёки каллакесарларми? Улар Марказий Осиё, хусусан, Тожикистон аҳолиси учун ким бўлади?
Менинг шахсий муносабатим Сергей Абашиннинг муносабати сингари кўп нарсани англатмаса керак. Биз олимлармиз. Менинг босмачиларга муносабатим бетараф. Дейлик, майда ҳашаротлар, қурт-қумурсқалар билан шуғулланадиган ҳар қандай олим ғайриихтиёрий тарзда уларга меҳр қўя бошлайди. Мен босмачиларда инсоний фазилатлар борлигини, улар хулқ-атвори мантиғини тушунишга ва бу алал-оқибат нималарга олиб келганини ва б.ни кўришга ҳаракат қилганман. Шунинг учун босмачиларга муносабатим – бетараф. Яъниким, баъзи вазиятларда, албатта, уларни тушунаман, ҳатто эҳтимол маъқуллайман ҳам, аммо бошқа ҳолатларда бу хатти-ҳаракатлари нотўғри бўлганини англайман ва б. Замонавий тожиклар орасида ҳам шундай кишилар бор. Энди ҳеч ким уларни қоралаётгани йўқ. Илгари босмачиликни маъқуллаганлар кесилиб кетиши мумкин эди, бугун бу нарса ҳеч кимни қўрқитмайди.
Шунинг учун ҳам тожик, ҳам ўзбек жамиятида, билишим бўйича, уларга муносабат турлича ва бу табиий. Кимдир уларга хайрихоҳлик билан қарайди, кимдир уларнинг курашида миллий идеаллар учун курашни кўрмоқчи бўлади, кимнингдир бобоси ёки бувиси улардан озор кўрган ёки катта боболари босмачилик ҳаракатида қатнашган ва ҳк., аммо Тожикистонда босмачиликни жамоатчилик тўғридан-тўғри маъқуллаётгани ёки бевосита қоралаётгани кузатилаётгани йўқ. Икинчидан, замонавий миллатларимиз, Ўрта Осиё миллатлари миллий ўзлигини ахтармоқда. Улар Ғарб тутимларини ёки рус совет тажрибасини такрорлашни ёки улардан нусха кўчиришни истаётгани йўқ, қандайдир миллийлигига хос бўлган ҳаракатларни, миллий ҳаракатларни изламоқда, шунинг учун босмачиликка мурожаат қилмоқда ҳамда ўз руҳияти ва кайфиятига мос келадиган нарсаларни топишга интилмоқда.
Босмачилик ҳаракатини ўрганиш истиқболлари ҳақида сўз кетганда, айтиш жоизки, бугун бундай ҳаракатни ўрганиш учун на умумий ғоя, на бирор методология ва на бир илмий мутодология бор. Илгари марксизм-ленинизм бўлган бўлса, бугун ҳеч ким унга мурожаат қилаётгани йўқ. Унинг ҳеч қандай кучи қолмаган.
[Айни чоқда] бизга, менгаайнан босмачиликка жиҳод нуқтаи назаридан қараш ёки, дейлик, Ўзбекистонда босмачилик миллий-озодлик ҳаракати сифатида тадқиқ қилинаётгани маъқул эмас. Мен бу ҳаракат шаклланган миллий-озодлик ҳаракати эди, деб ҳисобламайман. Аммо бу – уларнинг муаммоси. Афсуски, бугун бу масала жуда суст ўрганилмоқда. Умуман, одамлар у ҳақида яхши ёки ёмон гапирмоқда, сўкаётганлар ҳам, мақтаётганлар ҳам бор, аммо босмачилик ҳаракати жиддий ўрганилаётгани йўқ.Архивлардан фойдаланиш жуда қийин. Дейлик, масалан, мен Москвадаги ташқи сиёсат архивига боришни исташим мумкин. Лекин ким бунга рухсат беради? Худди шунингдек, бошқалар бу ер – Тожикистонга келиб, архивга кирмоқчи бўлса, шундай қийинчиликларга дуч келиши турган гап. Шунинг учун бу жуда қизиқ ҳодисани ўпкани босиб олиб ўрганиш керак бўлади. У – умумий тарихимизнинг бутун бошли қатлами, шу сабаб унда чиндан ҳам Марказий Осиёнинг барча аҳолиси иштирок этган, ҳатто қозоқлар ҳам бундан мустасно эмас, чунки босмачилик ҳаракатидан Шарқий Бухородан бўлган лақайлар, қўнғиротлар ва қипчоқлар келиб чиқишига кўра Дашти Қипчоқдан бўлиб, қозоқларнинг қариндошларидир. Шунинг учун этник жиҳат ҳақида гапирадиган бўлсак, ўша ҳаракатда Ўрта Осиёнинг барча этник гуруҳлари иштирок этган. У – тарихимизнинг энг муҳим қисми.
Бугун суҳбатимизга якун ясаётиб, айтмоқчиманки, тарих фани ҳеч кимга ҳукм чиқармаслиги керак. Дейлик, мен учун аниқ-тиниқ бўлган ва ёвузлик эканини инкор этиб бўлмайдиган нацизмни ва у билан, нацистлар билан ҳамкорлик қилганларни қоралаш баробарида биз тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатишга уриниш ҳолатларига қарши курашишимиз керак. Босмачиларга муносабат маъносида айтмоқчиманки, улар ҳақида ижобий фикр билдирганларга қарши мушт кўтариб, ташланишимиз шарт эмас. Бу тарихимиз ўпкани босиб олган ҳолда кўриб чиқилиши лозим. Масалан, мен кўлоблик бир кишини биламан, отаси босмачи, ўғли эса Улуғ ватан урушида қаҳрамони бўлган. Буниси ҳам қизиқ: унинг Афғонистондаги қариндоши айтишича, бобоси босмачи, иккинчи бобоси – Сафар Амиршоев – Совет Иттифоқи қаҳрамони бўлган экан. Бу – бизнинг халқимиз, бу – бизнинг тарихимиз. Россияда ҳам қизиллар ва оқлар ҳаракатлари шу йўсинда ўрганилмоқда. Биз маълум вақтда уларга ҳам, буларга ҳам хайрихоҳ бўлишимиз мумкин. Шу маънода босмачилик онгимизда тахминан шундай жой эгаллайди. Биз уларга объектив назар билан қарашимиз, умуминсоний, гуманистик нуқтаи назардан муносабатда бўлишимиз даркор. Босмачилар ҳақида бугун билганларимиз тўлиқ манзарани кўз ўнгимизда жонлантира олмайди. Умуман, тарихшуносликда шундай қоида бор: манба – яъни ўрганилган жараён ёки манба манзмунига кўра битмас-туганмасдир. Биз орттирилган тажриба нуқтаи назаридан уларга яна ва яна миурожаат қилишимиз, таҳлил этишимиз, билимимизни оширишимиз мумкин, шу сабаб у – жараён. Бу Ўрта Осиёнинг босмачилик ҳаракати билан боғлиқ муаммоларини ўрганишга ҳам тегишли.