Ойша Заракўлнинг “Before the West: The Rise and Fall of Eastern World Orders“ (“Ғарбдан олдин: Шарқий дунё тартибларининг парвози ва қулаши”) китоби халқаро муносабатлар тарихининг қотиб қолган тушунчасини бузишга ҳаракат қилади ҳамда мўғул чўлларидан келган кўчманчи жангчиларнинг бошбошдоқ ва шафқатсиз истилоларига гўё янги мазмун бағишлаётгандай бўлади. Профессор Заракўл тушунтиришича, мўғуллар ва улар доҳийси Чингизхоннинг таъсири улар империясидан ҳам, сиёсатидан ҳам ва давридан ҳам ташқарига чиқиб кетган. Улар суверенитет – эгаменлик ва империялар шаклланишининг янги турини жорий қилган. Бугунга кунда унинг ҳам Шарқ, ҳам Ғарбда яшаб ўтган кўплаб халқларнинг умумий тарихига пойдевор қўйганини кузатиш мумкин
Ойша Заракўл Кембридж университетининг халқаро муносабатлар бўйича профессори ва Эммануэл коллежининг сиёсатшунослик бўйича стипендиати. У тарихий социология ва халқаро муносабатлар кесишган ўринларга, яъни халқаро тизимдаги Шарқ билан Ғарб муносабатларига, тарих ва дунё тартиби (тартиблари) келажаги, замонавийлик ва эгаменликни, давлатларнинг ўсиши ва таназзулини концептуаллаш (бирор нарсанинг концепциясини ишлаб чиқиш) ва таққослаш истиқболидаги турк сиёсатига бағишланган. Унинг “Before the West: The Rise and Fall of Eastern World Orders” деб аталадиган янги китоби 2022 йил мартида Кембридж универсети нашриётида чоп этилган эди. Унда халқаро муносабатларнинг (Евро)Осиёга асосий эътибор қаратилган муқобил глобал тарихи илгари сурилади. Доктор Заракўл бу китобида глобал нуқтаи назардан эгаменлик, тартиб ва таназзулни назарийлаштиради.
Сиз китобингизда Осиё илк марта Чингизхон истилоси сабаб бирлашгани ҳақида ҳикоя қиласиз ва унда Чингихоннинг эгаменлик модели юксак даражада бўлгани қайд этилади. Шарқ тамаддуни шаклланишида Чингизхоннинг хизмати қандай бўлганини сўзлаб берсангиз. Мўғул империяси тамаддуни Осиё тамаддунининг муайян тарихини қандай аниқлаб берган? Хулосаларингизни қандай далиллайсиз?
Мен китобимда келтирган асосий далил шуки, гарчи Осиё ёки Евроосиё XIII асрга қадар ягона макон бўлган эса-да, барибир XIII аср ушбу қитъа учун бурилиши нуқтаси бўлди, чунки айнан ўша пайтда маконнинг асосий қисми битта империя ва бир кишининг ҳокимияти остига жамланди. Мўғул империяси Осиёда Рим империяи Европада ўйнаган ролни ўйнади, чунки бир хил бошқарув ҳокимияти остида бўлиш бутун бошли Осиё ва Евроосиёга жиддий таъсир кўрсатган – буни биз ундан кейинги ўн ва юз йилликларда кўришимиз мумкин.
Мен ушбу китобимда тадқиқ қилган айрим амалиётлар ва институтлар Мўғул империясидан олдинроқ пайдо бўлган эса-да, мўғуллар уларнинг тарқалиши ва бошқа ерларга кириб боришида муайян рол ўйнади. Улар Чингизхон шахси ва тарихига илова илова қилинувчи ўзига хос тўпламнинг бўлакларига айланди. Намуна шунчалик катта аҳамиятга эга бўлдики, бошқалар унга ўхшашга интилиб яшади. Ҳатто ўша империянинг бевосита бошқаруви остида бўлмаган минтақаларда ҳам таъсирини кўриш мумкин. Мен халқаро муносабатларни тадқиқ қилиб келаман ва бемалол айтишим мумкинки, Чингизхон империяси моҳиятига кўра замонавий халқаро тартибга ўхшаш жаҳон тартибини яратди, у ўша пайтдаги дунёнинг маълум бўлган аксарият қисмини забт этган эди. Империянинг эгаменлик модели – биз уни давлатчилик модели деб атаймиз – тарқалди ва Марказий Осиёдаги ташқаридаги жуғрофий ҳудудларга таъсир кўрсатди. Бу жуда катта ҳисса бўлди. Ҳарқалай, 4 аср мобайнида XVII асрга қадар (эҳтимол ундан кейин ҳам) Осиёнинг турли қисмларида мўғуллар аниқ-тиниқ таъсир кўрсатган империяларни кўриш мумкин.
Дастлаб китобда Мўғул империяси ва 4 та хонлик ягона дунё тартиби сифатида кўриб чиқилади. Кейинги бир бобда мўғуллар таъсирида бўлган Темурийлар империяси, шунингдек, Хитойдаги Мин сулоласи – империялари ҳақида ҳикоя қилинади; бу Темур мисолида осон кўзга ташланади, Мин сулоласининг эрта даври ҳам, китобда таъкидлаб ўтганимдек, мўғул моделининг кучли таъсири остида бўлган.
Мен кейинги бобда Мўғул империясининг XV – XVI асрларда ҳукм сурган Усмонлилар, Сафавийлал ва Буюк Мўғул исломий империяларига, шунингдек, маълум маънода Шайбонийлар империясига таъсирини тадқиқ қилганман – улар XVI асрда дунёнинг жуда катта ҳудудини ўзаро бўлишиб олган эди. Ниҳоят, китобнинг яна бир боби бу дунёнинг Европага, Москва подшоҳлигига, Россияга – биз ҳозир Европа деб атайдиган ўлкаларга таъсир кўрсатгани ҳақидадир. Бутун асосий тарих – мана шу.
Бу хулосаларга қандай келдингиз?
Мен давлатчиликнинг эгамен тадрижи ва халқаро тартиб тадрижи тадқиқоти билан шуғулланиб келаман. Халқаро муносабатларда ишимизнинг бу соҳага оид катта қисми анъанавий тарзда Европага ва Европа траекториясига (ҳаракат йўналиши) қаратилган. Мен эгаменлик тарихи Европадан ташқарида – бошқа жойларда қарор топгани ҳақида қандайдир таққослар топишга ҳаракат қилдим. Дастлаб ўзим учун яқин бўлган Усмонлилар тарихини тадқиқ қилаётиб, тарихчиларнинг усмонлиларнинг XVI асрдаги ҳуқуқ ва эгаменлик концепцияларига темурийлар ва ҳатто мўғуллар аниқ таъсир кўрсатгани ва улар ўша ердан келиб чиққани ҳақидаги фикрларига дуч кела бошладим. Сўнгра мен, агар усмонлилар орадан ўтган кўп асрдан сўнг Мўғул имерияси таъсирига тушган бўлса, улар бевосита бошқарган империялар ҳам ўша таъсир остида бўлган бўлиши керак, деб ўйлай бошладим. Шу тариқа ўша мантиқ ипини бутун Евроосиё орқали тортиб ўтишга ҳаракат қилдим.
Мен ҳар бир минтақа тарихшунослиги жуда ихтисослашганини кўрдим. Тарихчилар одатда муайян мамлакат ва минтақаларни ўрганади. Аммо кейинги йилларда дунёнинг турли бурчакларидаги тарихчилар Мўғул империясининг ўз минтақасига таъсири ҳақида гапира бошлади, бу, мўғуллар фақат ваҳшийликлар олиб келган, қабилидаги кенг тарқалган ривоятларга зиддир. Масалан, Мин сулоласи вакиллари мўғул бўлмаган эса-да – чунки улар Юан сулоласини ва мўғулларга тегишли бўлган барча нарсаларни рад этган – сўнгги йилларда тарихчилар Мин сулоласининг дастлабки императорлари ўзини анъанавий Хитой императорлари сингари тутмаганини исботлаб берди. Улар жангчи императорлар бўлган, уларни ҳарбий мужодалалар (кампаниялар) ва ташқи эътироф қизиқтирган, ҳокимиятни марказлаштирган. Бу ҳолни Юан сулоласи / мўғуллар меросига ҳавола бермасдан тушунтириб бўлмайди.
Мен китобимда Осиё ва Евроосиёнинг турли бўлаклари ҳақидаги мана шу ҳикояларни битта катта ва ўзаро боғлиқ тарихга бирлаштиришга ҳаракат қилдим. Китобимда ўз минтақалари учун мана шундай фактларни кашф қилган тарихчиларнинг илмий асарларига таяндим. Аммо халқаро муносабатлар соҳасидаги олима сифатида ҳам умумий манзарага эътибор қаратишим ва ҳаммасини бир ипга тизишим мумкин.
Бизни, айниқса, Марказий Осиё қизиқтиради. Биласизки, айрим мамлакатлар, масалан, Қозоғистон ўзини Олтин Ўрданинг вориси деб билади, бироқ айни чоқда давлатчилик ёки ҳоқонликлар мўғуллар босқинидан анча олдин ҳам мавжуд бўлган. Ўша босқин оқибатида XIII асрда кўплаб давлатлар ва маданий ёдгорликлар йўқ қилинди (ўша давр ушбу минтақадаги ислом дунёси маданиятининг олтин асри бўлган). Мўғуллар Марказий Осиёда қандай мерос қолдирди?
Кўп нарсалар XIII асрга қадар ҳам мавжуд бўлган ва узоқ тарихга эга, бунга туркий амалиётлар ҳам киради. Мен китобимда Чингизхон ҳамма нарсани кашф қилган, деб иддао қилганим йўқ. Марказий Осиё жуда ривожланган форс дунёси, яна Хитой билан боғлиқ бўлган. Битта фарқи – XIII асрда Евроосиё сиёсий жиҳатдан майда бўлакларга бўлиниб кетган эди. Чингизхон мўғуллари Осиёнинг турли қисмларини бирлаштиришга муваффақ бўлди. Дарвоқе, улар Европани ҳам бирлаштириши мумкин эди, аммо тўхтаб қолишди – Европа ўша пайтларда тараққиётдан четда қолган ўлка бўлган. Аммо мўғуллар Шарқий ва Ғарбий Осиёни бирлаштириб, қитъа ривожланишини тезлаштирди, чунки улар айрим амалиётларни ва икки минтақа ўртасида мавжуд бўлган барча нарсаларни Шарқдан олиб Ғарбга, айрим амалиётларни Ғарбдан олиб, Шарққа экспорт қила олди. Боғлиқлик чиндан ҳам ўша пайтда мерос яратиш имконини берган эди.
Мўғуллар Шарқий ва Ғарбий Осиёни бирлаштириб, қитъа ривожланишини тезлаштирди, чунки улар айрим амалиётларни ва икки минтақа ўртасида мавжуд бўлган барча нарсаларни Шарқдан олиб Ғарбга, айрим амалиётларни Ғарбдан олиб, Шарққа экспорт қила олди.
Дастлабки истилолар ўта шафқатсиз бўлган. Мен мўғул истилолари апологети (мақтовчиси) эмасман – ўша пайтларда яшаш даҳшат бўлганига ишончим комил, лекин шу билан бирга, истилолар ниҳоясига етганидан сўнг империя Осиёнинг турли қисмларини бирлаштириш вазифасини бажарган. Уларнинг отларга таянган ривожланган ёмхона (почта) тизими бўлган ва бутун қитъани қамраб олган, савдо-сотиқ ривожланишига одамларнинг (ҳунармандлар, савдогарлар ва ҳк.) бир жойдан бошқа жойга кўчишига ёрдам берган.
Айрим тарихчилар буни чингизча алмашув деб атайди. Бу Янги Дунё товарларини Кўҳна Дунёга ва Кўҳна Дунё товарларини Янги Дунёга олиб борган колумбча алмашувга муқояса қилиб олинган. Масалан, Мўғул империясининг ислом санъатига таъсирини кўриш мумкин. Мўғуллар истилосига қадар ислом маданияти бутунлай бошқача бўлган, аммо Мўғул империяси даврида кошинларни тайёрлаш технологияларида Хитой таъсири аниқ-тиниқ кўзга ташланган. Мен яна Мўғул империяси апологети бўлишни истамайман, лекин шу билан бирга, тан олишимиз керакки, тамаддуннинг буюк ютуқлари деб ҳисоблаётган нарсаларимиз ўша империясиз рўёбга чиқмаган бўлур эди.
Худди шу гапни Темурийлар ҳақида ҳам айтиш мумкин – Темурийларнинг Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлари санъати ва меъморчилигига таъсири шу кунларда ҳам кўзга ташланиб туради. Темурийлар империяси таназзулидан сўнг кўплаб ҳомийлик қилинган ҳунармандлар ва зиёлилар Онадўли ва Эронга йўл олган, Буюк Мўғуллар эса Ҳинд кичик қитъасига тушиб қолган. Мўғуллар сингари темурийлар ҳам пировардида кейинги империяларга анча-мунча таъсир кўрсатган. Бундан ташқари, китобимда эгаменлик тури ва империя яратиш турига бўлган сиёсий таъсир ҳақида ҳам ҳикоя қилинади, яъни санъат, меъморчилик, сиёсий назария, адабиёт бошқа қолган нарсаларга улкан таъсир мавжуд бўлган.
Биз буни ҳатто Хитойда ҳам кўришимиз мумкин. Мен олдинроқ Мин сулоласининг дастлабки даври ҳақида гапириб ўтган эдим. Бир мисол келтираман: мўғуллар осмонни ўрганишга жуда қизиққан. Эҳтимол бу қизиқиш улардан олдин ҳам бўлган – ахир, бу фақат мўғулларнинг эмас, туркларнинг ҳам амалиёти бўлган – аммо улар ҳукуматлар / ҳукмрон сулолалар астрономияга / астрологияга (илми нужум) ҳомийлик қилиши шартлиги тўғрисидаги ғояни тарқатган эди. Империя яратишга оид мўғуллар услуби таъсири бўлган жойларда расадхоналарга ҳомийлик қилган ҳукмрон сулолаларни кўриш мумкин. Бунинг яққол ва яхши намунаси Самарқанддир. Мин сулоласининг дастлабки империяси ҳам мунажжимларга (қизиғи шундаки, кўпинча мусулмон мунажжимларига) ҳомийлик қилган. Шундай экан, ҳар хил ва кутилмаган ижобий таъсирлар ҳам ва албатта даҳшатли зўравонлик ҳам бўлган. Ҳаммаси – қоришиқ.
Мўғулларнинг сиёсий тузуми Хитойга, хусусан, Россияга қандай таъсир кўрсатган? Россия учун Шарққа ёки Ғарбга мансублик ҳар доим ҳал этувчи аҳамиятга эга бўлган, Хитой учун ҳам шундай бўлганми?
Китобимда бу масала батафсил муҳокама этилган. Марказлаштирилган бошқарув тури – етакчи маҳаллий даражада қандай аталмасин – олий қонун чиқарувчи ҳисобланишини айтганман. Бу ҳокимиятга бўлган ғайриоддий даъводир, чунки тарихда қироллар ва ҳукмдорлар кўп бўлган, аммо улар аксарият ҳолларда дин пешволари олдида ҳисобдор бўлган, улар сўзини уламо, черков ва ҳк. маъқуллаши зарур эди. Хитойда конфуцийлик марказлаштирувчи ҳокимиятни тийиб турувчи омил бўлган. Мўғуллар келгунга қадар императорлар у қадар қудратли бўлмаган (бундан анча олдинги тарих мустасно).
Бундан фарқли ўлароқ, Чингизхон гапнинг пўскалласини айтади-қўяди: “Мен – қонун чиқарувчиман, ҳеч кимнинг олдида ҳисоб бермайман, чунки мен дунё фотиҳиман, шунинг учун барча қонунларни (Чингизхон ясоқларини) ўзим яратаман”. Ушбу модел таъсири остида бўлган жойларда бу моҳиятан ҳокимият ҳаддан зиёд марказлушувини англатади. Масалан, шу сабаб XVI асрдаги усмонлилар ёки мўғуллар бошқаруви бошқарувнинг дастлабки исломий моделидан фарқли ўлароқ, ғайриоддий эди: қўққисдан ҳукмдорлар қонунлар қанақа бўлишини уламодан (юристлардан) яхши билишини иддао қилиб, шариатдан (дин ҳуқуқи) четга чиқувчи қонунлар қабул этишга ўтган – бунинг учи тўғридан-тўғри мўғулларга бориб тақалади. Шу тарзда уларнинг Хитойдаги таъсири марказлашувга сабаб бўлди. Қайд этиб ўтганимдек, мўғуллар босиб боргунга қадар Хитой императорлари у қадар қудратга эга бўлмаган. Чингизхоннинг бевосита авлодлари бўлмиш Юан сулоласи бу динамикани ўзгартириб юборди. Юан сулоласи императорлари Мин сулоласининг дастлабки императорларига ўхшаб, яна тахмин қилишимча, Цин сулоласининг айрим дастлабки императорлари (гарчи китобимда Цин сулоласини муҳокама қилмасам ҳам) марказлаштирувчи бўлган – айтиб ўтганимдек, дунёни забт қилишга интилган. Мин Сулоласи даврида мўғуллар таъсири сусайиб боргани сари конфуцийлик ва ташқи дунёдан узилиш (изоляция) таъсири кучайиб борганини кўрамиз, императорлар эса рамзийлаша ва маҳдудлаша борган.
Россия ёки Москва подшоҳлиги – ҳа, ҳа, яхшиси, Россия эмас, Москва подшоҳлиги деган маъқул, Москва Олтин Ўрда ҳукмронлиги остида бўлганига қарамай, бошқа рус шаҳарлари ҳисобига бундай бошқаришдан фойда кўрган – бу ўринда бевосита таъсир бор. Буни биз ҳам кўришимиз мумкин, Россия тарихчилари ҳам ёзиб қолдирган. Уларнинг эгаменлик концепцияси ҳам Олтин Ўрда таркибида бўлиш тажрибаси сабаб жуда ўзгариб кетган. Маълумки, XVI асрда Московия Учинчи Рим деган ғоя мавжуд бўлган, Царь (Цезарь) (подшоҳ) унвони шундан олинган. Аммо тарихчилар яна рус подшоҳлари ўша даврда ўзини мўғул хонларидай тутганини исботлаб берди. Бошқача айтганда, Иван III ва айниқса, Иван IV даврида даврида ҳокимият янада марказлашганини кўриш мумкин. Мен бу таъсир ҳақида китобимда ёзганман. Аммо яна айтмоқчиманки, Иван IV нинг айрим чидаб бўлмас ваҳшийликларини мўғулларга тўнкаб бўлмайди. Мўғуллар, айтиб ўтганимдек, шафқатсиз бўлган, лекин улар маданий ва диний амалиётга муносабатида нисбатан плюралистик (бошқалар фикрини ҳам ҳисобга олиш) йўл тутган – улар фуқароларининг диний эътиқодини назорат қилишга ҳаракат қилмаган ва ҳк. Умуман, улар бундай нарсаларга бемалол муносабатда бўлган. Дин чегараларини назорат қилишга уриниш, жодугарликни таъқиб қилиш ва ҳк. илдизлари Европа ва христиан дини тарихига бориб тақалади. Иван Грознийнинг ваҳшийликларида мўғулларнинг ҳокимиятни марказлаштиргани билан христианларнинг турли амалиётларни таъқиб қилгани, жодугарлик сабаб паранойяга (руҳий босинқираш) тушиб қолгани бирикуви ва ҳк.ни кўришимиз мумкин. Биз ворис давлатлар қилган даҳшатли ишлар учун мўғулларни айблай олмаймиз.
Умуман, мўғуллар, плюрализмга нормал муносабатда бўлган. Ҳатто чингизий ҳукмдорлар ислом динини қабул қилганда ҳам, улар европалик замондошларидан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон диний мутаассибликка берилиб кетмаган. Бунга сабаб уларнинг оқкўнгил либераллиги эмас, аксинча, ўзини ҳар нарсадан, ҳатто диндан ҳам устун деб билгани бўлган.
Келинг, “Шарқ” ва “Ғарб” тушунчаларига ўтамиз. Сизнингча, “Шарқ” ва “Ғарб” атамаларини ифода қилувчи тушунчалар нималардан иборат? “Шарқ тамаддуни”ни ўрганиш Ғарбни, тарих ва / ёки замонавий сиёсатни ўрганишга қандай ёрдам беради? Агар шарқона қарашни европоцентризмга (ҳамма нарсанинг маркази Ғарб эканини иддао қилувчи таълимот) алмаштирсак, яна бир мувозанати бузилган манзарани кўришимиз хавфи туғилмайдими?
Бир тарафдан, “Шарқ” ва “Ғарб” – бугунги бўлинишни акс эттирувчи замонавий атамалар. Мен тарихни тушгуниб етиш учун ушбу атамалардан фойдаланишда айрим муаммолар мавжудлигини бажонидил тан оламан. Китобимда бунинг ижобий ва салбий жиҳатлари муҳокама этилади. Айни чоқда Осиёда бошқа сиёсий йўналишлар бўлгани ҳам рост; Европа тарихи уларни қамраб олади, деб тахмин қилиб бўлмайди. Тарихни замонавий мунозараларга тушунарли қилиш учун замонавий ўқувчига тушунарли бўлган атамалардан фойдаланиш зарур. Бу – ўта нозик жиҳат. Ҳатто “Осиё” атамаси ҳам европаликларга тааллуқли – қадимга юнонлар Онадўлини ва Олд Осиёни айнан шу сўз билан атаган. Гарчи муаммоли эканини билсак-да, ихтиёримизда бўлган атамалар билан иш кўришимизга тўғри келади.
Шарқнинг дунё тартиблари кўтарилиши ва таназзули ҳақида гапираётганимда, мен унинг ўзгармас моҳиятини тахмин этишга уринмайман. Аксинча, Европа траекториясини ҳар доим ҳам умумлаштириб бўлмаслигини, Европа ҳар доим ҳам устун бўлмаганини, ҳар қандай тарих у ҳақда сўзлаб беришга муносиб эканини таъкидлашга ҳаракат қиламан. Бундан ташқари, агар биз келажак қандай кўринишда бўлиши ҳақида ўйлашни истасак, у сўнгги 100 ёки 200 йилга ўхшаш бўлишига ҳеч қандай кафолат йўқ. Бунинг маъноси шуки, келгусида нима бўлиши ҳақида тасаввуримизни ҳаракатга келтириши мумкин бўлган намуналар, тарихий намуналар ҳақида кўпроқ мушоҳада қилишимиз зарур бўлади. Мен айнан шу иш билан шуғулланяпман.
Мен тадқиқ қилаётган даврда қайсидир маънода замонавий халқаро муносабатлар билан таққослаш мумкин бўлган муайян ўхшашликлар бор, деб ўйлайман. Масалан, эътиборим марказлаштиришга қаратилган: миллий давлат ҳам марказлаштирилган эгаменлик асосида ташкил топган. У ҳукмдор шахси атрофида марказлашгани йўқ. Бу – марказлашган, ҳудудий эгаменлик. Мен кўриб чиқаётган барча империялар жаҳон империялари бўлишга интилган – уларнинг даъволари универсал эди. Шунга кўра, бу замонавий халқаро тартибга менгзайди, чунки у ҳам универсалликка интилмоқда. Айни чоқда тафовутлар ҳам мавжуд: агар сиз XIII, XIV, XV ёки XVI асрда яшаганингизда, Европани эмас, “Осиё”ни (нима деб аташингиздан қатъи назар) дунё маркази деб ҳисобламаган бўлар эдингиз. Бу қитъада ўша пайтда иқтисодий, маданий ва сиёсий ҳаёт қайнаган.
Мен ўқувчига мана шу жиҳатларни етказмоқчи бўлдим, лекин хитойларга хос тарзда эмас. Европоцентризм ўрнига осиёцентризмни ташвиқ қилмоқчи эмасман. Айтмоқчи бўлганим шуки, тарихий манзаранинг етмаётган қисмларини қанчалик тўлдирсак, у шунчалик мувозанатланган бўлади. Ўша пайтда бошқалар Африка ва Америка (ва бошқа даврлар) ҳақида ҳам гапиришига умид қиламан.
Китобингиз халқаро муносабатларга тартиб ва таназзул сингари янги тушунчалар ва мунозараларни олиб кираётгани учун мақталмоқда. Ушбу ҳисса ҳақида кўпроқ гапириб бера оласизми?
Мен халқаро муносабатлар фани асосий эътиборни фақат буюк давлатларнинг юксалиши ва таназзулига қаратади, деб айтганман китобимда, чунки бу фан XVII асрдан бошлаб Европа тарихини ўрганади. Европа тарихи эса ушбу қитъанинг минтақа сифатидаги тарихи глобал тарихга айланишини тамсил этади. Ушбу нуқтаи назардан халқаро тартиб доимо кенгайиб бораётганга, фақат муайян буюк давлатлар: Нидерландия, сўнгра Буюк Британия билан АҚШ ва ҳк. юксалиб, сўнгра таназзулга юз тут(аёт)ганга ўхшаб кўринади. Мен бундан фарқли ўлароқ, китобимда, тарихга кенгроқ нуқтаи назардан қарасак, аниқроғи, уни каттароқ даражада ўрганадиган бўлсак, нафақат буюк давлатлар, қолаверса, халқаро тартиблар ҳам юксалиб, таназзулга юз тутиши мумкинлигини тушуниб оламиз. Бундан ташқари, китобда мен “ойкумена” деб атайдиган ва теран меъёрларни, теран маданий тушунчаларни англатадиган ва жаҳон сиёсати асосини ташкил қиладиган тушунча бор. Масалан, ҳозир биз миллий давлатни шундай бўлиши керак бўлган қурилмадай тушунамиз, аммо тарихда миллий давлатлар бўлмаган. Миллий давлатларни табиий нарсалар деб қаттиқ ишониш ойкуменамизнинг бир қисми, холос. Биз, миллий давлатлар ҳар доим мавжуд бўлган ва бўлади, деб ўйлаймиз, аммо XIII ва XIV асрларда яшаган одамлар ҳам, ҳаёт тарзимиз адабий мавжуд бўлади, деб ўйлаган. Бироқ ҳатто шундай теран меъёрлар ҳам заифлашуви ва ўзгариши мумкин. Индалло шуки, буюк давлат таназзулини тартиб ва ойкуменадан ажратиб олиш, тартиблар бўлакларга қандай бўлиниб кетаётгани, теран меъёрлар қандай ўзгараётганига қарашимиз керак бўлади. Биз фақат буюк давлатларга қараб қолмасдан жаҳон сиёсатининг теранроқ тўқимасини ҳам ўрганишимиз шарт.
Ҳозирги пайтда биз туркий давлатларнинг бирлашишга уриниши шоҳиди бўляпмиз, бирлашиш йўлида нафақат Туркия, балки туркий тилда сўзлашувчи бошқа мамлакатлар, жумладан, Марказий Осиё мамлакатлари ҳам ташаббус кўрсатмоқда. Туркий давлатлар иттифоқини барпо этиш бўлғуси дунё тартибининг жуғрофий-сиёсий сценарийларидан бири бўладими? Бундай ташаббусларнинг истиқболи қандай?
Ушбу йўналишда уринишлар борлигини биламан, аммо бу муваффақият келтирадиган йўл эканига ишонмайман. Буни иш беради деб ўйламайман. Қандайдир ҳамкорлик бўлишига қаршилигим йўқ. Мен китобимда этник мансублик чегараларидан ташқарига чиқадиган боғлиқлик – Осиё ва Евроосиё алоқаларининг улкан тарихи ҳақида сўзлаб беришга ҳаракат қилдим. Москва, Пекин, Анқара ва ҳк. битта империя назоратида бўлганини англаш одамни ҳайрон қолдиради. Сўнгра ворис давлатлар бу моделларни Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларга ҳам кўчирди. Албатта, мен мўғуллар услубидаги бошқаришни ёқламайман, аммо Евроосиёда истиқомат қилаётганлар бизни миллатчилик ғояларига таянмайдиган умумий тарих бирлаштириб турганини ва у миллатчиликкача бўлган замонларга бориб тақалишини эсда тутиши шарт. Нима бўлганда ҳам, мўғуллар миллатчилик ҳақида қайғурмаган, уларнинг миллатчилик ҳақида тушунчаси ҳам бўлмаган, яъни улар замонавий тилдаги (бугун кўплаб туркий тилларда тушуниладиган) “миллат”ни англатмайдиган “улус” сўзидан фойдаланган, у “мен ва уйимни (қариндошларимни)” англатган. Мўғулларнинг ўзаро рақобатлашувчи мўғул оилалари бир-бирини йўқ қилиши ҳам ҳеч гап эмас эди. Шуниси равшанки, дастлаб оддий кишилар ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган ва уларнинг ҳукмдорлар билан, айрим тил алоқаларини ҳисобга олмаса, ҳеч қандай умумий жиҳати бўлмаган.
Бугунги кунда Евроосиёда истиқомат қилаётганларимиз бизни миллатчилик ғояларига таянмайдиган умумий тарих бирлаштириб турганини ва у миллатчиликкача бўлган замонларга бориб тақалишини эсда тутиши шарт.
Бошқача айтганда, Осиёни бирор нарса бирлаштириши керак бўлса, бу аллақандай этник ёки тил алоқалари эмас, Европада бўлгани каби, умумий тарихимиз ва тажрибамиз бирлаштириши мумкин. Осиё фақат Шарқий Осиё эмас: узоқ асрлар давомида ўзаро боғланиб турган кенгроқ макон бўлган. Буни унутмаслигимиз керак, эҳтимол уни ёдда тутиш бизга кучли осиёий кимлигимизни (идентитет) ривожлантиришга ёрдам беради. Нега мен туркиялик киши ўлароқ, ўзимни осиёлик деб аташим мумкин эмас? Тўғри, бир қарашда бу бемаъни туюлади. Шу ишни ҳозиргача қилмаганимиз учунми? Нима қипти бир уриниб кўрсак?