Сурат манбаси: foreignpolicy.com
Прия Сатиа – Стэнфорд университетининг Раймонд А. Спруанс номидаги халқаро тарих бўйича профессори, мукофотлар соҳиби ва “Spies in Arabia: The Great War and the Cultural Foundations of Britain’s Covert Empire in the Middle East” (“Арабистондаги жосуслар: Буюк уруш ва Яқин Шарқдаги Британия махфий империясининг маданий асослари”) ва “Empire of Guns: The Violent Making of the Industrial Revolution” (“Қуроллар империяси: Саноат инқилобининг зўравон ишланмалари”) китоблари муаллифи Foreign Policy журналида чоп этилган мақоласида Британия мустамлакачилиги минтақа харитасини қайтадан чизгани ва уни тинмаётган можаролар ва ўн йиллаб зўравонликка дучор этгани ҳақида ёзади.
Қисқартирилган таржима
2021 йил 12 августи – Кобулни толиблар эгаллаши арафаси – Ҳиндистонда август ойининг яна бир байрами нишонланди (15 август – Ҳиндистон мустақиллиги куни, у 1947 йили мамлакат Британия Қўшма Қироллигидан мустақилликка эришганига бағишланади). Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ушбу кунни “Бўлиб ташлаш даҳшатларини хотирлаш куни” – Британия мустамлакаси бўлган Ҳиндистон зўравонлик билан алоҳида мамлакатлар – Ҳиндистон ва Покистонга бўлиб юборилганини хотирлаш куни деб эълон қилди, ушбу бўлиб ташлаш инсоният тарихидаги энг оммавий миграцияни келтириб чиқарган эди. Миллионлаб кишилар уйи, яшаш маблағлари ва ҳаёт тарзидан маҳрум этилиб, дарбадарликка маҳкум бўлди (изоҳ – ушбу воқеа тақрибан 1 миллион кишининг ўлимига, яна 18 миллиондан ошиқ қишининг оммавий миграциясига олиб келди, шулардан деярли 4 миллион кейинги аҳолини рўйхат олиш вақтида “топилмади”). Дабдурустдан кўчиш ойлари ўлим, зўравонлик ва қийноқлар билан бирга кечди, шундан сўнг сэр Сирил Рэдклифф Панжоб Бенгалияни ўзаро ажратувчи чегара чизиғи тортди. 14 август – Покистон ҳам мустақиллигини нишонлайдиган кун. (Британия Ҳиндистонига мустақиллик хабари 14 август ярим тунда келди, Ҳиндистон мустақиллигини 15 августда, Покистон эса 14 августда нишонлади.)
1947 йил нафақат Покистон билан Ҳиндистон ўртасида янги чегара қуриш, шу билан бирга, фожиалилиги ундан ҳам кам бўлмаган Покистон билан Афғонистон ўртасида чегара тортиш билан тарихга кирди. Бугун афғонлар чегаралардан ёпирилиб ўтаётганда, ўтмиш ҳақидаги хотира ва то шу кунгача давом этаётган мустамлакачилик даврининг бўлиб ташлаш сиёсатини қайта идрок қилиш Жанубий Осиё аҳолиси учун ҳам, Афғонистон ишларига аралашиб келган ва аралашишни давом эттираётганлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Рэдклифф чегара чизиғига қадар Дюранд линияси мавжуд эди. Британияликлар 1878 – 1880 йилларда рўй берган Иккинчи инглиз-афғон уруши вақтида Афғонистон ҳудудини босиб олиб, уни Британия Ҳиндистонига қўшиб, ўз амалдори Мортимер Дюрандни ўша истилони 1893 йилда шартнома билан расмийлаштириш учун ўша ерга жўнатган эди. Афғонистон тўлиқ эгамен бўлмаган: британияликлар унинг ташқи муносабатларини ярим мустамлака тартибида назорат қилиб турган, бу Британиянинг дунёнинг кўплаб қисмларида одатий бўлган сиёсати эди. Шу тариқа, шартнома мажбурий бўлган (ва ҳақиқий ниятни хато таржима билан яширган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас), бу мустамлакачилик давридаги Британия шартномаларида тез-тез кузатилган. Дарҳақиқат, Дюранд чегара чизиғи Европа давлатлари Африка харитасидаги чегараларни ўзбошимчалик чизгандан сўнг орадан кўп ўтмай тортилди.
Айни чегара чизиғи пуштунлар яшайдиган улкан минтақани иккита бўлиб ташлади, Афғонистон уларнинг кўпчилигига ўзини ўзи бошқариш тизимини сақлаб қолишига рухсат берди: айни чоқда ғарбий бўлим Афғонистоннинг, шарқий бўлим эса Британиянинг таъсир доирасига кирди. Британияликлар шарқий туманларнинг бевосита расмий назоратини ўз қўлига олган, шу билан бирга, масалан, Вазиристондаги Дюранд чегара чизиғи атрофида истиқомат қилувчи маҳаллий қабилаларга ҳам субсидия ва қурол-яроғ бериб, норасмий тарзда таъсир ўтказар эди. Ўша чизиқ жисмоний чегара эмас, таъсир доираларини чеклаш линияси бўлгани учун ҳам ўша ерда чегарани ҳар икки томондан кесиб ўтишнинг анча-мунча эркинлиги сақланиб қолаётган эди. Бироқ чегара чизиғи тиқиштирилган аҳоли норозилик билдириб турар ва бу 1897 йилда қўзғолонни келтириб чиқарган эди.
Айни қўзғолон бостирилгандан сўнг (унда ёш Уинстон Черчилл ҳам қатнашган) британияликлар икки қисмга ажратилган ҳудуднинг баҳсли қисмлари устидан назоратни тиклади ва минтақага олиб кирилаётган қурол-яроғ оқимини тўхтатишга уринди. 1901 йилда улар бевосита назорат остидаги шарқий туманларни Британия Ҳиндистонининг чегара вилояти таркибига қўшиб олди. Ўша йили Афғонистонда ҳокимиятга янги амир келди ва яна Британиянинг минтақани бўлиб ташлаганига шубҳа билдирди ва бу ҳол британиялар 1905 йилги келишувларни қайта кўриб чиқишига туртки берди. Шунга қарамай, чегара чизиғи баҳслилигача қолаверди. Ўша йили британияликлар Ҳиндистоннинг шарқий чегарасидаги Бенгалияни ҳам ўша ердаги мустамламлакачиликка қарши кайфият кучайиб кетиши олдини олиш учун диний белгиларидан келиб чиқиб, иккига бўлди. (1911 йилда мустамлакачиликка қарши зарба ушбу бўлиб ташлашни бекор қилишга мажбурлади, лекин Рэдклифф 1947 йилда минтақани яна иккига бўлишнинг уддасидан чиқади.)
Биринчи жаҳон уруши вақтида Ҳиндистон билан Афғонистониннг ишлари чигаллигича қолаётган эди: мустамлакачиликка қарши курашаётган фаоллар Кобулда Ҳиндистоннинг муваққат ҳукуматини тузди, улар Туркия ва Германия империялари билан бирга нафақат Ҳиндистон, қолаверса, барча мусулмон мамлакатларини Британия ҳукмронлигидан озод қилиш мақсадида режасини ишлаб чиқаётган эди. Ушбу ҳаракат аъзолари байналмилаллик ва муҳаббатнинг инсонпарварлик этикасига амал қилиб, Калифорниягача бўлган бепоён ҳудудларда болшевиклар, панисломчилар, паносиёчилар ва бошқа мустамлакачиликка қарши фаоллар билан ҳамкорлик қилди. Улар ушбу биргаликдаги курашни, унинг сиёсий натижалари қандай бўлишидан қатъи назар, ўзига мақсад қилиб олган эди.
Афғонистон айни мустамлакачиликка қарши кучларни рағбатлантирар экан, бу урушдан сўнг тўлиқ мухторияти ҳақида эълон қилди ҳамда Британия Ҳиндистони, жумладан, Моманд ва Вазиристон билан чегарадош баҳсли туманларни қайтариб олишга уринди. Бироқ 1919 йилда юз берган Учинчи инглиз-афғон урушидан сўнг ҳам бу масала ҳал бўлмай қолиб кетаверди. АҚШнинг учувчисиз учиш аппаратлари фойдаланиши мўлжалланган стратегиясини олдиндан кўра билган британияликлар минтақадаги ҳаво полициясига оид янги технологияга мурожаат қилди. АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари штаби бошлиғи Ҳю Тренчард “қабилаларнинг психологияси, ижтимоий жиҳатдан ташкил этилгани ва ҳаёт тарзи, шунингдек, улар яшаётган мамлакат характеридан келиб чиқиб”, ушбу технологияни мақбул кўрди.
Ҳарбий ҳаракатлар бўлаётган даврда Кобул билан боғлиқ бўлган Ҳиндистоннинг мустамлакачиликка қарши фаоллари урушдан сўнгги омма қўллаб-қувватлаган мустамлакачиликка қарши курашини давом эттирди. Лекин улар федерал тузилмани орзу қилаётган пайтда Британиянинг халқларни бўлиб ташловчи қатъий чегара тортиш амалиёти янги куч ва мақсадга эга бўлди. Бўлиб ташлаш бутун империя бўйлаб турли гуруҳлар ўртасидаги сиёсий зиддиятнинг “ечими” деб эълон қилинди – 1921 йилда Ирландияни мустақиллик эвазига бўлиб ташлаш (Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллик таркибида қолди) 1930-йилларда Фаластин учун шунга ўхшаш “ечим” топиш тавсиясига намуна бўлиб хизмат қилди. 1940-йилларга келиб, бўлиб ташлаш Британиянинг мустамлакаси остидаги мамлакатлар ундан озод этиши воситасининг стандарт бўлагига айланди. Британиянинг Жанубий Осиёдаги мустамлакачилик сиёсатини, ҳиндийлар билан мусулмонлар алоҳида миллатларга мансуб ва бу воситачилик бўлишини талаб қилади, қабилида оқлаш динга асосланган алоҳида электоратлар яратилишига эш бўлди. Лекин ҳамма мусулмонлар ҳам бўлиб ташлашни қўллаб-қувватлагани йўқ. Пуштунларнинг шимоли-шарқий чегарада ташкил этилган “Худаи Хидмадгар” (форс тилидан таржима қилинганда, “Худонинг хизматкори” деган маънони англатади) мустамлакачиликка қарши зўравонлик қилмасликка қаратилган ва М. Гандининг “Конгресс” ҳаракати билан қалин алоқада бўлган ташкилоти бўлиб ташлашга кескин чарши чиққан эди.
1947 йил июнида бўлиб ташлаш режаси эълон қилинганда хизматкорлар жуғрофия ўзларини автоматик тарзда Покистон таркибига қўшиб юборишидан хавфсираб, унинг ташкил этилишига принципиал қарашлардан келиб чиқиб, қатъий эътироз билдирди. Бунинг ўрнига улар, худди Афғонистон ҳукумати сингари мустақил Пуштунистон тузиш фикрида қатъий туриб олди. 1947 йил августидан сўнг панжобликлар ва бенгаллар ҳаётини сақлаб қолиш учун Рэдклиффнинг янги чегара чизиғини кесиб ўтиб, қоча бошлаганда, Покистон ҳукумати баҳсли Дюранд линиясини ҳимоя қилиш йўлини тутди, чунки пуштунлар ва Афғонистон ҳукумати унинг қонунийлигини ва Покистоннинг ўша чегара чизиғига ёндош пуштун туманларига даъвосини рад этаётганди. Покистоннинг Пуштунистон ҳаракатини бостирмоқчи бўлган жадал саъй-ҳаракатларига қарамай, у яшаб қолди ва 1970-йилларда Афғонистон президенти Довуд Хон ҳаракатни қўллаб-қувватлаб турган эди.
Американинг Совет қўшинларининг Афғонистондаги ҳозирлигига қарши курашаётган мужоҳидларни қўллаб-қувватлаши қисман Дюранд линиясидаги чегара чиғиғини мустаҳкамлашга қаратилган. (Коммунистик ҳукуматлар совет истилоси даврида Дюранд линиясини чегара сифатида тан олишдан бош тортган.) Бироқ Покистон Афғонистон ишларига аралашиш учун тайёрлаган агентлар ҳам ушбу мақсадга хизмат қилишдан бўйин товлаган. Можаро пайтида чегара у ёки бу даражадаги баҳсли масала бўлган, бироқ асосан пуштунлар орасидан йиғилган мужоҳидлар, пуштунларнинг ҳар доим Дюранд линиясига қарши бўлган позициясига содиқлигини сақлаб қолган. Толиблар ҳам худди шундай йўл тутди: Покистон кўмаги толибларнинг Дюранд линиясига тарихан қарор топган мухолифлигидан устун кела билмади.
Чегаранинг иккала томонидаги пуштунлар Дюранд линияси қонунийлигини тан олмайди, бироқ Панжоб аъёнлари назоратида бўлган Покистон ҳукумати ва эҳтимол 1947 йилда ўз жамоати зўравонлик билан бўлиб ташланганидан дарғазаб бўлиб, пуштунларнинг бирлик ва мухториятга интилишини шафқатсизлик билан бостирмоқда. Покистон 1971 йилда мамлакатнинг энди Бангладеш деб аталувчи бенгаллар яшайдиган ярмидан айрилгандан сўнг ҳудудий яхлитлик принципига тиш-тирноғи билан ёпишиб олди. Сўнгги пайтларда расмий Исломобод чегара бўйидаги ҳаётни издан чиқармоқда, у ерда қурилаётган чегара шарқдаги ҳинд-покистон чегараси билан рақобатлашиши мумкин – ўша ерда у шу қадар мустаҳкам қурилганки, коинотдан кўриниб турадиган камсонли сунъий тузилмалардан бирига айланган. Покистон ҳукумати Афғонистон даъвогарлик қилаётган пуштунлар заминини қўлдан чиқармасликка уринар экан, АҚШ кўмагида ўша заминга, унинг халқига нисбатан янада радикалроқ бўлиб қолди, айни чоқда Ҳиндистонда Моди ҳукумати ҳам “бошқа” мусулмонлар ғоясини 1947 йилги жароҳатларни эслаб, радикаллаштирмоқда.
Узоқ муддатли аралашиб кетиш натижасида пайдо бўлган синкретик маданиятлар минтақасида ҳам мустамлака, ҳам мустамлакадан сўнгги давр ҳукуматлари одамларни тил, дин ва этник мансубликка қараб бўлакларга бўлиб ташлаш борасида туганмас бузмакорлик ҳаракатларини содир этаверди. Ваҳолонки, улар мустамлакачиликка қарши бўлган кўплаб кишилар таклиф этган ва эркинроқ федерал тузилмалар қўллаб-қувватлаган ёнма-ён эркин яшаш имкониятини бериши керак эди. Лекин аралашиб кетиш ҳамон давом этмоқда. Миллионлаб афғон қочқинлари Покистонда яшаб турибди, кўзга кўринмас Покистон билан Бангладеш ҳозирлиги арвоҳи Моди ҳукуматининг фуқаролик борасидаги мутаассибларча сиёсатига куч бермоқда. Ҳинд ким, бангладешлик ким? Покистонлик ким, афғон ким? Жанубий Осиёнинг чеккаларидаги ҳамма жойда – Кашмирдан Кералагача, Бенгалиядан Пуштунистонга қадар – мустамлакачилик бошқарувидан мерос қолган марказлаштирувчи ҳокимият қаршилиги, бир-бирининг ёнма-ён мавжуд бўлишига кўмаклашувчи маҳаллий бошқарув, федерализм ва эгаменликнинг кўп табақали шакллари курашига гувоҳ бўляпмиз, буни Ҳиндистоннинг Кобулдаги муваққат ҳукумати мустамлакачиликка қарши бўлган мутафаккирлари ва фаоллари, хизматкорлар ва Маҳатма Ганди кўнглига туккан эди.
Совуқ уруш миллатчилик зўравонлиги даҳшатларидан уйғонган Европанинг федератив бирлашувини рағбатлантиришга кўмаклашган пайтда кўҳна қитъа тиқиштирган неоколониализм – янги мустамлакачилик сиёсати Жанубий Осиёни миллий давлатларнинг юқорида қайд этилганига ўхшаш бўлтакланиб кетиши, душманларни ҳам ичдан, ҳам ташдан ҳам “олабўжи” қилиб кўрсатишга ўнғай. Шунга қарамай, келажакнинг муқобил вариантлари ҳеч қачон истисно қилинмайди. Жанубий Осиё аҳолиси ҳали-ҳамон ушбу қалъалардан ташқарини орзу қилиши ва умумий сув ва ерни ҳимоя қилишни мўлжаллаган омухта маданиятларни олға суриши мумкин.