Европа Иттифоқи доирасида ҳамкорлик қилиш интеграциянинг тараққиётга қай даражада ёрдам беришига энг яхши мисолдир. Марказий Осиё ҳар томонлама иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришиши учун Европа интеграциясидан ибрат олиши мумкин ва шундай қилиши ҳам керак. Икки минтақа интеграцияси тарихидаги айрим ўхшашликлар бунга йўл очяптики, уларга таянган мамлакатлар яқин минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, ҳудудда минтақавий механизмларни ривожлантиришда Европанинг ўзи ҳам ёрдам бера олади. “ЕИ-Марказий Осиё” минтақалараро ҳамкорлик доирасидаги ташаббуслар ва тажриба алмашувлар Марказий Осиёда интеграция жараёнларини янгилашга ёрдам беради.
Муаллиф
Зайнаб Муҳаммад-Дўст
Болонья шаҳрида италиялик аёл билан суҳбат, 2007 й.
– Биз Марказий Осиёда бир мамлакатдан бошқасига эркин савдо қилиш, эркин ҳаракатлана олмаймиз.
– 100 йил олдин Европа ҳам худди шундай аҳволда эди.
Европа Иттифоқи доирасида ҳамкорлик қилиш интеграциянинг тараққиётга қай даражада ёрдам беришига энг яхши мисолдир. Марказий Осиё ҳар томонлама иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришиши учун у Европа интеграциясидан ибрат олиши мумкин ва шундай қилиши ҳам керакдир. Икки минтақа интеграцияси тарихидаги айрим ўхшашликлар бунга йўл очяптики, уларга таянган мамлакатлар яқин минтақавий ҳамкорлик стратегиясини ишлаб чиқиши мумкин. Бундан ташқари, ҳудудда минтақавий механизмларни ривожлантиришда Европанинг ўзи ҳам ёрдам бера олади. “ЕИ-Марказий Осиё” минтақалараро ҳамкорлик доирасидаги ташаббуслар ва тажриба алмашувлар Марказий Осиёда интеграция жараёнларини янгилашга ёрдам беради.
Марказий Осиё лойиҳаси деярли хомхаёлга айланди, уни тиклашга қаратилган уринишлар эса тўхтаб қолди.
Марказий Осиё мероси
Собиқ совет мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистонни ўз ичига олган Марказий Осиё этник, тарихий, диний ва маданий илдизлари якдил минтақадир. 90-йилларнинг бошида Марказий Осиё мамлакатлари мустақиллигини эълон қилганида, минтақавий бирлашиш ғоясидан манфаатдорликларини билдиргани ҳам бежиз эмас. 1994 йил январида Тошкентда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти ташкил этиш тўғрисида келишув имзоланди. Сўнгра Қирғизистон ҳам бу келишувга қўшилди. Мамлакатлар Марказий Осиёда иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга киришди. Дастлабки йилларда мамлакатлар раҳбарлари минтақанинг ягона, аниқроғи, Марказий Осиё минтақаси эканини аниқ кўрсатувчи қатор асосий ҳужжатларни имзолаган эди.
Марказий Осиёнинг янги тарихидан ўрин эгаллаган ташаббусларнинг эҳтиросли мақсадларга эришмоқчи бўлганини қайд этиш жоиз. Марказий Осиё иттифоқи ҳузурида Ҳукуматлараро кенгаш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши, Мудофаа вазирлари кенгаши ҳамда тинчлик ўрнатиш батальони таъсис этилди. Бундан ташқари, бошланғич капитали 9 млн. АҚШ доллари бўлган Марказий Осиё ҳамкорлик ва тараққиёт банкига ҳам асос солинди [1]. Томонлар ҳатто Марказий Осиё парламентини ташкил этиш режалари борлигини ҳам айтган эди. 1995 йил апрелида Бишкекда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон бош вазирлари иқтисодий интеграциянинг 5 йиллик режасини имзолади. 1997 йил декабрида Остона шаҳрида мамлакатлар раҳбарлари энергетика, сув ресурслари, озиқ-овқат, минерал ва ишлов берилмаган материаллар бўйича халқаро консорциум тузиш тўғрисидаги протоколга қўл қўйди. 1998 йилда Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон вазирлари сув тақсимоти, атроф муҳит, миграция сиёсати ва иқтисодий ривожланишга доир асосий масалаларни муҳокама қилди. Тожикистон ушбу гуруҳга 1998 йилда қўшилди – шундан сўнг мамлакатлар гидроэнергетика консорциумини тузиш тўғрисида битим имзолади ва ягона бозорни ташкил этиш бўйича умумий принципларни келишиб олди.
Айрим тадқиқотчилар мамлакатлар раҳбарлари учрашувлари динамикасига қараб, Марказий Осиё МДҲ механизмларидан кўра анча самарали дунёвий мувофиқлаштириш тузилмаларини ривожлантириши ҳам мумкин эди, деган фикрни билдирган эди [2]. Таъкидлаш жоизки, Туркманистон бетарафлик принципига кўра, ташаббусларга қўшилмади, бироқ мамлакат раҳбари С.Ниязов ҳам 90-йилларнинг ўрталарида Марказий Осиёнинг бешта республикаси конфедерациясини тузиш зарурлиги ҳақида гапирган эди [3].
Интеграция ижобий бошланганига қарамасдан, сўнгги йилларда эришиб бўлмас мақсадга айланди. Мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликлар оқибатида Марказий Осиё иттифоқи Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти, сўнгра эса (2001 йил декабрда) Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти дея қайта номланди. Ўзбекистон ташаббуси билан 2004 йил май ойида Россия Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилотига таклиф этилди. Россияга мамлакатларнинг ўша пайтдаги интеграция ташаббусларига қўшилишдан кўра, кучсизроқ мамлакатлар ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этиш учун воситачи сифатида қаралаётган эди, деган фикр ҳам бор [4]. Кейинчалик эса Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти Евроосиё иқтисодий ҳамжамиятига қўшилиб кетди.
Қайд этиш керакки, бир оз вақтдан сўнг, 2007 йилга келиб, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев минтақадаги бешта мамлакатни ўз ичига оладиган, мамлакатлар ўртасида товар, хизматлар, капитал ва инсонлар эркин ҳаракатланиши лозим бўлган Марказий Осиё иттифоқи тўғрисидаги ғояни жонлантиришга уриниб кўрди [5]. Аммо у қўллаб-қувватланмагани боис, Марказий Осиё лойиҳаси қарийб хомхаёллигича қолиб кетди ва уни тиклашга бўлган интилишлар тўхтаб қолди.
Марказий Осиё ҳолатида минтақа халқлари маданиятининг ўхшашлиги ва бир-бирига ўзаро боғлиқлиги туфайли ҳам бирлашиш табиийдир.
Қиёсий таҳлил
Агар минтақанинг XXI асрда дунёда тутган ўрни иқтисодий интеграциясига боғлиқ бўлса, минтақа бирлашувини инкор этиш нечоғлик конструктив, деган савол туғилади. Айнан иқтисодий ҳамкорлик, сўнгра эса интеграция Европага уруш мусибатидан чиқиш ва дунёвий куч сифатида қайта тикланиш имконини берди. Марказий Осиёнинг геостратегик жойлашуви уни денгизга чиқишдан маҳрум қилади. Унинг қимматбаҳо табиий ресурслари ҳам абадий эмас. Шу сабабли Евроосиё материгининг қоқ марказида жойлашуви жаҳон тараққиётидан четда қолиб кетмаслик учун бирлашишни тақозо этади.
Европа интеграцияси назарияси -неофункционализм асосчиси Эрнст Хаас ушбу қитъа тажрибасини сиртдан қўллаш масаласини ўрганган эди [6]. Марказий Осиё Европанинг интеграциялашувига қадар бўлган даврдаги унга яқин ўзига хосликларга эга. Бунинг маъноси шуки, томонлар манфаатдор бўлган тақдирда Марказий Осиё Европа тажрибаси муаваффақиятли мослаштирилган ноёб минтақага айланиши мумкин.
Бунда, энг аввало, Марказий Осиё халқларининг этник-маданий яқинлигига эътибор қаратиш керак. Марказий Осиё аҳолиси таркибига келиб чиқиши турк-мўғул ва эронлик бўлган аҳоли киради. Минтақадаги асосий гуруҳлар умумий тарзда қозоқлар, қорақалпоқлар, қирғизлар, туркманлар, тожиклар, уйғурлар ва ўзбеклар деб аталади. Турклар асрлар оша форслар билан бирга яшаган, ҳукмдорлар саройларида форс ва турк тиллари қўлланган, минтақа аҳолиси ҳам қоришиб кетган (буни пайқаш қийин эмас). Минтақадаги барча халқларининг, либоси ва ташқи кўринишидаги айрим тафовутларга қарамай, нафақат исломий, балки исломгача бўлган илдизларга эга умумий маданияти бор. Туркистон инқилобигача бўлган зиёлилар вакиллари ҳисобланмиш жадидлар ўзини ягона Туркистон ҳаракати тарафдорлари деб атагани ва минтақа аҳолисини ўзига хос уюшма деб кўрсатгани ҳам бежиз эмас [7]. Европа халқлари уюшмасига ўхшаш умумий цивилизация ибтидоси инсонларни бирлаштирувчи омил ҳисобланади. Масалан, Европа ғояси ҳам ЕИ пайдо бўлишидан анча олдин XVIII асрда Австрия князи Ричард Куденхов-Калергининг Пан-Европа ҳақидаги таклифида, сўнгра эса, ўтган асрнинг 20-йилларида француз сиёсатчиси Аристид Брианнинг памфлетида пайдо бўлган эди. Европа уни керакли тарзда расмийлашириб олиши учун вақт керак бўлди (иккита жаҳон уруши). Марказий Осиё ҳолатида минтақа халқлари маданиятининг ўхшашлиги ва ўзаро боғлиқлиги туфайли ҳам бирлашиш табиийдир. Бу эса, мустақил республикаларнинг интеграция ташаббусларида ўз аксини топди. Марказий Осиёнинг устунлиги шундаки, можаро келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этишда икки томонлама манфаатдорлик ҳамда мамлакатлар ўртасида ҳанузгача сақланиб қолган хўжалик муносабатлари, яъни ўзаро алоқалар урушлар билан пароканда бўлган Европадан фарқли ўлароқ, интеграция учун анча қулай шароит яратади.
Иккинчидан, Марказий Осиёда ҳам худди Европанинг интеграциялашувига қадар бўлган давридагидек, ҳаёт учун муҳим тармоқлар ва иқтисодиёт қарам бўлган ресурслар етишмовчилиги мавжуд. Ўтган асрда Европада пўлат ва кўмир ишлаб чиқариш унинг интеграцияси локомотивлари – Франция ва Германия ўртасидаги кескинликни камайтириш учун минтақадаги мувофиқлаштириш марказига ҳисобот берадиган бўлиши керак эди. Европа пўлат ва кўмир масаласини ҳал этгач, транспорт секторини интеграциялашга киришди, сўнгра савдо, қишлоқ хўжалиги ва ҳк. тармоқлар интеграцияси билан шуғулланди. Э.Хааснинг «spillover” концепциясига (“тарқалиш” ёки “оқиб ўтиш”) кўра, иқтисодиётнинг бир тармоғидаги муваффақият бевосита бошқа тармоқнинг ҳам муваффақиятини таъминлайди. Марказий Осиёда сувдан фойдаланиш ва энергия таъминоти қийин масала бўлиб, минтақавий ҳамкорлик доирасидаги ташаббуслар ҳам айнан шу масалага бағишланди. Масалан, мамлакатлар сув – умумий ресурс эканини тан олса ва сувдан фойдаланиш муаммосини ҳал этишга эришса, улар энергия таъминоти бўйича автоматик тарзда келишиб олиши мумкин бўлади. Агар транспорт сектори интеграциялашса, бу уларни савдо ва божхона сиёсати бўйича ҳамкорликка мажбур қилади.
Учинчидан, реал ва тахмин қилинаётган ташқи таҳдидларнинг мавжудлиги бўйича ҳам ўхшашлик кузатилади. Етакчи давлатларнинг энергия ресурсларига бой ушбу минтақада ҳукмронлик қилиш учун геосиёсий рақобатга киришгани бундан манфаатдор эканини кўрсатади. Яна трансмиллий таҳдидлар ҳам мавжуд. Европа коммунизмга қарши бирлашганидек, марказий осиёликлар ҳам гиёҳванд моддалар савдоси, терроризм сингари таҳдидларни якдил қабул қилади. Айнан хавфсизлик мамлакатлар бирлашган муҳим соҳалардан бўлди. Таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиё иқтисодий ҳамжамияти даврида терроризм, сиёсий ва диний экстремизм, трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши бирга курашиш ва хавфсизлик масалалари тўғрисидаги келишув эришилган самарали натижалар бўлган эди [8]. Шунингдек, бугунги кунда Марказий Осиёда ядро қуролидан холи бўлган зонанинг ташкил этилишини ҳам минтақавий ҳамкорлик бўйича салмоқли ютуқлардан бири дейиш мумкин.
Тўртинчидан, кўпинча миллатчилик мамлакатларнинг интеграцияга бўлган интилишларига қарши бўлган ҳоллар ҳам кузатилди. Европа интеграцияси назариясининг айрим жиҳатлари ушбу минтақада ҳам ўз аксини топди. Масалан, мамлакатларнинг дастлабки ижобий интилишлари уларнинг мустақиллик билан боғлик такаббурлигидан воз кечишни истамагани сабаб юзага келган низолар оқибатида тўхтаб қолди. Бу борада неофункционализм вакилларидан бири Леон Линдбергнинг, интеграция жараёни акс натижани келтириб чиқариши ҳам мумкин, чунки интеграция давлатларга “стресс” беради, деган фикрини эслаш кифоя [9]. Линдберг “стресс” акс жараёнга, аниқроғи spill-back (тескари юриш) ҳолатига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблар эди. Масалан, у ХХ асрнинг 60-йилларида Европа лойиҳасида рўй берган муваффақиятсизликларга эътибор қаратади- ўша пайтлар 1958 йили қабул қилинган Европанинг “Кўмир ва пўлат бўйича ҳамжамият тузиш тўғрисида”ги келишувига қарамай, Европа мамлакатлари кўмир билан боғлиқ муаммоларни икки томонлама ҳал этишни маъқул кўрар эди. Бундан ташқари, бирлик ҳақидаги гап-сўзларга қарамасдан, ЕИ мамлакатлари иқтисодиётини рақобатдан ҳимоя қилиш мақсадида тарифлар билан боғлиқ бўлмаган тўсиқларни жорий этган ҳолатлар ҳам кузатилган. Бундай жараён Марказий Осиёда ҳам рўй берди: масалан, Қозоғистон 2000 йилда Марказий Осиёда савдони тариф бўйича ва тариф билан боғлиқ бўлмаган тарзда тартибга солиш бўйича бир томонлама тартибни жорий қилди [10]. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг валютани тартибга солиш сиёсати ҳам интеграция учун жиддий тўсиқлардан бўлди.
Бешинчидан, Европанинг оёққа туриши минтақада унинг тарафдорлари ва евроскептиклар ўртасидаги мунозаралар билан бирга кечди. Кўпчилик бирлашган Европа ғоясини хомхаёл ва эришиб бўлмас мақсад деб атади. Шундай бўлса-да, Европа евроскептиклар таъсири остида барпо бўлди. Буюк Британия европессимистларининг кучли таъсири билан 2016 йилда ўтказилган референдумлар натижасига кўра, унинг ҳукумати 2018 йилда Европа Иттифоқини тарк этишга қарор қилди [11]. Буюк Британиянинг аввалбошдан ЕИ билан муносабатлари мураккаб бўлгани учун иттифоқдан чиқиб кетиши ҳам Европа лойиҳаси барҳам топишини англатмайди. Интеграция ғоясига бундай муносабат ягона ҳамжамият қуриш йўлида тушкунлик устун бўлган Марказий Осиёда ҳам кузатилмоқда. Умуман олганда, масалага шубҳа билан қараш асосли ва мавзуга оид баҳслар давом этишининг ёмон жойи йўқ, чунки бу ерда асосий масала Марказий Осиё ва минтақанинг 2017 йилдан сўнг жаҳонда оёққа туриши учун мақбул ечим топиш ҳисобланади.
Томонлар учун интеграциянинг кўп босқичларда фойдали экани ҳам унинг Марказий Осиё учун зарурат эканини кўрсатади. Икки минтақа интеграцияси тарихидаги маълум ўхшашликлар ҳам Марказий Осиё келажакда ҳудудий ҳамкорлик стратегиясини қандай қуриши кераклиги хусусида ўйлашга имкон беради. Европанинг интеграциялашув давридан олдин бўлгани каби, Марказий Осиёда ҳам ягона ғоявий мерос бор, мамлакатларнинг ривожланиш даражаси турфа хил, минтақада ташқи таҳдидлар ҳамда баҳсли масалалар юзасидан ҳамкорлик қилиш зарурияти мавжуд. Минтақа ҳозирча ташқаридан йирик тарзда молиялаштирилаётгани йўқ, бусиз Европанинг интеграцияси юз бермаган бўлур эди (“Европа учун Маршалл режаси”ни эсга олайлик). Бироқ шуниси ҳам муҳимки, ЕИ Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорлик зарур эканини қайд этмоқда, сабаби минтақадаги ҳамкорликни икки томонлама асосда олиб бормоқда, лекин минтақавий лойиҳаларга ҳам эътибор қаратмоқда. Европа жаҳондаги муҳим иқтисодий ва сиёсий куч маркази сифатида минтақага ҳам тажрибасини ёймоқда.
Европа қайси соҳаларда Марказий Осиёдаги интеграция механизмларга ёрдам бериши мумкин?
ЕИ – Марказий Осиё
Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллиги даврида ЕИ ташқи сиёсат стратегиясида рўй берган жиддий ўзгаришни алоҳида таъкидлаш мумкин ҳамда бу ЕИ минтақани постсовет мамлакатлари тузилмаси деб эмас, балки алоҳида бирлик сифатида ажратиб олган эди, деб гапиришга имкон беради. Дастлаб Марказий Осиё алоҳида минтақа сифатида олиб қаралмаган ҳамда ЕИнинг техник ёрдами ва ҳамкорлиги фақат ТАСИС (TACIS – Technical Assistance for the Commonwealth of Independent States) лойиҳаси доирасида белгиланган ва гап барча постсовет мамлакатларига ёрдам бериш ҳақида кетган бўлса, кейинчалик бу қараш ўзгарди [12]. Ғарб, айниқса, Европа ушбу қитъадаги урушдан сўнгги таъсир соҳаларини бўлиш жараёнини эслатган ҳолда пировардида Марказий Осиё минтақасини, Россияга қарма-қарши ўлароқ, сиёсий жиҳатдан ажратиш ҳақида бош қотирмоқда.
Айнан Марказий Осиё ҳамкорлик ташкилоти Евроосиё иқтисодий ҳамжамияти билан бирлашгандан сўнг 2007 йилга келиб, ЕИнинг минтақадаги янада фаол сиёсат юритиш даври бошланди. 2000 йил декабрида Германия ташқи ишлар вазири Ф. Штайнмайер Марказий Осиё минтақаси Россия ва Хитой билан тарихий алоқаларига қарамай, қандайдир монополиялардан эркинлигича қолиши лозим, деб баёнот берди [13]. 2007 йил 22 июнда ЕИ Марказий Осиёга оид ҳамкорлик стартегиясини қабул қилди. Шу тариқа, ЕИ минтақа билан яқинлашиш ҳамда Марказий Осиё республикалари билан муносабатларини фақат шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги икки томонлама келишув асосида қуришдан четга чиқадиган режасини эълон қилди.
Европа Кенгашининг 2015 йилги хулосаларида ЕИнинг Марказий Осиё билан 2014-2020 йиллар мобайнида икки томонлама ва минтақалараро ҳамкорлиги учун ёрдам пакетини кўпайтириши натижасида иттифоқнинг минтақадаги бундан буёнги сиёсати учун қулай шароит юзага келгани қайд этилди. Бунда 1,068 миллиард евро, аниқроғи, 2007-2013 йиллар дастури ҳажмига қараганда, 56 фоиз ўсиш бўлгани назарда тутилади [14]. Айнан шу ҳужжатда Марказий Осиёда минтақавий ташаббусларни ривожлантириш мақсадга мувофиқлиги муҳим масала сифатида белгилаб қўйилди. ЕИ, шунингдек, минтақада махсус вакил лавозимини ҳам жорий қилди.
Европа Марказий Осиёдаги интеграция механизмларига қайси соҳаларда ёрдам кўрсатиши мумкин? Европа Кенгаши ҳужжатларида Марказий Осиё мамлакатларининг интеграциялашуви учун асосий тўсиқлардан бири ҳисобланган транспортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Масалан, ҳужжатнинг 15-бандида шундай дейилади: “ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликда энергия ва транспорт соҳаларида минтақанинг ўзаро ва халқаро бозорларга интеграциялашувига устувор аҳамият қаратиш лозим”, “ЕИ Марказий Осиёда Жанубий энергетик йўлакни кенгайтириш ва энергетика соҳасида кўп томонлама ташаббусларни ривожлантиришни давом эттиради” [15]. Худди шу ўринда “Европа-Кавказ-Марказий Осиё” транспорт йўлаги бўйича боғловчи занжирларни енгиллаштириш учун ўз тажрибаси ва know-how технологияларини таклиф этишга тайёр экани ҳам қайд этилади [16].
Стратегия самарали савдо муносабатларини йўлга қўйиш учун мустаҳкам асос яратишга қаратилган. Масалан, ЕИ Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонда рақобатбардош кичик ва ўрта корхоналар сонини ошириш ҳисобига қашшоқликни камайтиришга йўналтирилган CAIP – Central Asia Invest Programme дастури доирасида Марказий Осиёда хусусий секторни қўллаб-қувватлайди. Ушбу дастур Марказий Осиёдаги воситачилик ташкилотлари (яъни савдо палаталари, бизнес уюшмалар) даражасида ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун сиёсий даражада иш олиб боради [17]. Шу ва бошқа дастурлар кўрсатишича, Европа Марказий Осиёда прагматик манфаатлар билан бирга меъёрий роль ўйнашга ҳам ҳаракат қилмоқда. Тадқиқотчиларга кўра, ЕИнинг вазифаси минтақада яхши бизнес ва қулай инвестиция муҳитини яратиш учун янги тартибга солувчи ва институционал меъёрларни илгари суришдан иборат [18]. Айнан шу сабабли Европа иқтисодий ранг-баранглик ва эркинлаштиришнинг муҳим шартлари сифатида демократлаштириш ва инсон ҳуқуқига риоя этилишига муҳим аҳамият бермоқда. Бунга жавобан, Марказий Осиё иқтисодиётининг маълум соҳаларини эркинлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Минтақа мамлакатларининг қарама-қарши сиёсатига қарамай, иқтисодий кўрсаткичлар, хусусан, инсон тараққиёти индексини ривожлантириш кун тартибидаги асосий масалалигича қолмоқда. Шу масалада Европа Марказий Осиё халқлари учун қадрият улгиси бўла олади, бу минтақалар ўртасидаги келгуси муносабатлар учун муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, хавфсизлик масалалари бўйича минтақалараро ҳамкорлик ҳам алоҳида эътиборга лойиқ. ЕИ муайян дастурлар орқали минтақа мамлакатларининг ўзаро ҳамкорлик қилишига ёрдамлашмоқда. Масалан, ЕИ тўла молиялаштирадиган энг йирик минтақавий дастур BOMCA – Border Management Programme in Central Asia лойиҳасидир. 2003 – 2014 йилларда айнан мазкур дастурни амалга ошириш қарийб 33 миллион АҚШ доллари ажратилди [19]. Лойиҳанинг асосий мақсади Афғонистондан “Шимолий йўл” орқали келаётган гиёҳванд моддалар оқимини камайтиришдир. Яна бир дастур – CADAP – Central Asia Drug Action Programme бўлиб, опий (таряк) ва турли гиёҳванд моддаларга бўлган талабни камайтиришга қаратилган. Чегараларни ҳимоя қилиш ҳамда наркотрафикнинг трансмиллий таҳдидига қарши кураш вазифаси Марказий Осиёдаги барча тузилмаларни мувофиқлаштиришни талаб этади. Шу тариқа ЕИнинг мазкур икки лойиҳаси минтақа даражасидаги мулоқотни йўлга қўйишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, Европа дипломатлари мамлакатларнинг минтақадаги баҳсли масалалари, хусусан, сувдан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик қилишига кўмаклашаётгани ҳам муҳим далиллардан биридир. ЕИ ушбу мавзуда томонлар ўртасида кўплаб форумлар ўтказди. Маълумки, иттифоқнинг Марказий Осиё бўйича собиқ махсус вакили Пьер Морель Тожикистон ва Ўзбекистонга ўзаро мақбул ечим топишда ёрдам бериш учун кўп саъй-ҳаракат қилди ва вақт сарфлади [20]. Морель Тожикистоннинг сўрови бўйича Брюссель 60 миллион АҚШ долларилик кичик гидроэнергетика станциялари қурилишини молиялаштиришга тайёр экани тўғрисида Душанбени хабардор қилди [21]. Европа шунингдек, минтақада ўқитиш стандартларини ошириш ва таълим соҳасини ташкиллаштириш ҳамда тадқиқотлар ва академик мулоқотни йўлга қўйиш учун таълим соҳасидаги ташаббусларга (EUEI –EU Education Initiative) ҳам ҳомийлик қилади. Ғоялар алмашинувига қаратилган CAREN (Central Asia Research and Education Network) дастурини алоҳида таъкидлаш жоиз. Қайд этилганидек, ушбу дастур томонлар ўртасида мунтазам сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш учун кўмаклашиши лозим [22].
Шундай ҳамкорликни давом эттириш ва чуқурлаштириш Марказий Осиё мамлакатларига боғлиқ. Мамлакатлар ўз ташаббусларини илгари суриши мумкин. ЕИ ҳомийлик қиладиган мазкур ташаббуслар янада қалин минтақавий ҳамкорликка хизмат қилади [23]. Шу ўринда 2016 йилнинг охирида Ўзбекистонда юз берган ўзгаришларга ҳам эътибор қаратиш лозим. Минтақанинг энг асосий мамлакати ҳисобланган ушбу республика иштирокисиз минтақавий интеграция имконсиздир. Ҳозир бу мамлакатда, оз бўлсада, ўзгаришлар рўй бермоқда.
Транспорт тармоқларини интеграциялаш минтақадаги савдо-сотиқни кучайтирган ва Марказий Осиёнинг Евроосиё транспорт кўприги сифатидаги жозибадорлигини оширган бўлур эди.
Минтақадаги янги ўзгаришлар
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан сўнг ҳукумат тепасига янги раҳбар Шавкат Мирзиёев келди. Ҳозирги кунда Тошкентда ижроия ҳокимиятнинг халқ билан мулоқоти, унинг халқ олдида ҳисобот бериши ва зарур бўлган эркинлаштириш ҳақида анча очиқ гапирилмоқда. Ўзбекистон ўз қўшнилари билан муносабатларини яхшилаш ниятида эканини билдирмоқда. Қатор хатти-ҳаракатлар ҳам буни тасдиқлайди: Тошкент ҳукуматлар даражасидаги минтақавий мулоқотлар ташаббуси билан чиқди.
Европа 2017 йил мартда ушбу ўзгаришларни пайқади. 2003 йилдан буён ўзаро муносабатлар совуқ бўлган Европа тикланиш ва ривожланиш банки билан мулоқотлар тикланди. Банк президенти C. Чакраборти Ўзбекистонга сафари арафасида бир неча соҳа, хусусан, минтақавий ўзаро алоқалар ва интеграция каби соҳаларда ҳамкорлик қилиш мумкинлигини маълум қилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга [24].
Президент Ш. Мирзиёевнинг илк сафарлари Туркманистон ва Қозоғистонга уюштирилгани ҳам диққатга сазовор. Остонада ўтган бизнес-форум якунлари бўйича умумий қиймати 1 млрд. АҚШ долларидан ортиқ 75 та шартнома имзоланди [25]. Шунингдек, чегараларни очиш, транспорт ва савдони эркинлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ўзаро товар айланмаси ҳажми сўнгги беш ойда 30 фоиз ўсгани қайд этилмоқда [26].
Бу ўзгаришлар минтақавий интеграция ҳақидаги муҳокамаларни янгилаш имкониятлари ҳақида гапириш имконини беради. Айни пайтда Марказий Осиёдаги ички савдо ҳажми ниҳоятда кам. Расман бу кўрсаткич умумий минтақадаги товар айланмасининг 6 фоизини ташкил этади. Бироқ кузатувчилар айни рақам бажарилаётган ишлар ҳолатидан фарқ қилиши мумкин, чунки минтақадаги кишиларнинг уддабуронлиги туфайли норасмий савдо ва товар алмашинуви ҳам мавжуд, деган фикрни билдирмоқда [27]. Трансмиллий савдони тўхтатиб турган ягона нарса минтақадаги муайян элиталар яратган сунъий тўсиқлардир.
Ўзбекистон янги раҳбариятининг минтақавий савдони ривожлантириш учун ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва тўсиқларни бартараф этиш борасидаги сиёсий иродаси ва ресурслари етарли бўлса, у қадар яхши ривожланмаган транспорт тармоқларигина интеграция йўлидаги энг асосий тўсиқлигича қолади. Бу ўринда Европа билан ҳамкорлик қилиш фойдали ва истиқболли бўлиши шубҳасиз. Транспорт тармоқларининг интеграциялашуви минтақада савдони кучайтириши ва Марказий Осиёнинг Евроосиё транспорт кўприги ва янги истиқболли бозор сифатидаги жозибадорлигини ошириши мумкин. Бу ЕИ ва Хитой манфаатларига мос келади. Шунингдек, ягона бозор корхоналарнинг рақобатбардошлиги ҳамда иқтисодиётни диверсификация қилишга ҳам ёрдамлашади. Шу билан бирга, ички чегараларни очиш ва жанубий фронт билан ташқи чегараларни мустаҳкамлаш ҳам туризм ва хизмат кўрсатиш бўйича кучли бозорни шакллантиришга таъсир кўрсатади. Яна бир карра таъкидлаш жоизки, бу ўринда ҳам иммиграция полициясига келувчилар тўғрисида зудлик билан маълумот тақдим этишга йўналтирилган Шенген (Schengen Information System) ахборот тизимини яратган ҳолда ички чегараларини очиб, ташқи чегаларини мустаҳкамлаш учун чоралар кўрган Европа тажрибасига таянса бўлади.
Хулоса
Интеграция масаласида иккита жаҳон уруши вайрон этган Европага нисбатан Марказий Осиёнинг устунлиги бор. Теран ҳамкорлик муносабатлари келгусида мамлакатларни урушлар ва минтақавий низолардан сақлашда кафил бўлади. Бу ўринда гап, биринчи навбатда, сув, энергия таъминоти, савдодан ўзаро манфаатли фойдаланиш, чегараларни муҳофаза қилиш ҳақида бормоқда. Интеграция тавсиягина бўлиб қолмай, зарурат, керак бўлса, мамлакатларини дунёнинг хом ашё базасидай ачинарли аҳволда қолишини ҳукуматлар истамаса, мажбурият ҳамдир. Эҳтимол Марказий Осиё мамлакатларида давлатчилик оёққа туришининг дастлабки босқичларида автократларнинг кучли қўли, шунингдек, давлатчиликни мустаҳкамлаш керак бўлгандир. Бироқ узоқ истиқболда довни миллатчилик ва авторитаризмга тикиш хато қарор бўлиши мумкин. Бу ерда масала минтақа мамлакатлари элиталарнинг сиёсий иродаси ҳамда улар ўзларини ким – имтиёзга эга синф ёки тарихда қолишни истайдиган бунёдкорлар сифатида кўришларидадир. Интеграция лойиҳалари тарафдорлари бўлган тадбиркорлар қатлами учун шароитлар яратиш масаласи Марказий Осиёдаги барча мамлакатлар учун ҳар қачонгидан долзарбдир.
Интеграция – томонлар учун катта ютуқли ўйин, бироқ бу ЕИнинг қарийб 60 йиллик тарихи кўрсатиб турганидек, вақт ва сиёсий иродани талаб этади. Марказий Осиё минтақавий ва хорижий экспертларни жалб этган ҳолда интеграция ташаббусларини ишлаб чиқишда Европа тажрибасидан хулоса қилиши ва ЕИ ёрдамига таяниши мумкин. Агар мамлакатлар ошкоралик сари ҳаракатланишда давом этса, минтақанинг сармоядорлар учун жозибадорлиги янада ошади. Европанинг ўзи Марказий Осиёда муайян минтақавий дастурларни илгари суриш билан ушбу мақсад амалга ошишига ёрдам бермоқда. Марказий Осиё айни имкониятлардан фойдаланиши ва минтақавий ташаббусларини институционал жиҳатдан расмийлаштириши керак.
Манбалар:
1. Соглашение между Республикой Казахстан, Кыргызской Республикой и Республикой Узбекистан об учреждении Центральноазиатского банка сотрудничества и развития от 8 июля 1994 года (по состоянию на 23 августа 1996 года), http://base.spinform.ru/show_doc.fwx?rgn=25319
2. Erhan Buyukakici “Patterns of integration in Central Asia”, http://sam.gov.tr/wp-content/uploads/2012/02/ErhanBuyukakinci1.pdf
3. Фергана.Ру: “В Таджикистане прошла международная конференция об интеграции в Центральной Азии”, 29.06.2007, http://www.arba.ru/news/2368
4. Толипов Ф. “Большая стратегия Узбекистана в условиях геополитической и идеологической трансформации Центральной Азии», Издательство «Фан», Ташкент 2005, c.90-91
5. Zhambekov N. “Central Asian Union and the Obstacles to Integration in Central Asia”, 01.07.2015 issue of the CACI Analyst, https://www.cacianalyst.org/publications/analytical-articles/item/13116-central-asian-union-and-the-obstacles-to-integration-in-central-asia.html, last accessed on 27.03.17
6. Haas E. «The uniting of Europe” in “The EU. Readings on theory and practice of European integration» edited by B.Nelsen and A.Stubb, Lynne Rienner 2003.
7. Туркистон драматурги Маҳмудхўжа Беҳбудий “сарт”сўзини ишлатиш ҳақоратомуз эканини танқид қилиб, шундай деб ёзган эди: “Агар улар сизларни сарт бўлмаса, ким деб аташимиз керак деб сўрашса, жавобимиз оддий: биз Туркистон ўзбекларимиз, Туркистон тожикларимиз, Туркистон араблари, турклари, руслари ва яҳудийларимиз. Агар улар, Туркистон турклари, араблари ва форсларини бир-биридан ажрата олмаймиз, деб айтса, уларга бизни “Туркистон мусулмонлари”, деб атанг деймиз”. А.Khalid “The politics of cultural reform. Jadidism in Central Asia”, University of California Press, 1998, p. 184-215
8. Nurzhan Zhambekov “Central Asian Union and the Obstacles to Integration in Central Asia”, 01.07.2015 issue of the CACI Analyst, https://www.cacianalyst.org/publications/analytical-articles/item/13116-central-asian-union-and-the-obstacles-to-integration-in-central-asia.html, last accessed on 27.03.17
9. Leon Lindberg “Integration as a source of stress on the European Community System”, International Organization 20, no. 2 (1966): 228, quoted in “Toward a European Army: A Military Power in the Making?” by Trevor C. Salmon, Alistair J. K. Shepherd
10. А.Кошанов, Б.Хусаинов «Проблемы интеграции государств Центральной Азии», Журнал Центральная Азия и Кавказ, 1, 2002
11. Қизиғи шундаки, Буюк Британия интеграциянинг барча қулайликларидан кам харажатлар эвазига фойдаланмоқчи эди (жумладан, миграцияни чеклаш билан). Шунга қарамасдан, Бирлашган Қиролликда берилган овозлар нисбати ЕИдан чиқувчилар сони унда қолишни истовчилар сонидан бир оз кўп эканини кўрсатди. (“ҳа” деб 48 фоиз, “йўқ” деб эса 51 фоиз овоз берилди). Бундан ташқари, мамлакат ЕИ таркибида қолишига қарши берилган овозлар сони қолишни истовчилар овози миқдоридан арзимас даражада кўп бўлганидан чиқишни истовчиларнинг ўзи ҳам ҳайрон қолган эди.
12. Марказий осиёлик муаллифлар “Европада “Марказий Осиё ва Кавказ” концепцияси ишлаб чиқилганини ва у икки минтақани битта геосиёсий лойиҳага бирлаштиришга ҳамда Россияни айланиб ўтиб, Европани Осиё билан ҳам транспорт, ҳам қувурлар ёрлдамида боғлашга қаратилганини қайд этади. 1993 йили асос солинган ТРАСЕКА (TRACECA) дастури ушбу концепциянинг ифодаси ва тимсоли бўлди. Ушбу дастур Маказий Осиёнинг беш мамлакати ва учта Кавказ республикасини (Озарбайжон, Арманистон ва Грузия) ўз ичига олган бўлиб, бош мақсади Европани Кавказ орқали Марказий Осиё билан Хитой чегарасигача боғлайдиган транспорт, логистика, инфратузилма, телекоммуникация ва энергетика соҳасида кенг қамровли халқаро тармоқ яратишдан иборат эди. Ушбу лойиҳа минтақа ичидаги ва “минтақалараро ҳамкорлик”ни назарда тутган ва шунга кўмаклашаётган эди”. Работа экспертной площадки CAPG «Алматы клуб» – «Центральноазиатское LEGO: кто конструирует регион». Под редакцией д.п.н С.Кушкумбаева, Алматы 2016, стр 14-15
13. Voloshin G “The European Union’s Normative Power in Central Asia”, Palgrave 2014, p.43
14. Council of the European Union conclusions on the EU Strategy for Central Asia Foreign Affairs Council, 22 June 2015, Brussels, p.4
15. Ўша ерда.
16. Ўша ерда.
17. «Central Asia – Private sector», http://ec.europa.eu/europeaid/regions/central-asia/eu-support-private-sector-development-central-asia_en
18. Voloshin G “The European Union’s Normative Power in Central Asia”, Palgrave 2014, p.43
19. European Commission “Central Asia – Border Management”, http://ec.europa.eu/europeaid/regions/central-asia/eu-support-border-management-central-asia_en
20. «Тhe European Union and Central Asia», edited by Alexander Warkotsch, Routledge, 2011, p.55
21. Ўша ерда.
22. European External Action Service (EEAS) “The EU Strategy Implementation” document, available at https://eeas.europa.eu/sites/eeas/files/eu_strategy_for_a_new_partnership_with_central_asia_implementation.pdf
23.http://eeas.europa.eu/archives/delegations/uzbekistan/projects/overview/documents/20140519_2_en.pdf
24. СAA Network: “Вай-дод, доллар! Американская валюта серьезно подорожала в преддверии визита ЕБРР”, 17.03.2017, https://caa-network.org/archives/8607
25. Экспресс-К: «Нурсултан Назарбаев: контракты почти на $1 млрд подпишут Казахстан и Узбекистан в рамках бизнес-форума», 23.03.2017, http://www.express-k.kz/news/?ELEMENT_ID=96985
26. Ўша ерда
27. CAA Network, «Круглый стол: Перспективы региональной экономической интеграции в Центральной Азии», 12.10.2016, https://caa-network.org/