Сурат манбаси: hawarnews.com
Муаллиф: Шавкат Икромов – Яқин Шарқ давлатлари бўйича тадқиқотчи, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг ўқитувчиси
Жорий йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови Яқин Шарқ давлатлари оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг ёритилди. Хусусан, араб давлатларида сайлов жараёнлари ва сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақида мақолалар эълон қилинди. Қуйида “Global Resources Center” (GRC) ва “Industryarabic” каби нуфузли халқаро сайтларнинг рўйхатларига кўра, араб давлатларида юқори рейтингга эга бўлган газета ва журналларда сайлов жараёнларининг ёритилиши кўриб чиқилади. Кузатувларимизга кўра, сайлов жараёнини 22 та араб давлатидан 12 таси фаол ёритган, жараён минтақадаги 55 дан ортиқ газеталарда шарҳланиб, жами 200 га яқин мақолалар эълон қилинган.
№ | Давлатлар номи | Президент сайловлари 2021 | Мақолалар сони | Парламент сайловлари 2019 | Мақолалар сони |
1. | Миср Араб Республикаси | 15 | 85 | 15 | 72 |
2. | Бирлашган Араб Амирликлари | 9 | 14 | 5 | 8 |
3. | Саудия Арабистони | 7 | 13 | 7 | 8 |
4. | Ўмон | 4 | 10 | 3 | 3 |
5. | Қувайт | 4 | 14 | 6 | 6 |
6. | Қатар | 2 | 4 | 2 | 2 |
7. | Иордания | 2 | 3 | 1 | 1 |
8. | Ливан | 3 | 7 | 3 | 3 |
9. | Фаластин | 1 | 1 | 1 | 1 |
10. | Ироқ | 1 | 1 | 2 | 2 |
11. | Сурия | 1 | 2 | 1 | 1 |
12. | Яман | 1 | 2 | 1 | 1 |
Иқтисодий ўсиш ва янгиланишлар таҳлили
Сайловга қадар Миср, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Кувайт давлатларидаги газета-журналлар Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида иқтисодий-сиёсий соҳаларда кузатилаётган ижобий ўзгаришлар таҳлил қилинган мақолаларни эълон қилди.
“Овоз бериш жараёни Ўзбекистон халқининг ислоҳотларни кенг қўллаб-қувватлаётгани, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг самараси эса мамлакат ҳаётида яққол намоён бўлаётгани ифодасидир”, деб ёзди Кувайтнинг “Ал-Анба” газетаси.
24 октябрга қадар эълон қилинган кўплаб мақолаларда мамлакатнинг турли жабҳаларида кузатилаётган ислоҳотлар жараёни таҳлил қилинган. Кувайт давлатининг «Q8-Press» электрон нашрида эълон қилинган мақолаларда республикадаги иқтисодий очиқлик ва ўсиш кўрсаткичлари баён қилинади: “…2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, энг муҳим маъмурий-ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилди. Шу даврда мамлакат иқтисодиёти 24 фоиз, саноат 34 фоиз, экспорт ҳажми 1,5 баробар, хорижий инвестициялар 3 баробар ўсди. Мамлакат ялпи ички маҳсулоти 60 миллиард долларни ташкил этди, ўртача ойлик иш ҳақи эса 2,2 баробар ошди[1]”, деб ёзди нашр.
Бирлашган Араб Амирликларининг “Emarat Al Youm” газетасида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларга эътибор қаратилган: “Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида 2017-2021-йилларда амалга оширилган ривожланиш стратегиясига қаратилган бешта йўналиш бўйича сезиларли ютуқларга эришди”[2], деб ёзди газета.
Форс кўрфази минтақасидаги иқтисодий-сиёсий ҳаётни ёритиш бўйича биринчилар қаторида эътироф этиладиган “Khaleej Times” нашри эса иқтисодий ўсиш ва яратилаётган минглаб янги иш ўринлари ҳақида ёзган: “Республикада ҳудудларни ривожлантириш, саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасини кенгайтириш учун кенг кўламли имкониятлар яратилди. Шунингдек, юзлаб корхона ва фабрикалар, минглаб янги иш ўринлари пайдо бўлди. Илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, санъат, оммавий ахборот воситалари ва спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда”[3].
Ливаннинг “Аl-akhbar” нашри сайловдан аввал эълон қилган мақоласида Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилган ислоҳотлар ва президентликка номзоднинг сайловолди дастури билан ўқувчиларни таништирган: “Шавкат Мирзиёев жадал иқтисодий ўсиш орқали қашшоқликни камайтириш, айрим ваколатларни туман кенгашларига бериш йўли билан қарорлар қабул қилиш, тизимни босқичма-босқич марказдан узоқлаштиришга ваъда берди. Ш.Мирзиёев диний урф-одатларга қўйилган баъзи чекловларни олиб ташлади, кучли хавфсизлик хизматларини шакллантирди, эски ҳукуматнинг ўзгача фикрга нисбатан муросасиз ёндашуви туфайли панжара ортида қолган бир қатор сиёсий маҳбусларнинг озод этилишини назорат қилди.”[4], деб ёзган газета мухбири.
alrai.com ва alkhaleej.ae газеталарида нашр қилинган фотолар:
“Kuwait Times” газетасининг 2021 йил 24 октябрда эълон қилинган сонидаги мақолада ҳам ўтган йиллар давомида Президент Ш.Мирзиёев томонидан олиб борилган ислоҳотлар хусусида сўз юритилиб, инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш борасидаги ютуқлар эътироф этилган, маҳбусларга нисбатан қўллаб келинган қийноқларнинг таъқиқланиши, мажбурий ва болалар меҳнати тугатилганига эътибор қаратилган.
Мисрликлар учун Ўзбекистондаги сайлов жараёнларини ёритишда иштирок этган нуфузли нашрлардан бири – “Ad-Dustour” газетаси мамлакат сиёсий-иқтисодий соҳаларда қўлга киритаётган ютуқларни Ўзбекистон томони тўла қўллаб- қувватлаётганига урғу бериб, Республика Ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқовнинг Миср делегацияси билан учрашувидаги сўзларидан иқтибос келтирди: “… Абдел-Фаттоҳ ас-Сисий раҳбарлигида кўплаб ютуқларга эришган Миср ва тобора очиқликка интилаётган, фаол иқтисодий-сиёсий ислоҳотлар олиб бораётган Ўзбекистон ўртасида ўхшашлик бор, Миср давлати демократик давлат ва Ўзбекистон уни жозибадор бозор деб билади, у билан ҳар томонлама ҳамкорликка интилади, Президент Сисийнинг 2018-йилда Тошкентга ташрифи эса ўзаро алоқалар ривожида муҳим бир босқич бўлди”.[5]
Араб дунёсидаги машҳур нашрлардан бири “Asharq Al-Awsat” газетаси ҳам сайлов жараёнларини фаол ёритиб борди. Жараённи ёритиш мақсадида ёзилган мақолалардан бирида газета Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро доирадаги ўрнига эътибор қаратди: “Ўзбекистон Афғонистон чегарасида, ҳам мураккаб, ҳам стратегик минтақада жойлашган бўлиб, бу минтақада Россия ва Хитой катта таъсир кучига эга. 34 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган, тўғридан-тўғри очиқ денгизларга чиқиш имкониятига эга бўлмаган бу мамлакат бир пайтлар Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарлар тараққиётида катта ўринга эга бўлган қадимги Ипак йўлининг муҳим бекатидир”[6], деб ёзди газета. Ушбу мақола қисқа фурсатда 15 671 маротаба ўқилган.
Мисрнинг “Youm7” газетаси ҳам Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи ортиб, тобора кенгайиб бораётган ташқи сиёсатини шарҳлаб, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг «аль-Рай» нашрига берган интервьюсидан иқтибос келтирди: “Ўзбекистон хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан конструктив ҳамда ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга йўналтирилган дунёга нисбатан очиқ ташқи сиёсат олиб бормоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев араб давлатлари, айниқса, Миср билан муносабатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратмоқда”[7].
Шу ўринда айтиш жоизки, мазкур газета Мисрнинг нуфузли нашрларидан бири бўлиб, у сентябрь, октябрь ва ноябрь ойининг 15 – санасига қадар Ўзбекистон мавзусида жами 20 та мақола эълон қилган, шуларнинг 6 таси сайлов жараёнлари ёритилган мақолалардир.
Сайлов жараёнининг бориши
“Ал-Жазира” телетармоғининг интернет нашрларидан бири Ўзбекистондаги сайловга тайёргарлик ҳақида мақола эълон қилган. “Сайловларни 50 дан ортиқ давлат ва кўплаб ташкилотлар, жумладан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Ислом Ҳамкорлиги, Турк Кенгаши, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидан мингга яқин халқаро кузатувчи, 1700 дан ортиқ маҳаллий ва хорижий журналистлар кузатиб боради”[8] деб ёзган.
Мисрнинг “Rosaelyoussef” журнали “Ўзбекистондаги сайловлар туб ўзгаришлар ва демократик ислоҳотлар, халқаро ҳамжамият эътиборини янада кўпроқ жалб қилаётган янги сиёсий муҳитда ўтмоқда”, деб ёзди. Нашр сайловда халқаро кузатувчилар кўп эканлиги ва улар жуда нуфузли таркибдан иборатлигига эътибор қаратди. Ўтган йиллар давомида мамлакатда ўтаётган сайловларда хорижий ва халқаро кузатувчилар сони ортиши кузатилмоқда: агар 2016 йилги Президент сайловини 555 нафар хорижий кузатувчи кузатган бўлса, 2019 йилги парламент сайловида улар сони 825 нафарни ташкил этган”[9], деб ёзди нашр.
Ўмон Султонлигининг asdaaoman.com нашри Ўзбекистондаги сайлов жараёнларига оид ўнлаб фото суратларни намойиш қилди:
Кувайт конституцион судининг амалдаги раиси Муҳаммад бин Нажи президентлик сайловларида хорижлик кузатувчи сифатида иштирок этди. Муҳаммад бин Нажи “Ал Жареда” нашрига берган интервьюсида Ўзбекистоннинг Кувайт Конституцион судига хорижий кузатувчи сифатида президентлик сайловларида иштирок этиш борасидаги таклифини юксак қадрлаб, бу таклиф давлатимиз суд тизимига, конституциясига ва шубҳасиз, Кувайт демократиясига билдирилган ишончни акс эттиради. Биз бу таклифни “Кувайт демократиясига ҳурмат ва эътибор рамзи сифатида қабул қиламиз”,[10] деди. Муҳаммад бин Нажи “Ал-Анба” нашрига юборган хабарида Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарларидаги сайлов комиссиялари билан яқиндан танишганлиги, сайлов участкалари намунали ва муносиб ташкил этилгани, сайлов жараёнида шаффофлик, ҳалоллик таъминланганини юқори баҳолаган[11].
«Ал-ахбар ал-Масай» Президент сайловининг мазмун-моҳияти, унинг ўзига хос хусусиятлари, янги қабул қилинган Сайлов кодекси, миллий сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалардан хабардор қилиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги маълумотларга ҳам кенг ўрин берган. Шунингдек, Президент сайлови Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланаётган пайтда бўлиб ўтганида ҳам чуқур маъно борлигига урғу берилган. Газета ўз ўқувчиларини Ўзбекистон президентлигига номзодлар сайловолди дастурларининг қисқача мазмун-моҳияти билан ҳам таништирган[12].
akhbarelyom.com нашри чоп этган суратлар:
“Ахбар-ал-Йуом” нашри мақоласидан иқтибос: “Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда сайловлар туб ўзгаришлар ва демократик ислоҳотлар, халқаро ҳамжамият эътиборини тобора кўпроқ жалб этаётган янги сиёсий муҳитда ўтмоқда”[13].
Сайлов натижалари таҳлилига бағишланган яна бир мақолада ёзилишича, бу галги сайловлар демократик шароитда ўтгани, халқаро ва маҳаллий стандартларга мувофиқлиги ва шаффофлиги билан ажралиб туради. Унда 1000 га яқин халқаро кузатувчилар Ўзбекистон аҳолисининг ўз келажаги учун фаоллик билан овоз бераётганига гувоҳ бўлишган[14]. Эслатиб ўтамиз, “Ахбар ал-Ём” Мисрда “Ал Аҳрам” газетасидан кейин иккинчи Араб дунёсидаги 10 та йирик нашрдан бири ҳисобланади.
Сайлов натижалари
Бирлашган Араб Амирликларининг “Ал Баян” газетаси: “Мирзиёевнинг ғалабаси ўзбек халқининг орзу-интилишларини ифодалайди. Ўзбекистон Президенти сайлови якунлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг юксак обрў-эътиборини намоён этди. Ўзбекистонда 2017 йилдан то жорий йилгача бўлган даврда Мирзиёев раҳнамолигида амалга оширилган тараққиёт стратегиясида асосий эътибор қаратилаётган бешта йўналиш бўйича кўплаб ҳуқуқий ва иқтисодий йўналишлар бўйича сезиларли ютуқларга эришилгани эътиборга молик”[15], деб ёзади. Мазкур газета БААда аудиторияси ҳажми бўйича 5-ўринни эгаллайди.
“Ал-Ахрам” газетаси ҳам сайлов натижалари бўйича бир қатор мақолалар эълон қилди, маълумот ўрнида айтиш жоизки, ушбу нуфузли нашр сайлов жараёнлари ҳақида 10 дан ортиқ мақолалар ёзди:
“Ўзбекистон Президенти иккинчи муддатга киришар экан, узлуксиз демократик ислоҳотлар амалга оширилишига ваъда берди. “Биз бошлаган демократик ислоҳотларимиздан ҳеч қачон четга чиқмаймиз”,[16] дея таъкидлади. Ўзбекистон Президент сайловидан сўнг тараққиёт ва очиқликнинг янги босқичига қадам қўйди. Ушбу мамлакат дунё давлатларига очиқлик билан ўз эшикларини очади ва халқаро ҳамкорлар билан мутаносиб ташқи сиёсат ёндашувини қўллаб-қувватлаган ҳолда ҳамкорлик қилишга интилади. Сайловдан сўнг Ўзбекистон АҚШ бошчилигидаги баъзи Ғарб давлатларининг олқишига сазовор бўлди. Яқинда АҚШ ташқи ишлар вазири Энтони Блинкен ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулазиз Комилов билан телефон орқали мулоқоти чоғида Ўзбекистоннинг ислоҳотлар кун тартибидаги ютуқлари, жумладан, диний эркинлик ва фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, одам савдосига қарши кураш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида эришилган ютуқларни олқишлади”.[17]
“Youm7” газетаси 6 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида сайланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий инаугурация маросими бўлиб ўтгани ҳақида ҳам ёзди. Нашр Президентнинг 7 йўналишни қамраб олган “Ҳаракат стратегиясидан – Тараққиёт стратегиясига ўтиш» ғоясини ифодаловчи нутқини араб тилидаги тўлиқ таржимаси билан эълон қилган[18].
Араб дунёсидаги яна бир нуфузли нашр “MENAFN” бизнес газетаси “Ўзбекистон ўзининг прагматик, мувозанатли ташқи сиёсати ва иқтисодий дипломатиясини давом эттиради”, деб ёзди.[19]
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда бўлиб ўтган навбатдаги президент сайловлари Яқин Шарқ араб мамлакатларининг ОАВ диққат марказида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ бўлди. Буни биз республиканинг халқаро нуфузи тобора ошиб бораётгани, унинг халқаро имижи янада яхшиланаётгани, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг Араб давлатлари билан муносабатлари мукаммал тус олгани билан ҳам ифодалашимиз мумкин.
Фойдаланилган манбалар:
[1]https://www.q8-press.com86/
[2]https://www.emaratalyoum.com/politics/news/2021-10-26-1.1553971
[3]https://www.khaleejtimes.com/world/uzbek-president-secures-second-term-in-landslide-victory
[4]https://al-akhbar.com/World/321274
[5]https://www.dostor.org/3608510
[6]https://aawsat.com/home/article/3264871
[7]https://www.youm7.com/story/2021/10/25/5508030
[8]https://www.aljazeera.net/news/2021/10/24انتخابات-رئاسية-في-أوزبكستان-والرئيس
[9]https://www.rosaelyoussef.com/899440/
[10]https://www.aljarida.com/articles/1634572757585815000/19-10-2021
[11]https://www.alanba.com.kw/1079690/?utm_campaign=alanba&utm_source=topics&utm_medium=topics
[12]https://almsaey.akhbarelyom.com/news/newdetails/3212342/1
[13]https://akhbarelyom.com/news/newdetails/3546404/1
[14]https://akhbarelyom.com/news/newdetails/3547585/1/
[15]https://www.albayan.ae/world/global/2021-10-27-1.4281700
[16]https://gate.ahram.org.eg/ui/front/search.aspx?
[17]https://gate.ahram.org.eg/News//3073469.aspx