Сурат манбаси: uzreport.news
Муаллиф: Наргиза Умарова
2016 йилда Ўзбекистон миллий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйди. Мамлакат иқтисодиётини жадал ривожлантириш, унинг инвестициявий жозибадорлиги ҳамда жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда. Сиёсий ва ижтимоий соҳаларда ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй беряпти.
Бироқ бундан бир неча йил аввал бошланган маъмурий ислоҳотлар маҳаллий давлат ҳокимияти тизимига деярли таъсир кўрсатгани йўқ. Бунинг сабаблари нимада? Мавзу юзасидан таниқли сиёсатшунос, “Маъно” тадқиқотлар ташаббуси маркази директори Бахтиёр Эргашев билан суҳбатлашдик.
— Бахтиёр Исмоилович, нега 30 йилдан буён Ўзбекистонда маҳаллий давлат ҳокимияти тизими ўзгармай келмоқда?
— Айтиш керакки, Ўзбекистон доимо унитар давлат бўлиб келган ва ҳозир ҳам шундай. Бошқарув шаклига кўра президентлик республикасимиз. Баъзилар ўзбек моделини суперпрезидентлик республикаси, деб ҳам атайди. Чунки мамлакатимизда ҳукуматнинг барча тармоқлари фаолиятини президент мувофиқлаштиради. Ўз навбатида, давлат раҳбари вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларини тайинлаш ҳамда лавозимдан озод этиш ваколатига ҳам эга.
Давлат бошқарувининг амалдаги шакли 1990-йиллар бошида жорий этилган. Ўшанда буни ҳаётнинг ўзи тақазо этганди. Эндигина оёққа тураётган ёш, суверен республикада миллий давлатчилик асосларини яратиш, мамлакатда сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий барқарорликни таъминлаш зарур эди.
Давлатнинг сиёсий институт сифатидаги асосий белгиларидан бири бошқарув сигналларининг юқоридан пастга ўтиш тезлиги ҳисобланади. Марказлаштирилган давлат ҳокимиятида мазкур жараён жадалроқ амалга ошади. Ўзбекистон айнан шу йўлдан борган.
Очиғи, 1991 йилдаёқ ҳокимларни сайлаш тизимига ўтишимиз мумкинлигини ўзимга тасаввур ҳам қилолмайман. Ишончим комилки, мазкур ҳолатда марказ ва ҳудудлар ўртасида тизгинсиз курашлар гувоҳига айланардик.
Масаланинг яна бир жиҳати бор, негадир у ҳақда кам гапирамиз. Ўзбекистонда азалдан ҳукуматни номарказлаштириш механизми сифатида қариндош-уруғчилик алоқалари муҳим ўрин тутиб келган. Бу ҳар қандай давлатнинг ривожланишини орқага сурадиган иллат. Мустақиллик қўлга киритилгач, уруғ-аймоқчилик анъанасига президентга тўғридан-тўғри бўйсунадиган ҳамда маҳаллий элита таъсирига тушмайдиган ҳокимларни тайинлаш орқалигина барҳам берса бўларди.
Ташқи омилни ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Давлат бошқарувини марказлаштирмай туриб ташқаридан келаётган таҳдидлар билан курашиш амримаҳол. Қўшни Афғонистонга назар солинг. Бу жафокаш юрт мисолида марказ ва ҳудудий кучлар ўртасидаги мувозанатнинг бузилиши нечоғлиқ аянчли оқибатларга олиб келишини яққол кўриш мумкин.
— Лекин мамлакатимиз ўттиз йил аввалги Ўзбекистон эмас, давлат бошқаруви модели эса ўзгаришсиз қолмоқда. Мазкур соҳани жиддий ислоҳ этиш пайти келмадимикан?
— Тўғри айтдингиз, давлат бошқаруви тизимини босқичма-босқич ўзгартириш керак. Бироқ ҳамма гап ислоҳотлар динамикасида. Мен кескин қарорлар тарафдори эмасман. Шубҳасиз, ҳар қандай ақли расо инсон ўзи яшаётган мамлакатда демократия кўпроқ бўлишини, маҳаллий ҳокимият органларининг халқ олдида ҳисобдорлиги таъминланишини, амалдорлар фаолияти устидан жамоатчилик назорати ўрнатилишини, муҳим масалаларда халқнинг фикри инобатга олинишини хоҳлайди. Аслида ҳокимларни сайлаш ҳам жамоатчилик назоратининг бир кўриниши саналади. Фақат айни вақтда Ўзбекистонда мазкур тизимни жорий этиш хавфли.
— Нега?
— Келинг, ўзимизга савол бериб кўрайлик: бугун Ўзбекистонда ҳокимлар сайланса нима ўзгаради? Ислоҳотни ислоҳот учунгина амалга ошириш ҳамда ўзини демократиянинг эталони, деб ҳисоблайдиган айрим мамлакатларга бўйлашишми мақсад?! Қачондир қаердадир ишлаб кетган тизим бизда ҳам дарҳол самара беришига умид боғламаслик керак. Бундай бўлмайди. Чунки ҳар бир мамлакат географиясидан тортиб, тарихию маданияти, ҳатто менталитетигача ўзига хосдир. Дунёда демократиянинг универсал модели йўқ.
Боз устига, юртимизда ижтимоий, сиёсий, иқтисодий соҳаларда чуқур, тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Мана шундай пайтда ҳокимларни сайлашга ўтсак, қуйи тизимда бошбошдоқлик юзага келади. Натижада бошқарув сигналларининг марказдан жойларга етиб боришини секинлашади. Айни вақтда кучли марказлашган вертикал ҳокимият тизимига эга бўлатуриб ҳам ислоҳотлар катта қийинчиликлар билан рўёбга чиқаётганига гувоҳ бўляпмиз. Маҳаллий раҳбарларни сайлаш тизими жорий этилса вазият янада оғирлашади. Маҳаллий элита ва уруғ-аймоқлар ўртасида ҳокимият учун аёвсиз кураш бошланади. Бу яхшиликка олиб келмаслиги аниқ.
Ҳоким сайланди ҳам дейлик. Лекин эртага у малакасиз бўлиб чиқса ёки коррупцияга ботса-чи? Бундай ҳолатда ҳокимни қайтадан сайлашга тўғри келади. Яна талай вақт ва ресурс йўқотамиз. Иш ҳам тўхтаб қолади.
Тўғри, амалдаги ҳокимлар ҳам оппоқ эмас. Уларнинг ўзига яраша камчиликлари бор. Лавозимига номуносиб раҳбарлар ишдан олиняпти. Янги ҳокимни тайинлаш сайлашдан кўра соддароқ жараён. Муҳими, бунда давлат вазиятни назорат қила олади.
Ҳокимларни сайлаш тизимини бирданига жорий этишдан ким ютади? Жамиятми? Йўқ. Чунки юртимизда ҳокимлар устидан самарали назорат ўрната оладиган фуқаролик жамияти институтлари тўлиқ шаклланмаган.
Иқтисодиёт ҳам бундан ютмаслиги аниқ. Ахир, маҳаллий бюджет тақчиллиги шароитида сайланажак ҳоким қандай қилиб ўзи бошқараётган ҳудудни ривожлантира олади? У марказдан барибир моддий ёрдам сўрашга мажбур бўлади.
Хўш, унда ҳокимлар сайловидан ким ютади? Сиёсатшунос ва сиёсий технологлар, сайлов кампанияларини ташкил этувчи мутахассислар, социолог, журналист ва блогерларнинг тор доираси, холос. Улар буюртма материалларни тайёрлаш ҳамда ОАВда эълон қилиш, номзодларнинг ташқи имижини яратиш орқали яхшигина пул ишлаб олади. Мана шуларнинг ошиғи олчи бўлиши аниқ. Халқ эса куйиб қолаверади.
— Президент қуйи буғинлар раҳбарларини сайлаш механизмини жорий қилиш ҳақида 2016 йилдаёқ гапирганди, бироқ яқинда Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида бўлиб ўтган йиғилишда жамият янги тизимга ҳали тайёр эмаслигини айтди. Бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
— 2016 йилда Шавкат Мирзиёев чиндан ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларини сайлаш тизимини жорий этишни мақсад қилганди. Бу унинг сайловолди кампаниясида илгари суралган асосий тезислардан бири эди.
Бироқ вақт олий ҳакам. Назаримда, президент ўтган тўрт йиллик фаолияти давомида маҳаллий ҳокимиятга келадиган кучларни тийиб турувчи самарали механизмни яратмай туриб, кенг кўламли ислоҳотларнинг айни авж палласида ҳокимлар сайловини жорий этиш мамлакатнинг сиёсий барқарорлигига жиддий хавф туғдиришини тушуниб етди.
Давлат аҳамиятига молик жиддий ислоҳотларни халқаро рейтингларда қўшимча балл тўплаш ёки мамлакатда гўё демократия гуллаб-яшнаётганини кўз-кўз қилиш учунгина амалга ошириб бўлмайди, ахир.
Бу масалада шошмашошарлик ярамайди. Ишни, аввало, реал аҳволга ҳаққоний баҳо беришдан бошлаш керак. Ҳақиқат эса шуки, жамиятимиз ҳозирча ҳокимларни онгли равишда сайлаш ҳамда ўз танлови учун масъулиятни тўлиқ бўйнига олишга тайёр эмас. Президент буни жуда яхши билади. Қўйингки, давлат раҳбари ўз қароридан қайтгани ҳам йўқ. Эртами кечми ҳокимларни сайлаш тизимига барибир келамиз. Бироқ мазкур амалиётга Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ислоҳотларнинг асосий қисми амалга ошгандан кейин киришганимиз маъқул.
2020 йил якунлари бўйича Ўзбекистонда 14 та маъмурий-ҳудудий бирликдан фақат учтаси иқтисодий жиҳатдан ўзини-ўзи таъминлай олиши аниқланган. Қолгани дотацион ҳисобланади. Бундай ҳолатда ҳокимларни сайлай бошласак, улар ўз ҳудудини ривожлантириш учун яна республика бюджетидан пул сўрашга мажбур бўлади. Демакки, ҳокимиятни ҳам мустақил тарзда амалга оширолмайди.
Ҳокимларни сайлаш орқали жамият бирданига демократлашиб қолмайди, албатта. Узоқ йиллар давомида давлат бошқаруви масалалари билан шуғулланиб келган эксперт сифатида ишонч билан айтаманки, жойларда бунинг учун тегишли институционал шароит яратилиб, сиёсий кучлар мувозанати таъминланмагунича демократия ҳақида ўйлаш бефойда.
— Сиёсий мувозанат деганда айнан нимани назарда тутяпсиз?
— Ҳозир ҳокимларнинг ваколати ниҳоятда кенг. Қонунчиликка кўра, улар бир вақтнинг ўзида ҳам жойлардаги ижро ҳокимияти, ҳам маҳаллий вакиллик органига раҳбарлик қилади. Ҳокимларнинг Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига раислик қилиши мутлақо нотўғри. Ахир, маҳаллий давлат ҳокимияти органи раҳбари – ҳоким ҳар йили ўзига ўзи ҳисобот бериб, ўша ҳисоботни ўзи қабул қилиб олиши ғалати-ку. Борди-ю, бундай шароитда ҳокимларни сайлашга ўтсак, амалда ўзига хон кўланкаси майдон маҳаллий беклар пайдо бўлади. Уруғ-аймоқчилик анъаналари яна гуркираб-яшнайди. Ҳудудларнинг эса марказ билан доимий муроса қилишдан боши чиқмай қолади. Чунки қуйидан (жамоат ташкилотлари, аҳолининг фаол қатлами, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан) назорат механизми ҳали яратилмаган. Пировард натижада ижро ҳокимияти тизимида жиддий муаммолар юзага келиши муқаррар.
— Жамиятда ҳокимларни сайлашга тайёр бўладиган муҳит қачон пишиб етилади, сизнингча? Бундай етукликнинг аниқ белгилари борми?
— Доимгидек ҳаммаси иқтисодиётга бориб тақалади. Менинг ҳисоб-китобим бўйича, ҳокимларни сайлаш тизимига 15 йилдан кейин ўтганимиз маъқул. 2023 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг йиллик ўсиш суръати 6-6,2 фоизга етса, узоғи билан саккиз йил ичида у икки бараварга кўпаяди. Бу аҳоли жон бошига ўртача 3,5 минг доллар тўғри келади деган гап. Худди шундай ўсиш суръатларини сақлаган ҳолда, 2035 йилда ЯИМни яна икки баравар ошириш мумкин. Ўшанда киши бошига камида 7-7,5 минг долларга чиқамиз. Ўзбекистон иқтисодиёти ҳозиргидан кўра анча юксалиб, жамият демократик ўзгаришларга тайёр бўлади.
Таниқли давлат ва сиёсат арбоби, Сингапурда “иқтисодий мўъжиза” яратган Ли Куан Юнинг шундай сўзлари бор: “Демократик ислоҳотларга киришишдан аввал мамлакат ЯИМ миқдорини аҳоли жон бошига 14 минг долларга етказиш даркор. Шундан кейингина жамият демократия шароитида яшашга ва ишлашга тайёр бўлади”. Бу олтинга тенг сўзлар. Ли Куан Ю ўз даврида Сингапурни учинчи дунё мамлакатидан энг тараққий этган давлатлар даражасига олиб чиққан эди. Ваҳоланки, уни кўп ҳолларда авторитаризмда айблашган.
Ўйлашимча, Ўзбекистонда ҳам, биринчи навбатда, иқтисодиётни ривожлантириш, одамларга барқарор даромад манбаларини яратиб бериш керак.
Ҳозир юртимизда аксар аҳолининг демократия ва сиёсат билан иши ҳам йўқ. Улар тирикчилик ғамида юрибди, мамлакат, вилоят ёки туманга ким раҳбар бўлишидан кўра бу инсонларни оила ва рўзғор ташвишлари кўпроқ ўйлантиради.
Камбағал одамларни сиёсий жараёнлар қизиқтирмайди. Ўзбекистонда бу мавзуни ё бўш қолган пенсионерлар, ёки интернетга муккасидан кетган ишсиз ёшлар кўтармоқда. Бу қоракўзларни пул билан исталган томонга оғдириб олиш мумкин. Демак, мамлакат барқарорлигини издан чиқармоқчи бўлган деструктив кучлар улардан қурол сифатида фойдаланиши ҳеч гап эмас.
Юртимизда иқтисодий ислоҳотлар самараси ўлароқ барқарор даромадга эга ўрта қатлам вакиллари кўпайган сайин жамиятнинг демократияга эҳтиёжи ҳам ортиб боради. Ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қила оладиган ўрта синфни шакллантирмай туриб ҳокимлар сайловини жорий этиш демократия эмас, охлократия, халқ ҳокимияти эмас, оломон ҳокимияти сари ташланажак қадамдир. Шахсан мен буни сира хоҳламайман!
— Ҳокимларнинг сайлови давлат ҳокимияти конфигурациясини қанчалик ўзгартира олади?
— Ўзбекистон учун бу революцион қадам бўлиши аниқ. Ҳокимларни сайлаш механизми мамлакат сиёсий тизимининг кескин ўзгаришига олиб келади. Биринчи навбатда, марказ ва ҳудудлар ўртасидаги муносабатлар табиати ўзгаради. Эндиликда маҳаллий раҳбарлар пойтахтга тўғридан-тўғри бўйсунмайди. Бундан ташқари, стратегик режалаштириш тизими ҳам ислоҳ қилиниб, ҳудудлар ўз тараққиёти учун устувор йўналишларни, қайси соҳаларни ва қай тарзда ривожлантиришни мустақил белгилай бошлайди. Лекин бу истиқболдаги манзара. Ўша истиқболга етиш учун эса чуқур ва пухта ўйланган маъмурий ислоҳотларни ўтказиш даркор.
— 2018 йилда шундай уринишлар бўлган ҳам.
— Охирги йилларда амалга оширилган ишларни маъмурий ислоҳот дейиш қийин. Бир нечта вазирлик ва идоранинг номини ўзгартириш, янгиларини ташкил қилиш ҳамда штатлар бирлигини қисқартириш билан кутилган натижага эришиб бўлмайди. Давлат бошқаруви соҳасидаги ислоҳотларни давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг чуқур функционал таҳлилидан бошлаш зарур. Улар нима билан шуғулланяпти ва аслида қандай вазифаларни бажариши лозимлигини аниқлаш керак. Шундан сўнг ҳар қайси давлат органининг регламенти, унга таяниб эса давлат хизматчиларининг лавозим йўриқномаси ишлаб чиқилади. Бу ниҳоятда мураккаб, давомли ва серхаражат жараён бўлгани туфайли у билан ҳеч кимнинг жиддий шуғуллангиси келмайди. Шунга қарамай, негадир ҳамма Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотлар якунлангани ҳақида гапирмоқда. Ваҳоланки, улар ҳатто бошланмаган ҳам.
Давлат бошқаруви тизимини эволюцион тарзда ўзгартириш энг мақбул йўлдир. Таассуфки, баъзи жиҳатлар бўйича дунёдан анча орқадамиз. Масалан, Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимият ҳалигача иккига бўлинмаган. Бу ишни 2004 йилда – икки палатали парламентга ўтилгандаёқ қилиш керак эди. Ҳозир эса жойлардаги ҳокимият мутлақ ҳокимларга тегишли. Халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари маҳаллий давлат ҳокимияти органларига на молиявий, на ташкилий, на кадрлар салоҳияти жиҳатидан боғланиб қолиши керак. Шундагина депутатлар ҳокимлар устидан назоратни амалга ошира олади.
— Бунга депутатлар тайёрмикан?
— Халқ вакилларининг ҳаммаси ҳам ўз вазифасини сидқидилдан бажаряпти деёлмаймиз. Лекин кучли депутатлар осмондан ёғилмайди, уларни тарбиялаш, билим ва малакасини ошириш зарур. Бу ишни тизимли равишда ташкил қилиш керак.
Ўз навбатида, давлатимиз қуйи бўғин раҳбарлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш йўлида муҳим қадамлар ташлади. Яқиндагина давлат хизмати тўғрисидаги қонунни қабул қилдик, давлат хизматчилари учун самарадорлик кўрсаткичлари (KPI), шунингдек, давлат амалдорларининг мол-мулки, даромад ва харажатларини декларациялаш тизими жорий қилинмоқда. Бу айрим мисоллар, холос.
Тан олиш керак, охирги йигирма йилда мазкур йўналишда деярли ҳеч нима қилинмади. Бугунги ислоҳотлар ҳам тезда натижа беришини кутиш бефойда. Ҳаммасини вақт кўрсатади.