Суратда: Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Махдум Шоҳ Муҳаммад Қурайшийни қабул қилди. 2021 йил 25 август, http://prezident.tj/ru/node/26368
Тожикистоннинг Афғонистон бўйча тутган позицияси – мавқеи Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатларникидан, ҳатто ва Россия ва Хитойникидан ҳам фарқ қилади. Тожикистон президенти Имомали Раҳмон яқинда «Толибон» ҳаракатини қонуний куч сифатида тан олишга қарши эканини билдирди. Покистон тарафи билан учрашув чоғида қайд этилишича, сиёсат ва хавфсизлик соҳасидаги муаммоларни зудлик билан ҳал этиш учун Тожикистон Афғонистонда барча этник гуруҳлар, энг аввало, тожиклар иштирокида инклюзив ҳукумат тузишни зарур, деб ҳисоблайди. Баёнотда билдирилишича, тожиклар афғон халқининг тахминан 46 фоизини ташкил этади. Тожикистоннинг бундай мавқеи нима билан изоҳланади? Душанбенинг минтақадаги манфаатлари қандай? Иқтисодийми? Чегарани қўриқлаш учун қандай чоралар кўрилмоқда? Тожик экспертлари Парвиз Мулложонов, Нурали Давлатов ва Шерали Ризоён CAAN нашрига берган интервьюсида ушбу масалаларни муҳокама қилади.
Тожикистоннинг Афғонистондаги янги воқеликка нисбатан тутган мавқеи нима билан изоҳланади? У ҳатто Россиянинг Тожикистон билан хавфсизлик соҳасидаги муносабатларини (эҳтимол ЕОИИ доирасидаги иқтисодий муносабатларини ҳам) фаоллаштиришига оид кутилмалар фонида Россиянинг сиёсатига ҳам зид келмоқда. Бундан ташқари, бу Тожикистон билан хавфсизлик борасида қалин алоқаларга эга бўлган Хитойнинг мавқеидан ҳам фарқ қилади.
Парвиз Мулложонов: Бу ўринда Тожикистон ҳукуматининг Афғонистон ва “Толибон” ҳаракатига нисбатан сиёсатига ҳал этувчи таъсир кўрсатувчи 2 та муҳим омилни қайд этиб ўтиш зарур. Биринчидан, Тожикистон ҳокимияти учун бугунги кунда хавфсизлик масалалари энг муҳим бўлиб турибди. Анъанага кўра, айнан ислом радикализмига республикада эҳтиёткорлик ва ишончсизлик билан қаралади. Назаримда, Тожикистон ҳокимияти толиблар ўзгарганига ва келгусида ўзига таҳдид қилмаслигига ишонмайди. Бугунги кунда бундай қатъий ишончсизлик нафақат ҳукуматнинг ўзида, қолаверса, умуман олганда, маҳаллий экспертлар ҳамжамиятида, сиёсий мухолифат вакиллари орасида ва Тожикистондаги жамоатчилик фикрида ҳам мавжуд. Тожикистон ҳукумати жамиятдаги, айниқса, бутунлай “Толибон”га қарши бўлган зиёлилар ўртасидаги бу кайфиятни ҳисобга олмаслиги мумкин эмас. Толибларни очиқдан-очиқ қўллаб-қувватлаш тожик жамиятида ҳукуматнинг донғи ва рейтингига ёмон таъсир қилиши мумкин.
Иккинчидан, Тожикистон ҳокимияти ва тегишли идораларининг (экспертлар ҳамжамияти сингари) Афғонистонда, биринчи навбатда Афғонистон шимолида анъанавий ахборот манбалари бор. Бу уларга ахборотни бевосита жойидан олиб туриш имконини беради ва бу пировардида Афғонистонда юз бераётган воқеаларнинг ишончли манзарасини ҳосил қилишда кўмаклашади. Шунга кўра, бугун Тожикистон ҳокимиятига ушбу мамлакатдан борган кишилар “Толибон” ҳаракати тузилмасида – ҳар ҳолда шимолий вилоятларда салмоқли ўрин эгаллаши яхши маълум. Бу, умуман олганда, Тожикистон ҳокимияти ва жамиятининг толибларга нисбатан ҳушёрлигини оширадиган қўшимча омил ҳисобланади.
Албатта, Тожикистонда нисбатан прагматик мавқеда турган алоҳида экспертлар ва сиёсатчилар, ишбилармон доиралар вакилларини ҳам учратиш мумкин, улар наздида Афғонистондаги барқарорлик энг устувор масала, уни ким таъминлаб беришининг эса аҳамияти йўқ. Бироқ бундай нуқтаи назар мамлакатдан оммалашмасдан қолмоқда; толиблар ҳокимиятни мустаҳкамлаб олса ҳам бошқа гап эди. Бу ҳолатда Тожикистон ҳокимияти ҳам Афғонистон билан муносабатларини realpolitik (немисча – ғоялар эмас, реал ҳолат ва омилларга таянувчи сиёсат) ёндашуви доирасида барпо этиб, сиёсий прагматизм мавқеига ўтиши мумкин.
Нурали Давлатов: Назаримда, Афғонистондаги қаршилик ҳаракатини президент Раҳмон гўё қўллаб-қувватлаётгани ҳақидаги гаплар муболағадан бошқа нарса эмас. Эҳтимол, бу яқинда Раҳмоннинг бўлғуси инклюзив ҳукуматга Афғонистоннинг этник тожикларини қўшишга оид сўнгги баёноти билан боғлиқдир. Аслида президент Раҳмонни биринчи навбатда Тожикистондаги хавфсизлик муаммоси жиддий ташвишга солмоқда, чунки у толиблар ким эканини ва уларнинг шу кунларда орқа-олдига қарамай бераётган ваъдалари неча пул туришини жуда яхши билади. Раҳмоннинг Афғонистондаги толибларга қарши ҳаракатни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги биринчи навбатда ушбу мамлакатдан терроризм тарқалиши йўлида қалқон вазифасини ўташи мумкин бўлган гуруҳга кўмаклашишдан иборатдир.
Бунга тарихимизда гувоҳ бўлганмиз. Толиблар 1996 йил кузида ҳокимиятга келгандан бери 2001 йил кузидаги мағбулиятига қадар етакчилари Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган бир қатор террорчилик ташкилотларига бошпана берган эди. АҚШ билан НАТО армиясига қарши кураш даврида толиблар билан ёнма-ён Тожикистондан борган жангчилар ҳам курашган эди ва кўп сонли хабарларга кўра, улар анча вақтдан бери Тожикистонга қўшни ҳудудда турибди.
Россия толиблар билан муносабатини жуғрофий-сиёсий манфаатларидан келиб чиқиб шакллантирди, унинг маъноси Оқ уйга қанча ёмон бўлса, Кремлга шунча яхши, деган ақидадан иборат. Айнан шунинг учун Россиянинг Афғонистон бўйича махсус вакили З. Кабулов ва унинг ушбу мамлакатдани элчиси Д. Жирнов де-факто (амалда) “Толибон”нинг матбуот котибларига айланиб қолди. Россиянинг толиблар билан иттифоқи АҚШ, НАТО армиясига қарши курашга Афғонистондаги америкапараст ҳукуматни ағдариб ташлашга асосланган эди. Ушбу дастур амалга ошиб бўлди.
Албатта, Москва Афғонистонда ҳокимиятни қўлга киритиб бўлган толиблар билан қалин алоқа қилишга интилади. Ўз навбатида “Толибон” ҳаракатига халқаро майдонда тан олиниши учун Москванинг кўмаги зарур. Лекин ҳозирча улар ўртасидаги муносабатлар қандай ривожланишини башорат қилиш қийин. Кўп нарса толибларнинг ўзига ҳам боғлиқ. Масалан, улар Россия жанубидан бўлган террорчиларни мамлакатдан чиқариб юборадими, йўқми? Толиблар 2000 йилда Чеченистон Республикасини тан олганидан воз кечадими, йўқми?
Назаримда, Россиянинг толибларга нисбатан “Б” режаси ҳам бор. Яқинда Тожикистонда бўлиб ўтган ҳарбий машқлар толиблар Марказий Осиё мамлакатларига таҳдид қиладиган бўлса, Россия уларга зарба беришга тайёр эканининг яққол ишорасидир. Толиблар ва Афғонистонда ин қуриб олган террорчилик гуруҳлари тарафидан тахмин қилинган таҳдид ўз навбатида Марказий Осиё мамлакатларида Россиянинг таъсирини оширади.
Хиойликлар – прагматик, улар ҳам Россия сингари жуғрофий-сиёсий мақсадларни кўзламоқда, шунинг учун уларга Афғонистонда ким билан ҳамкорлик қилишнинг фарқи йўқ. Расмий Пекин ер ости бойликларини қазиб олиш учун Афғонистонга, жумладан, Миси Айнакка жуда кўп миқдорда сармоя ётқизди. Лекин бу америкапараст ҳукумат ҳокимиятда турган пайт рўй берган эди. Толиблар Кобулни қўлга олгач, Пекин улар билан музокара қила бошлади. Толиблар Хитой учун бир қанча шартларни, жумладан, қуйидагиларни бажариши муҳим: 1) “Бир макон – бир йўл” лойиҳасига тўсқинлик қилмаслик; 2) Афғонистондаги уйғур бўлгинчиларига кўмак беришдан воз кечиш.
Лекин ишончим комилки, толиблар ёки бошқа террорчилик ташкилотларидан Марказий Осиё мамлакатларига таҳдид юзага келганда, Пекин ҳам Россия каби минтақадаги иттифоқчиларига ёрдамга келиши аниқ.
Шерали Ризоён: Тожикистон сўнгги 25 йил давомида Афғонистоннинг қонуний ҳукумати билан ҳамкорлик қилиш мавқеини тутиб келмоқда; “Толибон” биринчи марта ҳукмронлик қилган йилларда (1996 – 2001 йй.) у билан расмий муносабат ўрнатмаган эди. Тожикистон қуйидаги сабабларга кўра Афғонистондаги воқеалардан хавотирланиб келади: 1) Марказий Осиё мамлакатларининг мустақиллиги даврида минтақа мамлакатлари икки томонлама ва кўп томонлама даражаларда халқаро терроризмга қарши курашни минтақадаги хавфсизликни таъминлаш омили сифатида белгилаб келди; 2) “Толибон” амалиёти, яъни ҳокимиятни куч билан эгаллаши ва ислом амирлиги ташкил қилиши бу ҳолатни ўз мамлакатлари, жумладан, Марказий Осиёда такрорлашни истаб қолган чекка-чуккада юрган унсурларни фаоллаштириб юбориши мумкин. “Толибон” билан боғлиқ ҳолат Марказий Осиёдаги хавфсизликни таъминлаш тизимини сезиларли даражада ўзгартирмоқда ҳамда муаммо ва таҳдидлар потенциал ҳолатидан реал ҳолатга ўтади; 3) Тожикистон Афғонистон билан энг узун чегарага эга ва шу кунларда ушбу мамлакатнинг шимолий вилоятларини чет эл, жумладан, собиқ совет мамлакатларидан чиққан террорчилик такилотлари: Ўзбекистон ислом ҳаракати (ЎИҲ), “Жамоати Ансоруллоҳ”, Шарқий Туркистон ислом ҳаракати (ШТИҲ), “Лашкари Тойиба”, “Ал-Қоида” ва ҳк. жангарилари назорат қилмоқда. Келиб чиқиши Марказий Осиёдан бўлган жангарилар биринчи навбатда ўз мамлакатларига таҳдид солмоқда, шу сабабли “Толибон”нинг баёнотларига ишониб бўлмайди, улар бир гапни гапириб, амалда эса ўша террорчилик ташкилотларидан ҳужум кампанияларида фойдаланган эди.
Тожикистоннинг Россия ва Хитой билан хавфсизликни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлигига келсак, шуни қайд этиш зарурки, ушбу мамлакатлар билан ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама даражада тегишли битимлар имзоланган. Агар зикр этилган мамлакатлар “Толибон”ни Афғонистондаги қонуний ҳокимият сифатида тан оладиган бўлса, бу камида МДҲ, КХШТ ва ШҲТ доирасида мавжуд келишувларга зид келади. Шу тариқа расмий Душанбенинг мавқеи Тожикистоннинг миллий манфаатларини ва хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги устуворликларини аниқ тушунишдан келиб чиқади.
Душанбе Афғонистон бўйича Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан яқиндан маслаҳатлашяптими ёки унинг тутган мавқеи мустақил бўлиб, фақат миллий манфаатларга (минтақавий эмас) асосланганми?
Парвиз Мулложонов: Минтақа мамлакатлари, аввало, КХШТ ва ШҲТга аъзо мамлакатлар ўртасида Афғонистондаги воқеалар муносабати билан жадал муҳокама ва фикр алмашуви бўлаётганига шубҳа йўқ. Тожикистон ҳокимияти хавотирини Россия раҳбариятига етказгани ва бу тожик-афғон чегарасини мустаҳкамлаш учун қўшимча ресурслар ва қурол-яроғ ажратишга сабаб бўлганини инкор этиб бўлмайди. Айни чоқда Тожикистон раҳбарияти МДҲга аъзо бошқа мамлакатлардаги, аввало, Россиядаги ҳамкасбларининг кайфиятини ҳам ҳисобга олмоқда. Бугунги кунда МДҲнинг барча мамлакатлари қайсидир даражада Афғонистонда юз бераётган воқеаларни тушуниб олиш учун ўзига хос танаффус олди.
Шу маънода Тожикистоннинг мавқеи бошқаларникидан узилиб қолган ва бутунлай мустақил бўлиши мумкин эмас – Тожикистон ҳокимияти у ёки бу даражада иттифоқчилари фикрини ҳисобга олиши шарт. Тожикистоннинг нисбатан қаттиққўл мавқеи Россия ва МДҲнинг бошқа мамлакатларидаги муайян доиралариннг фикрини ифода этаётгани эҳтимолдан холи эмас, чунки улар ҳам толибларга ишончсизлик билан қарайди. Гап шундаки, Россияда (МДҲнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби) толибларга нисбатан эҳтиёткорлик муносабати устун экани ҳеч кимга сир эмас, лекин буни Тожикистондаги сингари равшан ва очиқ деб бўлмайди.
Нурали Давлатов: Бу борада аниқ маълумотлар йўқ, лекин шунга қарамай, президент Раҳмон Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги ҳамкаблари билан маслаҳатлашув ўтказишига ишончим комил. Бу борада унинг тажрибаси бор. 1996 йилда толиблар Кобулни забт этиб, Афғонистон Ислом Амирлиги тузилгани ҳақида эълон қилгандан сўнг айнан Тожикистон раҳбарининг ташаббуси билан Марказий Осиё мамлакатлари (толиблар билан қалин алоқа қилган бетараф Туркманистонни истисно қилганда) президентлари ва Россияни тамсил қилган бош вазир Виктор Черномирдин (Борис Елцин ўша пайт қаттиқ бетоб эди) Аҳмадшоҳ Масъуд бошчилигидаги Шимолий иттифоқни қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Тожикистонни Афғонистондаги ҳокимиятни қурол билан эгаллаб олган толибларга нисбатан мустақил сиёсат юритиши қийин. Бу ҳозирги шароитда дунё ва минтақа мамлакатлари толиблар билан ўйин қилаётгани билан боғлиқ.
Шерали Ризоён: Тожикистон сиёсий раҳбарияти барча кўп томонлама учрашувлар – халқаро тузилмалар саммитларида, шунингдек, икки томонлама учрашувларида ҳар доим Афғонистондаги вазиятга ва чўзилиб кетган можарони тинч йўл билан ҳал этишга эътибор қаратади. Марказий Осиё мамлакатлари муносабатлари жойига тушган 2017 йилдан сўнг хавфсизликни таъминлаш борасидаги минтақавий ҳамкорлик яхшиланди. Бунга Тожикистон билан Ўзбекистон ҳудудида икки мамлакат қуролли кучларининг ҳарбий машқлари ўтказилганини мисол қилиб келтириш мумкин. Сўнгги кенг қамровли ҳарбий машқлар август бошида Тожикистон жанубидаги “Ҳарб-майдон” полигонида Россиянинг 201-ҳарбий базаси иштирокида ташкил этилди.
Афғонистондаги вазият таҳлили кўрсатишича, “Толибон”нинг ушбу мамлакатдаги вазиятни назорат қилиши қийин кечади, чунки моҳиятан олиб қараганда, ушбу ҳаракат хилма-хил гуруҳлардан иборат ва ҳозирнинг ўзидаёқ унинг турли қанотлари ўртасида рақобат кузатилмоқда. Бундай вазиятда Душанбенинг мавқеи ҳам Тожикистоннинг миллий манфаатларини таъминлаш, ҳам бутун бошли Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва хавфсизлиги потенциалини кучайтиришга қаратилган.
Тожикистоннинг ушбу мавқеига этник омиллар сабаб бўляптими? Яъниким, “Толибон” чиндан ҳам этник тожикларнинг ҳукумат таркибига киритишини кутиш мумкинми ва шунда Душанбе уни қонуний деб тан оладими?
Парвиз Мулложонов: Афғонистондаги тожиклар билан этник бирдамлик ҳам аҳамият касб этади, бироқ уни хавфсизлик билан боғлиқ ташвишлар билан тенглаштириб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан, Тожикистон ҳокимияти этник тожикларнинг бўлғуси ҳукумат таркибига киритилишини, аввало, янги афғон ҳокимияти сиёсати йўналишини олдидан билиб олиш ва мўътадиллигига қўшимча кафолати бўлади, деб ҳисоблайди.
Агар Тожикистон ҳокимияти билан доимо яхши муносабатда бўлиб қелган Шимолий иттифоқ вакиллари янги Афғонистон ҳукумати таркибига кирадиган бўлса, Тожикистон ва иттифоқчиларининг Афғонистондаги вазиятга, ҳеч бўлмаганда, билвосита таъсир кўрсатиш имконияти туғилади.
Бундан ташқари, Тожикистонда Афғонистондаги узоқ муддатли сиёсий ва иҳтисодий барқарорликни камсонли элатлар вакилларини, биринчи навбатда тожикларни ҳокимиятга жалб этмасдан туриб таъминлаб бўлмайди, деган қараш кенг тарқалган. Бошқача айтганда, пуштунлариннг сиёсий ва иқтисодий жабҳалардаги бир томонлама устунлиги Афғонистонда барқарорлик қарор топишига эш бўлмайди.
Нурали Давлатов: Йигирма йил мобайнида Тожикистон раҳбарияти учун этник омил ҳеч қандай рол ўйнагани йўқ. Расмий Душанбе учун жанубий йўналиш, яъни Афғонистон билан чегарадаги хавфсизлик масаласи биринчи ўринда туради. Фикримча, Тожикистон ҳукумати токи БМТ “Толибон” етакчиларини қора рўйхатидан ўчирмагунча, дунё мамлакатлари улар билан дипломатик муносабатлар ўрнатмагунча Афғонистон Ислом Амирлигини тан олишга шошилмайди.
Шерали Ризоён: Тожикистон мустақилиллигининг дастлабки кунларидан бошлаб Афғонистон билан ҳамкорлик сиёсатида этник масалани кўндаланг қилиб қўймаган ва ушбу мамлакатнинг қонуний ҳукумати билан ўзаро муносабатларини изчил кенгайтириб борган эди. Тожикистон сиёсий раҳбариятининг Афғонистондаги вазият бўйича берган баёнотида кўп миллатли Афғонистондаги барча этник гуруҳларнинг манфаатларини таъминлаш зарурлиги қайд этилади. Тожиклар ҳақида гап кетганда, шуни таъкидлаш жоизки, Улар Афғонистондаги тубжой аҳоли ҳисобланади ва уларнинг сони Тожикистондаги тожиклар сонидан кўп. Улар камсонли элат ҳам эмас ҳамда барча соҳалар: ҳокимият, бизнес, фуқаролик жамияти ва ҳк.да ўзининг кўпсонли вакилларига эга. Тожикистон мавқеи, агар Афғонистондаги этник гуруҳлар ҳақлари камситиладиган бўлса, бундай тинчлик омонат бўлади ва марказий ҳокимият уларни қатағон қилади, деган хавотирга асосланади. Бундай ҳолатда Афғонистондаги гуманитар фалокат миқёси янада кенг бўлади.
“Толибон”нинг ўзига келсак, у, пуштунлар жараёнларнинг марказида туради, деб қарайдиган ҳаракатдир, улар сафида бошқа халқлар вакиллари кам ва толибларнинг умумий сиёсатига таъсир кўрсатиш имконига эга эмас. Шунга кўра, президент Имомали Раҳмоннинг баёнотидан келиб чиқиб, Тожикистон Афғонистоннинг барча ватандошлари иштирокида ва уларнинг тузилган истаги билан, аммо “Толибон”нинг ҳозирги устунлигисиз тузилган ҳокимиятни тан олади, деб хулоса қилиш мумкин.
Душанбе Жанубий Осиё, жумладан, Покистон ва Ҳиндистон йўналишида қандай ташқи сиёсат юритмоқда? Тожикистонда Жанубий Осиё мамлакатлари билан эҳтимол тутилган иқтисодий алмашув кучайиши ҳақида одамлар нима деб ўйлаяпти? Тожикистоннинг Жанубий Осиёда қандай иқтисодий манфаатлари бор?
Парвиз Мулложонов: МДҲ мамлакатлари ва ХХР билан муносабатларга солиштирганда, Тожикистониннг жанубий йўналишдаги ташқи сиёсати иккинчи даражали бўлиб қолмоқда. Шу билан бирга, Тожикистон ҳокимияти CASA – 1000 лойиҳасини амалга оширишга биринчи даражали аҳамият бермоқда ва у мамлакатни ривожлантиришнинг кейинги ўн йиллик стратегиясидан жой олган. Бундан ташқари, йирик тожик бизнеси транспорт йўлларини жанубий йўналиш, Жанубий Осиё, Покистон ва Ҳиндистон томон ривожлантиришдан манфаатдор. Ҳисобланишича, ушбу йўл мамлакатнинг узил-кесил жуғрофий-сиёсий халта кўчадан чиқиши учун энг қулай йўналишдир; бундан ташқари, жанубий маршрут бўйлаб товарларни етказиб бериш МДҲ мамлакатлари ҳудуди орқали ташишдан анча арзонга тушади.
Покистонга келсак, назаримда, МДҲ мамлакатларида Исломободга нисбатан анча-мунча аччиқланиш ва норозилик тўпланиб қолган. Умуман, Покистоннинг Афғонистондаги сиёсатига минтақани потенциал жиҳатдан беқарорлаштириши мумкин бўлган қўшимча салбий омил сифатида қаралади. Президент Раҳмоннинг сўнгги баёноти Тожикистоннинг МДҲ бўйича иттифоқчилари аксарияти қўшиладиган мана шу умумий норозиликни акс эттирса, ажаб эмас.
Шунга кўра, тахмин қилиш мумкинки, мабодо Афғонистондаги инқироз чуқурлашадиган бўлса, Тожикистон Ҳиндистон билан яқинлашиш учун муайян қадамлар қўйишини кутса бўлади, чунки ушбу мамлакатга Покистоннинг жуғрофий-сиёсий таъсирига тобора кўпроқ қарама-қарши куч сифатида қаралмоқда.
Нурали Давлатов: Тожикистон ҳукуматинингстратегик мақсадларидан бири коммуникация халта кўчасидан чиқишдир. Тожикистон учун Тожикистонининг Гвадар портидан ҳамда Хитой ва Покистон иқтисодий коридоридан самарали фойдаланиш муҳим. Мамлакатимиз ёзда ортиқча электр қувватини Жанубий Очсиё мамлакатлари, биринчи навбатда Покистонга ва келгусида эса Ҳиндистонга экспорт қилиш учун CASA – 1000 лойиҳасида фаол иштирок этмоқда.
Шерали Ризоён: Покистон билан Ҳиндистон Афғонистонда жиддий рақобатлашмоқда. Моҳиятан Покистонни ёқловчи куч бўлган “Толибон” устунлиги Ҳиндистонга маъқул эмас. Покистон билан Ҳиндистон Марказий Осиёда ҳам рақобатлашмоқда, бироқ расмий Душанбе иккала мамлакат билан ҳам қалин ўзаро муносабатлар ўрнатишга муваффақ бўлди. Тожикистонни Покистон билан юксак даражадаги қалин мулоқот боғлаб туради. Покистон билан Ҳиндистон (келгусида) CASA – 1000 узатиш линияси орқали экспорт қилинадиган электр қувватининг потенциал харидорларидир. Гарчи ушбу линия ҳақида турлича баҳолар айтилаётган бўлса-да, унинг долзарблиги сақланиб қолади, чунки ушбу мамлакатлар аҳолиси сони ва иқтисодиётининг ўсиши у ерларда электр қуввати истеъмоли ҳам жиддий тарзда ўсишига сабаб бўлади. Яна бир муҳим лойиҳа сифатида Тожикистон билан Покистонни ўзаро ажратиб турган Ваҳан коридоридан фойдаланишни тилга олиш мумкин. Читрал (Покистон) билан Ишкашим (Тожикистон) ўртасида автомобил йўли қурилиши иккала мамлакатнинг йўл инфратузилмасини туташтиради ва Тожикистон баробарида Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига ҳам Гвадар портига чиқиш имконини беради. Шу маънода Тожикистон Жанубий Осиё мамлакатлари билан алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор, чунки бу йўналиш кўп жиҳатдан мамлакатнинг ўз олдига қўйган стратегик мақсадларига эришишга: коммуникация халта кўчасидан чиқиб, транзит мамлакатига айланишига ёрдам беради.
Тожикистонда чегарани муҳофаза этиш учун қандай чоралар кўрилмоқда ва 2001 йилдан сўнг юз берганидек, радикал фикрловчи кишилар ва ғояларнинг мамлакатга кириб келиши мумкинми?
Парвиз Мулложонов: Мендаги маълумотларга кўра, Тожикистон ҳокимияти бугун чегарани бутунлай ёпиш бўйича бемисл чораларни кўрмоқда. Бу ишга қўшимча кучлар, ташкилий ва молиявий ресурслар йўналтирилган, чегарани мустаҳкамлаш бўйича қўшимча ишлар амалга оширилган, вазият кескинлашадиган бўлса, КХШТ бўйича иттифоқчиларга ёрдам сўраб мурожаат қилиш ёки захирадаги ҳарбий хизматчиларни ва жойлардаги талабгорларни сафарбар қилиш мумкин бўлади.
Аксарият тожик экспертлари билдиришича, яқин ойларда чегарадан гуррос-гуррос бўлиб ўтиш эҳтимоли жуда кам – биринчидан, бугун толиблар Афғонистонда ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаш билан овора. Иккинчидан, толиблар мамлакатга инвестициялар жалб этиш учун ўзининг халқаро обрўсини мустаҳкамлашдан манфаатдор. Шунинг учун улар Афғонистон шимолида тўпланиб қолган марказий осиёлик экстремистларнинг чегарадан ёриб кириш борасидаги уринишларига тўсқинлик қилиши турган гап.
Шу билан бирга, толиблар Афғонистоннинг шимолидаги вилоятларини забт этишда кўмакчи бўлган жойлардаги иттифоқчиларидан воз кечиши даргумон. Шунинг учун экстремистлар мамлакатдаги базаларини толибларнинг умумий назорати остида сақлаб қолиш имкониятига эга бўлади. Уларга чегарада улкан қўпорувчилик қилишга рухсат этилмайди, лекин қўшни мамлакатларга нисбатан фитна қилишни бемалол давом эттириши мумкин. Шу маънода Тожикистондаги кўпчилик экспертлар тахмин этишича, Афғонистон “Толибон” режими даврида нафақат минтақада, қолаверса, ундан ташқарида ҳам экстремистик мафкурани тарқатишнинг янги марказига айланиб қолиши ҳеч гап эмас.
Нурали Давлатов: Толиблар раҳбарлигидаги Афғонистондан келиши мумкин бўлган таҳдидларни ҳисобга олиб, президент Раҳмон яқинда 20 минг захирадаги ҳарбий хизматчи сафарбар этилишини эълон қилди, улар хавф туғиладиган бўлса, чегараларни ҳимоя қилади.
Мен Тожикистоннинг чегара қўшинлари ва армияси шай ҳолатда турибди, деб айта оламан. Таҳдид пайдо бўладиган бўлса, Россия ва қатор қўшни мамлакатлар, эҳтимол Хитой ҳам Тожикистонга ҳарбий контингентини юборади.
Бироқ толиблар ҳокимиятга келиши билан яна бир жиддий хавф пайдо бўлди. Бу АҚШ билан НАТО қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилгандан сўнг ҳосил бўладиган онгнинг радикаллашувидир. Гап шундаки, экстремистлар ва радикаллар, модомики, толиблар дунёнинг энг кучли армияларини тор-мор этган экан, улар кураши давомида фойдаланган ғайриинсоний усуллардан ўрнак олса бўлади, деган хулосага келиши мумкин. Унутмаслик керакки, ҳозирги дунёда онгнинг радикаллашуви ХХ асрда бўлганидек, чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ва махфий адабиётни яширин тарқатиш билан эмас, интернет орқали тарқатилади, уни ҳар доим ҳам тўлиқ назорат қилиб бўлмайди.
Шерали Ризоён: Сўнгги 20 йилда Тожикистонда жануб йўналишидаги чегараларни мустаҳкамлаш бўйича бир қанча чоралар кўрилди. Тожикистон чегарачилари бир неча йил давомида ҳар йили чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ҳолатлари олдини олмоқда, аммо 2009 йилдан сўнг Афғонистон шимолий чегараларида чет эл жангарилари пайдо бўлиши билан у ерда вазият ўзгара бошлади ва Тожикистон ушбу масалага жиддий эътибор қаратадиган бўлди. Чет эллик жангариларнинг чегарадан ўтиб келиши эҳтимоли кам, чунки: 1) улар барчаси “Толибон” сингари ташқи кучларга қарам, яъни уларни минтақадаги ўйинчилар қўллаб-қувватламоқда ва ўша кучларнинг тегишли рухсатисиз бу ишга қўл уриши даргумон; 2) улар сони кўп эмас, аксарияти, оилали, бола-чақали бўлиб кетган; 3) Тожикистон қуролли кучлари жанубий йўналишдан бўлган таҳдидни қайтариш учун етарли салоҳиятга эга.
Афғонистондан радикал ғояларнинг Тожикистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларига кириб келишига келсак, қайд этиш лозимки, ЎИҲ ва “Жамоати Ансоруллоҳ” “Толибон”нинг келишувчан мавқеига асосланиб, минтақа ватандошларини ёллаш ҳаракатларини кучайтириши мумкин (ОАВ хабарига кўра, бу шу кунларда ҳам юз бермоқда), яъни бевосита таҳдид чиндир. Агар “Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни мустаҳкамлаб олса, бу мамлакат бошқа мамлакатлардан радикал кайфиятдаги кишилар эътиборини тортувчи марказга айланади ҳамда Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун муаммо ва таҳдидлар ортиб бораверади. Шунинг учун минтақа мамлакатлари, жумладан, асосий ўйинчилар ҳам Афғонистондаги воқеаларнинг ҳар қандай ривожланиш сценарийсига тайёр туриши зарур ва у ердан келаётган хавф ва таҳдидларни камайтириб ҳам, етарли даражада баҳоламай ҳам бўлмайди.